Кеча кечки пайт Тожикистон ва Қирғизистон чегарасида отишма юз берган. Вазиятга Тожикистон томонининг Боткен ва Исфара (Қирғизистон) шаҳарларини боғловчи йўлнинг бир қисмини тўсиб қўйгани сабаб бўлгани айтилмоқда.
Тожик чегарачилари эса, қирғизлар Тожикистон автомобилларига тош отишгани учун вазият кескинлашгани, қирғизлар биринчи бўлиб отишма бошлаганини, ўзлари эса фақат жавоб қайтарганини маълум қилишган, иккинчи томон эса аксинча айтмоқда.
Вазият кескинлашгач, икки давлат расмийлари баҳсли ҳудудга етиб бориб, музокара ўтказишган. Тожикистон ва Қирғизистон чегарасида казарма ҳолати эълон қилинган, Боткен вилоятининг бир қисми электр токисиз қолдирилган.
Тожикистон чегарага тожик хавфсизлик хизмати вакилларини, полиция ва армияни юборган.
Вазият жиддийлашишда давом этгач, ҳудудда яшовчи аҳолини эвакуация қилиш бошланган.
Тожикистонлик олти нафар ҳарбий жароҳатлангани айтилмоқда, бир киши қурбон бўлган.
Тез орада Қирғизистоннинг Боткен вилояти ва Тожикистоннинг Сўғд вилояти ҳокимларининг учрашуви бўлиб ўтиши кутилмоқда.
Ҳудудлар ўзаро тинчликка эриша олмагач, вазиятга КХШТ бош котиби муносабат билдириб, ўт очишни тезда тўхтатишга буйруқ берди. Маълум бўлишича, тожик томони ҳамон Қирғизистоннинг электр узатиш линияларига миномётлардан мақсадли ўқ узмоқда, вазият барқарорлашмаган.
Маълумот учун, мазкур ҳудуд баҳсли ҳисобланади, қирғиз-тожик чегарасидаги можаролар биринчиси эмас, аввалроқ Бишкекда ҳам икки давлат фуқаролари ўртасида отишма содир бўлган эди.
Ҳозирда вазиятга КХШТ аралашиб, иккала томонни тинч музокаралар йўли билан вазиятни юмшатишга чақирмоқда, КХШТ котиби бунинг учун ҳар қандай ёрдамга тайёрлигини маълум қилган.