Бизга мурожаат қилишларича, Зангиота юқумли касалликлар шифохонасида айни дақиқаларда энергия йўқлиги сабабли иссиқлик таъминоти издан чиққан. Сув ва иссиқлик йўқ, хоналар совуқ. Беморлар қалин кийимлар ва кўрпаларда ўраниб ўтиришига тўғри келмоқда.
Биз Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги мутасаддилар билан боғланиб, бунга ойдинлик киритдик. Rost24.uz га мутасаддилар жавоб беришди:
— Вазият юзасидан шуни маълум қиламизки, ҳозирда юртимиздаги барча тиббиёт муассасаларида, хусусан, улардаги реанимация бўлимларида, туғуруқ комплексларида ва коронавирусга ихтисослашган шифохоналарда электр таъминотида узилишларнинг олдини олишга қаратилган зарур чоралар кўрилмоқда.
Зангиота юқумли касалликлар шифохоналарида электр узлуксизлигини таъминлаш мақсадида дизель генераторлари ишлаб турибди.
Шу сабабли муассасанинг реанимация ва туғуруқ бўлимлари учун махсус UPS ва дизель электр манбаи ўрнатилган бўлиб, шифохонанинг электр таъминоти учун 24 соат навбатчилик ташкил этилган.
Бундан ташқари, бутун касалхона бўйлаб ҳар битта бўлимга UPS қурилмалари ўрнатилган.
Бу ҳудудда қачон энергия ва сув таъминоти тикланишини билиш учун Энергетика вазирлиги ахборот хизматига қилган қўнғироқларимиз бесамар кетди, улар шунчаки телефонни кўтаришмади.