Қарши давлат университетида ноқонуний кесилган дарахтлар учун собиқ вазирдан ҳам тушунтириш хати олиндими?
Ҳозирда Дилмурод Набиев ректорлик қилаётган ҚарДУ маъмурияти Экология қўмитасининг рад жавобларига қасдма-қасд соғлом дарахтларни кесиб ташлади.
Қарши давлат университетида кўплаб дарахтлар ноқонуний равишда кесиб ташлангани юзасидан Давлат экология қўмитаси расмий баёнот берди.
Қўмитага кўра, ўрганишлар давомида Қарши давлат университети томонидан Ягона давлат интерактив хизматлари портали орқали давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтларни кесиш учун уч маротаба мурожаат қилинган.
Ўз навбатида Қашқадарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан мазкур мурожаатларга рад жавоби берилган.
Шундан сўнг, бошқарманинг рад жавобига қарамасдан, жами 38 туп дарахтлар кесиб ташланган. Дарахтлар кесилишига унинг ўрнига арчалар экилиши сабаб қилиб кўрсатилган, Экология қўмитаси мазкур дарахтлар соғлом бўлганини таъкидлаган.
Мазкур қонунбузарлик ҳолати бўйича ўсимлик дунёсига 267 543 000 сўм миқдорида зарар етказилгани айтилмоқда.
Экология қўмитаси “ҳуқуқбузарликка алоқадор шахслардан тушунтириш хатлари олинганини” ва ишга оид материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилганини хабар қилган, аммо ҳуқуқбузарликка кимлар алоқадор эканлиги, бу юзасидан кимлар жавобгарликка тортилиши мумкинлиги ва бошқалар ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган.
Маълумот учун, ҳозирда Қарши давлат университети ректори бўлиб ишлаётган Дилмурод Хамидуллаевич Набиев 2021 йилда Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири лавозимидан озод этилган, бироз муддат ўтиб мазкур университетга ректор сифатида тайинланган эди.
Бундан олдин, Андижон вилояти перинатал марказида 12 туп дарахт кесиб ташлангани ҳақида хабар эълон қилинган эди.