Шаазим Миноваров: "Ироқда, Сурияда, қўшни давлатда нималар бўлганини кўриб, билиб туриб, наҳотки ана шундай тузумни орзу қилсалар?!"
Президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Шаазим Миноваров шариат билан бошқариладиган ислом давлатини орзу қиладиганлар учун расмий муносабат билан чиқди.
У билдирган расмий муносабатда шундай дейилади:
"Таассуф. Шу мамлакатнинг нонини еб, сувини ичиб, "Шариат билан бошқариладиган ислом давлати" орзусида юрганлар тўғрисида эшитсам, хафа бўлиб кетаман. Ироқда, Сурияда, қўшни давлатда нималар бўлганини кўриб, билиб туриб, наҳотки ана шундай тузумни орзу қилсалар?! Нима етишмаяпти? Ибодат қилма, деяптими биров? Рўза тутма, деяптими? Ҳаж қилма, умра қилма деяптими? "Гап" деган нарса, маросим одамлар ёзда деҳқончилик қилиб, қишда бекорчи бўлиб қолган замонларда пайдо бўлган. Ҳозир ким бекорчи? Нега оила бошлиғи топиб келган ва болалар тарбияси-таъминотига ишлатилиши керак бўлган маблағни "гаплар"га, дунёнинг аллақаерларидан олиб келинаётган қора либосларга ишлатиб, энг катта неъматимиз - тинчликка рахна солишни ўйлайдилар айрим юртдошларимиз? Бундай нарсаларга асло бефарқ бўлиш керак эмас. Ўранишда аввало қалб ўранади, нафс ўранади, момоларимиз, оналаримиз ўрагандек рўмол ўралади, ҳам ярашадиган, ҳам авратни ёпадиган миллий либосларга ўранилади. Динимизга, миллий ва диний одатларимизга риёни, бидъатни аралаштирмайлик! Юртимиздаги тинчликни асрайлик!", дея фикрини якунлаган Шаазим Миноваров.