Бугунги кунда барча телеканалларда миллий сериалларнинг сони кўпайганлигига гувоҳ бўлмоқдамиз. Тан олиш лозимки, айни пайтда нодавлат телеканаллари эфирига узатилаётган миллий сериалларнинг бадиий ва ғоявий мазмуни талаб даражасида эмаслиги кўзга ташланмоқда.
Бир қатор сериаллар сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда томошабинлар томонидан танқидий муҳокама этилганлиги фикримизнинг яққол далилидир.
Сериал жанр сифатида энди-энди оммалашиб бормоқда. Телеижодкорларимизда бу борада зарур тажриба ва кўникмалар ҳали тугал шаклланмаган десак, муболаға бўлмайди. Бунинг учун эса вақт, маблағ ва малакали кадрлар зарур. Шу боис соҳага Ҳукуматимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилиб, ушбу муаммоларни тизимли ҳал этиш бўйича салмоқли қадамлар қўйилди. Ўтган 2021 йилда Кинематография агентлиги томонидан давлат буюртмаси асосида телеканаллар билан ҳамкорликда шифокорларнинг захматли фаолиятига бағишланган “Нажоткорлар” (Зўр.Тв) ҳамда “Орзулар палатаси” (Севимли.Тв), маҳалла ҳаёти ва тадбиркорлик мавзусидаги “Қодирхон” (Менинг юртим), шунингдек, “Маҳалла”, “Тузоқ”, “Дард” ва “Алвидо болалик” сингари бошқа бир қатор сериаллар суратга олинди ва олинмоқда. Шу билан бир қаторда давлат буюртмаси асосида суратга олинган “Беҳбудий”, “Саид ва Саида”, “Авлоний”, “Қўқон шамоли”, “Сумбул” сингари ўнга яқин бадиий фильмларнинг сериал версиясини ҳам яратиб, барча телеканалларга бепул тақдим этилди. Лекин шуни алоҳида таъкидлашимиз лозимки, Агентлик томонидан амалга оширилган ишлар етарли эмаслигини сезмоқдамиз.
Кейинги кунларда ижтимоий тармоқларда баҳс-мунозараларга сабаб бўлган “Севимли” телеканалида намойиш этилаётган “Сабрия” сериали ҳақиқатдан ҳам бадиий ва мазмунан саёз . Бу режиссёрнинг дастлабки ишларидан бири эканлигига қарамасдан телеканал Бадиий кенгаши зарур даражада ўз таклиф, тавсия ва амалий ёрдам бермаганлиги маълум бўлди. Жамоатчилик ва телетомошабинларнинг бу сериалга нисбатан билдирилаётган танқидий фикрларини телеканали таъсисчилари ва ижодий жамоаси албатта инобатга олиб, зарур ташкилий чора-тадбирларни кўриши даркор.
Нодавлат телеканаллари эфирида узатилаётган ва томошабинлар томонидан танқид қилинаётган сериалларнинг асосий қисми хусусий продакшн студиялари томонидан ишлаб чиқилган. Келгусида мазкур студиялар билан ҳамкорликда ишлашимиз, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига аралашмасдан, аммо, суратга олинаётган кино маҳсулотларини бадиий ва ғоявий мазмунини баҳолайдиган махсус консултатив Бадиий кенгаш ташкил этиш зарурати яққол кўзга ташланди. Ушбу тавсиявий ҳарактерга эга Кенгашга кино санъати соҳасидаги малакали, етук ва профессионал мутахассислар жалб этилишини таклиф қиламан.
Ҳозирда кузатилаётган камчиликларни олдини олиш учун, биз бу жараёнда барча телеканаллар ва хусусий продакшн студиялар билан миллий сериаллар ишлаб чиқариш борасида ҳамкорликни янада кучайтириш, эндиликда сон эмас сериаллар сифатига алоҳида эътибор қаратамиз.
Энг муҳими, халқимизнинг маънавий эҳтиёжларини қондирадиган, бадиий мазмуни юқори, ғоявий жиҳатдан миллий манфаатларимизга жавоб берадиган сериалларни тайёрлаш бўйича махсус дастур лойиҳасини ишлаб чиқиб, Ҳукуматимизга киритиш асосий вазифамиз ҳисобланади.