Путиннинг ностальгияси Лукашенконинг таҳдиди: Марказий Осиё давлатлари хавф остидами?

11.01.2022 10:17

Собиқ СССР қулаганига 30 йил тўлибдики, Россия собиқ Совет давлатларини ўзиники эканлигини турли шаклларда билдириб келади.

Шунингдек, Путин СССР республикаларига “рус халқи томонидан берилган совғаларни” эслатиб ўтган эди. 

“Совет Иттифоқини ташкил этиш битимида ундан чиқиш ҳуқуқи ҳақида ёзилган, бироқ жараён ҳақида ҳеч нарса дейилмагани сабаб савол юзага келади: бирор-бир республика Совет Иттифоқи таркибига кирса, лекин Россиянинг улкан ерларига, Россиянинг тарихий ҳудудларига эга бўлиб, тўсатдан иттифоқ таркибидан чиқишга қарор қилса, ҳеч бўлмаганда қандай кирган бўлса, шундай чиқсин. Ўзи билан рус халқининг совғаларини олиб кетмасин”, деган эди Россия президенти.

«Қозоғистон ҳудуди Россиянинг катта совғаси»

Шу билан биргаликда, Россия ҳукумати Шимолий Қозоғистонни ўзиники, деб билади. Жумладан, Россия Федерацияси Давлат Думаси депутати Вячеслав Никонов телекўрсатув пайтида «Қозоғистон ҳудуди Россиянинг катта совғаси» деб айтганди.

“Қозоғистон шунчаки мавжуд бўлмаган. Шимолий Қозоғистонда умуман аҳоли йўқ эди. Улар фақат жанубда бўлган. Аслида, Қозоғистон ҳудуди Россия ва Совет Иттифоқининг совғасидир”, – деган россиялик депутат.

Захарованинг "тили"

Россия ташқи ишлар вазири расмий вакили Мария Захарова 2020 йилнинг майида Ўзбекистонда давлат тилида иш юритишни таъминламаганлик учун мансабдор шахсларга жавобгарлик белгиловчи қонун лойиҳасига ўйлаб-ўйламай кескин муносабат билдирган эди:

«Биз ушбу қонун лойиҳаси бўйича ОАВда давом этаётган мунозараларга эътибор қаратдик. Шундай таассурот уйғоняптики, ҳозирча ушбу қонун лойиҳаси тарафдорлари яққол озчиликни ташкил этади. Билдирилаётган фикрларнинг аксарияти рус тилининг расмий мулоқотда сақланиб қолиши муносабатларимизнинг тарихий руҳи ва замонавий сифатига, энг асосийси – кўпинча Россияда ўқиш ёки ишлаш учун танлов қилаётган кўп сонли Ўзбекистон фуқаролари манфаатларига тўла мос келишини кўрсатмоқда», деди М.Захарова.

Январь бошида Қозоғистонда рўй берган намойишлар фонида президент Қосим Жомарт Тўқаев сўровига биноан КХШТ кучларидан мамлакатдаги тартибсизликларни бостириш учун ёрдам сўради. Мана бир неча кундирки, Россия ҳарбийлари Қозоғистондаги маъмурий биноларни қўриқламоқда.

“Украинани қайтариб олиш учун ҳамма нарсани қиламиз”

Шу жараёнда дунё ОАВларида рус сиёсатчилари ва уларнинг ҳамкорлари томонидан манипуляция характеридаги хабарлар тарқалмоқда. Хусусан, Беларусь президенти Александр Лукашенко Қозоғистондаги вазиятдан, биринчи навбатда, Ўзбекистон сабоқ олиши кераклигига ишора қилган. Аввалроқ у ўз нутқида: "Бу йил давлатлардан иттифоқларга ўтиш йили бўлди. Биз биродарларимиз – Россия, Қозоғистон ва Украина билан бирлашишимиз керак. Украинани қайтариб олиш учун ҳамма нарсани қиламиз", дея таъкидлаган.

Воқеалар ривожида Думанинг МДҲ масалалари бўйича қўмита раиси Леонид Калашников Қозоғистондаги воқеалар фонида Ўзбекистон КХШТга қайтиши мумкинлигини айтди. 

"Ўзбекистон бир пайтлар КХШТдан чиққан эди, лекин у яна ташкилотга кириши мумкин. Улар ишониш мумкин бўлган ҳеч ким йўқлигини кўрганларидан кейин ташкилотга қайтишларига ишонаман", деган Калашников.

Кремль журналистлари талаби

Россиялик Кремлга яқин журналистлар Қозоғистон энди Россиянинг Қрим устидан суверенитетини тан олиши, рус тилини иккинчи давлат тилига айлантириши, Қозоғистоннинг русийзабон вилоятларига мухторият бериши кераклигини билдирмоқда.

Путин Қозоғистондаги КХШТ кучлари ҳақида гапирар экан ҳарбийлар қачон керак бўлса шунда чиқиб кетишини айтган. КХШТ таркибидаги россиялик ҳарбийларга икки чечен уруши ва Қримнинг “аннексия қилиниши" иштирокчиси, ҳаво-десант кучлари қўмондони Сердюков бошчилик қилмоқда.

Ҳозирда Украина, Беларусь Молдова, Грузия, Арманистон, Озарбайжон, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистонда Россиянинг у ёки бу шаклда ҳарбий кучлари мавжуд. Ўзбекистон ва Туркманистон ҳудуди бундан мустасно.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
6
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
12.01.2022 20:08
Украина деганда нимани назарда тутдинглар. Кримними. Крим россияники. Россияники. Агар елкада ковок булмаса тан олиш жуда осон.
11.01.2022 19:23
Иииғи
11.01.2022 16:42
Биз узбек, узи бек, Энди хушйор болиш КК, хассани иккинчи бор йокотиш КК эмас.