Журналистлар ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров Rost24.uzнинг "Йил танлови" бўйича саволларига жавоб берди.
– Журналистлар ижодий уюшмаси раиси 2021 йилнинг “Йил одами”деб кимни эътироф эта олади?
– Мен “Йил одами” сифатида оғир атлетика бўйича жаҳон чемпиони Руслан Нуриддиновни кўрсатмоқчиман. Чунки хабарингиз бор Руслан Нуриддинов олимпиада чемпиони бўлган. Лекин уни допинг истеъмол қилганликда айбланиб олимпиададаги олтин медаллари ва ғолиблиги олиб қўйилган эди. Тарихда бунақа спортчилар кўп бўлган ва уларнинг ҳаммаси мана шу жараёндан кейин синган. Лекин Руслан Нуриддинов синмади ва ўзининг шу пайтгача олимпиадада ва жаҳон чемпионатларида ўрнатган рекордларини янгилаб янги жаҳон рекордини ўрнатиб жаҳон чемпиони бўлди.
– 2021 йилда энг яхши, намунали ишлаган вазирлик сифатида қайси вазирликни айта оласиз?
– Айнан Адлия вазирлигида бу йўналишда силжишлар борлигини ва журналистлар билан очиқлигини назарда тутиб Руслан Давлетов номзодига тўхталмоқчиман. Шунингдек, яна бир вазирлик ҳақида ҳам ижобий фикрим мавжуд. Бу Туризм ва спорт вазирлиги вазири Азиз Абдуҳакимов. Айниқса, сўнгги пайтларда журналистлар билан боғлиқ жуда ҳам фаол ҳаракатни амалга оширмоқда. Масалан Журналистлар уюшмаси билан ҳамкорликда журналистлар учун “Янги йилга спорт билан” номли акция доирасида шахмат мусобақаси, бадминтон мусобақаларини ташкил этиб берди ва журналистларга бошқача бир кайфият улашди. Журналистлар билан боғлиқ пресс-турлар ташкил этиляпти ва шунинг учун бу вазирлик фаолиятини ҳам ижобий баҳолайман.
– 2021 йил сайлов жараёнлари билан анча ажралиб турди. Айнан мана шу жараёнда, умуман 2021 йилда энг фаол сиёсий партия етакчиси ким бўлди, сизнингча?
– Албатта, менинг бу танловимга кўпчилик қўшилмайди. Лекин бу менинг шахсий ва субъектив фикрим. Буни масалан, “Йил одами” сифатида кўрсатишга маълум маънода асосларим бор эди. Миллий тикланиш партиясининг раҳбари Алишер Қодиров. Жуда кўп қовун туширади. Лекин "қовун"ларини ҳам таҳлил қилиб кўришимиз керак. Бекорга эмас ва бежиз эмас ўша қовунлар. Энг муҳими ўзининг аниқ позицияси мавжудлиги, ўзининг аниқ характери айнан партиянинг мақсад-вазифаларига мослиги нуқтаи назаридан ва фаоллиги нуқтаи назаридан мен Алишер Қодировни энг яхши партия етакчиси сифатида эътироф этаман. Ҳар тугул матбуот билан очиқлиги ва журналистларнинг саволига жавоб бера олиши, масалан “Сайлов-2021” жараёнида ҳам ягона интервью берган партия лидери сифатида Алишер Қодировни кўрдим.
– 2021 йилда энг яхши ишлаган вилоят ҳокими ким, сизнингча?
– Журналистлар билан ҳамкорлик ва очиқликни таъминлаган вилоят ҳокими сифатида Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов номзодини айтмоқчиман. Бир мунча муддат аввал Самарқанд вилоятига бир гуруҳ журналистларнинг пресс-турини ташкил қилиб, вилоятда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан таништиришга ҳаракат қилдик. Журналистлар Самарқандга ташриф буюрганидан хабардор бўлган Эркинжон Турдимовнинг ўзи келиб бизнинг йўналишимизга қўшилди ва журналистларга гидлик вазифасини ҳам бажарди-да вилоятда қилинаётган ишларни кўрсатди. Бу жараёнда журналистлар томонидан жуда аччиқ-чучук савволлар, оғир саволар кўп бўлди. Лекин ҳеч оғринмасдан, журналистларга ўзининг тушунчаларини, маълумотларини берди.
– Журналистлар ижодий уюшмаси раиси ижтимоий тармоқлардаги блогларни ҳам кузатиб борадими? Улардан энг намуналиси қайси?
– “Микрофон кўтарган аёл” блогини юритаётган Азиза Қурбонова. Сабаби Азизахон бу блогни юритаётганига эндигина бир йил бўлди. Лекин етакчи блогерлар қаторига чиқди. Мен яқинда статистикаси билан танишдим. У блогерлар орасида, ижтимоий тармоқларда 6 ўринда турибди. Жуда ҳам яхши аудиторияга эга бўлди. Энг муҳими Азизанинг ёндашувида инсон қалби бор.