Олий суд томонидан 120 нафар босмачиликда айбланган аждодларимиз оқланди

07.01.2022 09:14

"Қатағон қурбонлари хотираси" музейи катта илмий ходими Баҳром Ирзаев бу оқловлар яна давом этиши, бу ҳали бошланиши эканлигини таъкидламоқда.

Кеча Ўзбекистон Республикаси Олий судида 120 нафар босмачиликда айбланган аждодларимиз иши кўриб чиқилди. Олий судга 2021 йил декабрь ойида 120 нафар шахсга нисбатан 6 та жиноят иши келиб тушган эди.

Ушбу аждодларимиз Марказий Осиёдаги бирлашган давлат сиёсий бошқармаси (БДСБ), унинг қошидаги Учлик кенгаши ҳамда Россия Федератив Совет социалистик Республикаси Олий инқилобий трибунали Туркистон Совет республикаси Олий инқилобий трибунали томонидан айбли деб топилган.

Уларга нисбатан келиб тушган 6 та жиноят иши қуйидагилар:

1. Хорижий мамлакатлар ёки ижтимоий гуруҳлар фойдасига оғиш айби билан - Мирза Ибрагимов Мир Ашур ва бошқалар (жами 43 киши);

2. Бандитизм айби билан - Аппах Ходжа Асқар Ходжаев ва бошқалар (жами 40 киши);

3. Аксилинқилобий, махфий ташкилотни тузганлиги ҳамда совет давлатига қарши қуролли қаршилик ҳаракатларида иштирок этганлиги учун - Абдураҳимов Мирза Ходжа ва бошқалар (жами 15 киши);

4. Учлик кенгашининг 1930 йил 25 январидаги баёнига кўра 5 киши;

5. Худди шу айб билан Ўрта Осиёдан сургун қилинган ва мол мулки мусодара қилинган - Сафарон Тоғай Амин ва бошқалар (жами 12 киши);

6.Шариф Ходжаев Садриддин Хон ва бошқалар (5 киши).

2022 йил 6 январь куни ушбу жиноят ишлари Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов раислигида ўтказилган очиқ суд мажлисларида кўриб чиқилиб, келтирилган протестлар қаноатлантирилди ва Жиноят процессуал кодексининг 83-моддасига асосан оқланди.

Бу аждодларимиздан авлоди Муқаддас Раҳматова, Муҳаммад Ниёз ўғли Рустамбек бобо невараси. Бу инсон жуда ҳам хурсандлиги, мана неча аср вақт ўтса ҳам бобоси оқланганлигидан миннатдор эканлигини бот-бот такрорлади.

"Бобомни жуда ҳам қийнашган. У инсон зиёли эди, мадрасаларда дарс берар эди. Лекин бари бир ҳам шўро тузумининг ўлжасига айланган", деди М.Раҳматова.

"Қатағон қурбонлари хотираси" музейи катта илмий ходими Баҳром Ирзаев тарихчи сифатида бу оқлов жараёни яна давом этишини, кейинги сафар камида 300 нафар аждодларимизни оқланишини таъкидлади.

"Бухоро амирининг куёви, амакилари, додхоҳлар, энг йирик уламолар ҳозирги оқланаётганлар таркибида эди. Ҳаммаси амирнинг ёнида бўлган. Уларни ким душман сифатида йўқ қилди, бу шўро тузуми. Бухорони ривожланишини хоҳламаганлари учун бу ишни амалга оширишган. Судда бу нарсалар бўҳтон йўли билан бўлганлиги тасдиқланди. Уларда ҳеч қандай жиноят аломати йўқ дейишди. Уларнинг авлоди қириб ташланган ўша вақти. Ҳозир биз топа олишимиз жуда мураккаб. Катта хонадонлардан юз йил ўтиб биронта авлодини тополмаслик бу фожиа. Августда 115 нафар, ҳозир 120 нафар аждодимиз оқланди. Ҳали бу бошланиши. Қўқон хони авлодлари, Хива хонлиги авлодлари бор. Биз варақни энди очдик. Уларнинг барчасини оқлаймиз", дея фикрини якунлади тарихчи Баҳром Ирзаев.

Йиллар давомида юзага чиқмай келган ҳақиқатларнинг барчаси очиқланмоқда...

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
5
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар