Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан Бухоро амирининг амакиси, куёви ва таниқли додхоҳларнинг оқланиши кутилмоқда.
Туркистон эли мустақиллиги учун жонини берган миллатпарварларимизнинг яна 120 нафари оқланиши мумкин. Суд жорий йилнинг 6 январь санасида бўлиб ўтади.
Бу ҳақида тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Баҳром Ирзаев маълум қилди.
“Таниқли уламо муфти Садриддинхон Шарифхўжаев, Мирзо Иброҳим мирохўр Исмоилов раҳбарлигида 40 дан ортиқ Бухоро амирининг амакиси, куёви, таниқли додхоҳлар, собиқ ҳарбийлар, қози ва уламолар, Муҳаммад Сиддиқ Мансурбеков (Сағир бойвачча) каби фарғоналик, Тоғай Амин Сафаров, Дўстёр живачи Мўминов, Раҳматулла Бекбўтаев каби қашқадарёлик боболаримиз жами, 120 нафардан ортиқ миллат, дин ва Ватан эрки йўлида советларга қарши кураш бошлаб, шўро қатағонига учраган юртдошларимиз ҳам оқланмоқда.
Ишонаманки, бу борадаги ишларимиз яна давом этади. Тез вақтда юрт озодлиги учун енг шимариб жангга кирган ва шу йўлда жонини тиккан барча ватандошларимизнинг энг сўнгги вакилигача оқланади”, дейди Баҳром Ирзаев.
Тарихчи Баҳром Ирзаев босмачи номини олган миллатпарвар аждодларимизнинг яқинлари ёки улар ҳақида маълумотга эга кишиларни унга мурожаат қилишларини сўрамоқда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 25 август санасида Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан Носирхонтўра Камолхонтўра ўғли ва Иброҳимбек Лақайлардан бошлаб 115 нафар ватандошимиз оқланган эди.
Ушбу суд жараёнларини rost24.uz нашри онлайн кузатиб, ахборот узатиб борган.