Самарқанддаги носоз туннел бўйича Самарқанд шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати муносабат билдирди. Унинг айтишича, туннел ҳали тўлиқ фойдаланишга топширилмаган.
Ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳрида фойдаланишга топширилганига бир неча кунгина бўлган туннел деворларидан сув отилиб чиқаётгани акс этган видео тарқалди.
"Ўзбекистон24" телеканали орқали 31 декабрь куни тасвирга узатилган “ИНСОН ҚАДРИ УЧУН” деб бошланувчи лавҳада ''Режа бўйича 3 йилда қурилиши лозим бўлган туннел 1,5 йил ичида, 1 йил ичида қурилиши лозим бўлган галерия типидаги йўл ўтказгичи эса олти ой ичида фойдаланишга топширилишига эришилди.'' дея таъкидланган эди.
Аммо Rost24.uz сайти боғланган Самарқанд шаҳар матбуот котибининг айтишича, “Кўприкнинг вақтинча очилишига сабаб Самарқанд шаҳрида тирбандликнинг кучлилиги ва фақат автомобилларнинг қатнов қисми очилган, халос. Январь ойи якунигача кўприкнинг қурилиш ишлари тўлиқ якунланади ва кейин фойдаланишга топширилади. Шунингдек, сув ўтишининг кўприкка ҳеч қандай зарари йўқ. Сабаби кўприкдаги ариқ йўллари тўлиқ ишга тушмаган. Қурилиш мутахассислари ҳам айтди буни. Кўприкнинг тепасидан бир томчи ҳам сув томгани йўқ. Фақат кафелларнинг орасидан сизиб чиқяпти.”
Шу ўринда савол туғилади у ҳолда ҳали тўлиқ қуриб битказилмаган кўприк ва туннелнинг қалбаки “очилиш маросими” кимга керак бўлиб қолди?
Маълум бўлишича, қурилиш «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ «Кўприкқурилиш» трести УК томонидан амалга оширилган. Кўприк лойиҳа умумий қиймати 143 млрд сўм( тахм. 14 млн доллар) бўлиб, қурилиш объектининг параметрлари қуйидагича:
-йўл ўтказгич узунлиги 1 км,
-баландлиги 5,8 метр,
-кенглиги 26,4 метр,
-ёпиқ қисмининг узунлиги 120 метр.
Очилиш маросими ҳақидаги лавҳада Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоси Фармон Тошев ҳам кўприк ҳақидаги фикрларини айтар экан “Ҳар битта қилинаётган нарса (қурилиш) бу ИНСОННИНГ ҚАДРИ УЧУН”, дея таъкидлаган эди.
Бундан ташқари лойиҳа координатори Бобур Элмуродовнинг айтишича, "…кўприкдаги қувурларнинг сув ўтказиш диаметри 50 куб\с ни ташкил қилади ва бу ҳам “ИНСОН ҚАДРИ УЧУН!”