Қашқадарёдаги чигит можароси аслида қандай бошланган? ИККИНЧИ ТАРАФ ФИКРИ

04.01.2022 11:33

Ижтимоий тармоқлар ва айрим сайтларда Қашқадарё вилоят ва Каттақўрғон шаҳар ўртасидаги чигит можароси каттагина шов-шувларни юзага келтирди.

Самарқанд вилоят Каттақўрғон шаҳри ҳокими, сенатор Гавҳар Алимова томонидан айтилган фикрлар ҳам ижтимоий тармоқларда анчагина ҳамда турли муҳокамаларга сабаб бўлди. 

АММО иккинчи тараф фикрлари ҳеч кимни қизиқтирмади.

Rost24.uz ахборот сайти бу масала бўйича иккинчи тараф сифатида Қашқадарё вилоят ҳокимлигидан муносабат сўради.

Қашқадарё вилоят ҳокимлиги Матбуот хизмати ушбу тортишувларнинг бошланиши ва келиб чиқиши ҳақида қуйидагиларни билдирди:

“2022 йилнинг 3 январь куни ижтимоий тармоқларда тарқаган чигит масаласи вилоят ҳокимлиги томонидан атрофлича ўрганиб чиқилди.

Ҳақиқатдан ҳам 2021 йил 28 декабрь куни Чироқчи туманидаги “Умакай” постида Йўл ҳаракат хавфсизлиги ходимлари томонидан чигит маҳсулоти ортилган 3 та юк транспорт воситалари тўхтатилган.

Ички ишлар ходимларига ўзини чигитни олиб кетаётган корхона экспедитори деб таништирган Комил исмли шахс қоғоз шаклидаги соф вазни 94 тонна чигит маҳсулотини “OQ SAROY KLASTER” МЧЖдан “MAROQAND GOLD OIL EKSTRAKSIYA” МЧЖга жўнатилганлиги ҳақида қўлда ёзилган (QR кодга эга бўлмаган) юк хатини тақдим қилган.

Лекин, тақдим этилган ҳужжатлар орасида электрон ҳисобварақ-фактура, биржа савдосидан ютиб олганлиги тўғрисида электрон “Тикет”, шартнома ва ишончнома бўлмаган.

Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 14.08.2020 йилдаги 489-сон қарори 2-иловаси 67-бандида, “Товарлар транспорт воситасида ташилганда электрон шаклда расмийлаштирилган ҳисобварақ-фактура QR кодга эга бўлган электрон тарзда ёки қоғоз нусхаси чоп этилган ҳолда ташувчига тақдим этилиши белгиланган.

“MAROQAND GOLD OIL EKSTRAKSIYA” МЧЖ олиб кетаётган чигит маҳсулоти бўйича QR кодга эга бўлган ҳисобварақ-фактура бўлмаганлиги ва тақдим этилган ҳужжатларда шубҳа туғилганлиги сабабли 3 та юк транспорт воситаларидаги чигит маҳсулотлари вақтинча сақловга олинган.

Шундан сўнг, “MAROQAND GOLD OIL EKSTRAKSIYA” МЧЖ ходимлари қачонки ички ишлар ходимлари юкни тўхтатиб ўрганишни бошлаганидан 1 суткадан сўнг яъни 29 декабрь куни соат 17-31 да “OQ SAROY KLASTER” МЧЖ томонидан расмийлаштирилиб, “MAROQAND GOLD OIL EKSTRAKSIYA” МЧЖга 98,3 тонна чигит юборилгани, лекин сотиб олувчи томонидан ҳанузгача электрон имзо билан тасдиқланмаган электрон ҳисобварақ-фактурасининг қоғоз нусхасини тақдим этган.

Республикамизда Солиқ қонунчилиги такомиллашиб, Вазирлар Маҳкамасининг 14.08.2020 йилдаги 489-сон қарори билан Давлат солиқ қўмитасида қўшилган қиймат солиғидан қочишнинг олдини олиш ва тўғри ҳисоблаш учун электрон ҳисобварақ-фактураларнинг ахборот тизими яратилган. Яъни, ҳар бир солиқ тўловчи сотилган товарни харидорга жўнатишдан аввал электрон ахборот тизими орқали электрон ҳисобварақ-фактура расмийлаштириши, олувчи ҳам электрон имзо билан қабул қилганлигини тасдиқлаши лозим. Бу ҳисобварақ-фактуралар Давлат солиқ қўмитасидаги электрон ҳисобварақ-фактураларнинг ахборот тизимида шаклланади ва қўшилган қиймат солиғи ҳисоблаш учун асос бўлади.

(Электрон ҳисобварақ-фактурасисиз, қўлда ёзилган қоғоз юк хати билан товарларни реализация қилиш шубҳали бўлиб, юк хати фақатгина ортилган товарнинг йўлдаги текширувлари учунгина фойдаланилиб, кейинчалик йўқотилиши орқали солиқдан қочиш эҳтимоли катта)

Ҳозирда вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан “MAROQAND GOLD OIL EKSTRAKSIYA” МЧЖнинг “OQ SAROY KLASTER” МЧЖдан электрон ҳисобварақ-фактураси расмийлаштирилмасдан чигит маҳсулоти олиб кетилганлиги юзасидан тезкор ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда.

Тезкор қидирув тадбирлари ошкора ва ноошкора усулларда ўтказилганлиги сабабли айрим ҳолатлар ошкор этилмайди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
3
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
07.01.2022 22:25
Самарканд билан кашкадаре бошка бошка рес публикани вилоятларими. Иккалови хам битта давлатдаки. Мен аник биламан тепадагиларни 99% амалга пора билан утирган. Буни оддий халк билади. Булмаса бунака ахмокгарчилик булмасди.
04.01.2022 17:00
Иккинчи тарафнинг фикри қани?