Мутасаддилар қандай чора кўришган?
Талабаларнинг таътили яқин, бу вақтда бир ҳудуддан бошқаларига бориш учун транспорт хизматларига талаб ошади. Хусусий таксилар нархи ҳам кўтарилади.
Ижтимоий тармоқларда бўлган муҳокамаларда қайд этилишича, Афросиёб поездига http://e-ticket.railway.uz сайтидан чипта сотиб олишда бироз узилишлар бўлган.
"Сотувда ҳаммаси бор нечта жой қолганини ҳам кўрсатаяпти, лекин пул тўлашга келганда сайтдан чиқариб юбормоқда", - дейди мурожаатчи.
Бунга жавобан фикр билдирганларнинг қайд этишича, бугунгача сотиб олганлар бундай муаммога дуч келишмаган.
Биз ҳам буни ўрганиш учун онлайн чипта сотиб олмоқчи бўлдик ва ҳақиқатдан ҳам сотиб олишда тўлов тизимига ўтилганда узилиш рўй берди. Жойлар борлигини кўриб, тўловгача бўлган маълумотларни бемалол тўлдирдик, «Потвердить заказ» тугмачаси эса ишламади.
Кейин, бошқа усулдан фойдаландик ва аввал шахсий кабинетга кириб, кейин билет танланганда билет олишда муаммо бўлмади.
Байрам арафасида транспорт вазирлиги қандай имкониятлар яратиш устида ишлаяпти? Қўшимча рейслар қўйилаяптими?
Шу савол билан Транспорт вазирлиги ахборот хизматига мурожаат қилганимиздан сўнг, Наврўз Ашурматовнинг берган жавобига қараганда барча транспорт турларида қўшимча хизматлар тақдим этилиши назарда тутилган.
Поездда кетмоқчи бўлганлар учун:
“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ – 2021 йил 27 декабрдан 2022 йил 9 январгача “Тошкент-Бухоро-Тошкент” йўналишида 770/769-сонли “Afrosiyob” замонавий поездларининг қатновини йўлга қўяди.
Ҳозиргача фақат ҳафтанинг жума, шанба ва якшанба кунлари соат 09:02 да Тошкент марказий темир йўл вокзалидан ҳаракатини амалга ошириб келаётган 770-сонли “Afrosiyob” замонавий поезди, 27 декабрдан 2022 йил 9 январгача ҳар куни соат 09:02 да “Тошкент-Бухоро” йўналишида қатновини амалга оширади.
Шунингдек, 769-сонли “Afrosiyob” замонавий поезди ҳам 27 декабрдан 2022 йил 9 январгача ҳар куни соат 15:02 да “Бухоро-Тошкент” йўналишида қатновини амалга оширади.
Ушбу поездлар Самарқанд, Навоий темир йўл вокзалларида ҳам тўхтаб ўтади.
Бундан ташқари байрам кунлари барча йўловчи поездларга қўшимча вагонлар ҳам уланади.
Самолётда кетмоқчи бўлганлар учун:
Uzbekistan Airways янги йил арафасида – 2021 йилнинг 29 декабридан 31 декабрига қадар Тошкентдан Нукус, Урганч ва Бухоро шаҳарларига қўшимча қатновларни йўлга қўяди.
Нархлар нисбатан арзон бўлган автобусларда кетмоқчи бўлганларга:
Янги йил байрамида йўловчилар оқимидан келиб чиққан ҳолда Тошкент автовокзалидан йўналишлар бўйича қўшимча автобуслар ажратилмоқда.
Талабалар учун алоҳида чиптахона:
"Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий Университети асосий биносининг биринчи қаватида чиптахона ташкил қилинди", – дейди Ашурматов.
Rost24 мухбирлари бу имкониятлар ҳақиқатдан ҳам йўловчиларга енгиллик яратяптими ёки фақат эълонлару, маълумотларда улар акс этганми ўрганиб, тез орада репортажларни эътиборингизга ҳавола этади.