Адлия вазирлиги: "Олмос" дам олиш маскани тўғрисидаги маълумотлар очиқланган!
Адлия вазирлигига тегишли “Олмос” дам олиш маскани ҳақидаги маълумот вазирлик расмий веб-сайтида ва Очиқ маълумотлар порталида акс эттирилмаганлиги тўғрисида тарқалган хабарлар юзасидан Адлия вазирлиги қуйидагиларни маълум қилади.
Биринчидан, Президентнинг 2021 йил 16 июндаги ПФ-6247-сон Фармони билан Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати тасдиқланган.
Ушбу рўйхатнинг 8-бандида устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар ҳамда давлат унитар корхоналари рўйхати, давлат номидан акциядор функцияларини амалга ошираётган ташкилот, корхона ҳудуди, СТИР, давлат улуши тўғрисидаги маълумотлар Очиқ маълумотлар порталига жойлаштириш кераклиги белгиланган.
Бироқ, бу мажбурият Адлия вазирлигига эмас, балки Давлат активларини бошқариш агентлигига юклатилган.
Шунингдек, 8-бандда маълумотлар расмий веб-сайтда жойлаштирилиши кераклиги тўғрисида талаб мавжуд эмас. Яъни юқоридаги маълумотлар фақатгина Очиқ маълумотлар порталида кўрсатилиши кераклиги айтилган.
Бошқача айтганда, ушбу ҳолатда Вазирликни маълумотларни очиқламасликда, яъни дам олиш маскани тўғрисидаги маълумотларни Очиқ маълумотлар порталида ёки веб-сайтда жойлаштирмасликда айблаш ноўрин.
Иккинчидан, Адлия вазирлигига маълумотларни очиқлаб расмий веб-сайтда акс эттириш белгиланмаган бўлса-да, вазирлик ушбу маълумотларни очиқлаган.
Хусусан, Конвенцион марказ ДУКга оид тўлиқ маълумотлар Адлия вазирлигининг расмий сайтига жойлаштирилган (2021 йил 20 октябр).
Учинчидан, ушбу маскан тўғрисидаги маълумотлар Тошкент вилоят адлия бошқармаси томонидан 2021 йил 29 октябрь куни хат билан Давлат активларини бошқариш агентлиги Тошкент вилояти бошқармасига тақдим этилган.
Шу сабабли, ушбу маълумотлар Очиқ маълумотлар порталида мавжуд ёки мавжуд эмаслиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги ушбу маълумотларни порталга қўйган ёки қўймаганлиги бўйича Вазирлик маълумотга эга эмас.
Маълумот учун: Фармон ижросини таъминлаш мақсадида адлия вазирининг 2021 йил 6 июлдаги 203-ум-сон буйруғи қабул қилинган. Ҳужжатга илова тарзда зарурий ахборотлар билан таъминлаш, доимий маълумотларни ўз вақтида жойлаштириш, уларни доим янгиланиб бориш учун масъул ходимлар бириктирилган.
Вазирлик расмий сайтининг “Бюджет тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ очиқ маълумотлар” бўлинмасида Фармон талабларидан келиб чиқиб, жойлаштирилиши лозим бўлган барча маълумотлар акс эттирилган.
Эслатиб ўтамиз, Rost24.uz сайти томонидан “Адлия вазирлиги айрим очиқ бўлиши керак бўлган маълумотларни очиқламаган” номли мақола эълон қилинган эди.