Вазир Сардор Умрзоқов аслида ўз вазифаси ҳисобланган ишни бошқаларга ағдармоқда

22.12.2021 15:17

Ёхуд амалдорлар ўз зиммасидаги эплай олмаган вазифаларни бошқаларга ағдаришни одат тусига киритдими?

Инвестиция вазири Сардор Умрзоқов сохта инвестициялар учун жавобгарликни бўйнига олмаяпти

Бир қанча лавозимлар эгаси ҳамда Инвестиция ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов Тошкент шаҳри ва бошқа ҳудудлардаги омадсиз инвестициялар учун жавобгарликни бўйнига олмади. 

Тошкент шаҳридаги бир қанча йирик объектлар бир, икки ой аввал хорижда рўйхатдан ўтиб очилган инвесторларга (фирмаларга) топшириб юборилмоқда. Шу вақтгача бу қўштирноқ ичидаги инвесторларни жалб қилиш амалиёти учун ҳеч ким жавобгар, деб топилмади.

Rost24.uz мухбири айни масала юзасидан инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқовга мурожаат қилди.

Суҳбат қуйидагича кечди:

– Айрим инвестициялардан коррупциянинг ҳиди келяпти, йирик-йирик объектлар хориж фирмаларга 0 қийматда сотиляпти. Лекин, журналистлар суриштирувларидан кейин ўша фирмалар чет элда бир ой олдин очилган бўлиб чиқмоқда? Нима учун сохта инвесторларни жалб қилиш кучайиб кетмоқда? Бу инвестиция жалб қилишда коррупция кучайганидан далолат эмасми?

– Энди уни албатта, тегишли органлар текшириши керак, кўриш керак, уни ким сотяпти аукционда? Уни албатта кўтариш керак. У саволларингизни кўпроқ аукцион ўтказадиган одамларга беринг”, – дея жавоб қайтарди Сардор Умрзоқов.

Агар Ғофур Ғулом боғи, Чорсу меҳмонхонаси каби давлат аҳамиятидаги йирик инвестицион лойиҳалар учун жавобгарлик Инвестиция ва ташқи савдо вазирлигига тегишли бўлмаса, кимга тегишли?

«Инвестиция ва ташқи савдо соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент Фармонида эса вазирликнинг вазифалари қаторидан Давлат тараққиёт дастури ва инвестиция дастурини, шунингдек соҳавий ва ҳудудий инвестиция дастурларини ишлаб чиқишни мувофиқлаштириш ҳамда самарали амалга оширишни таъминлаш бўйича давлатнинг ягона инвестиция сиёсатини ҳаётга татбиқ этиш ҳам жой олган.

Лекин, шунга қарамасдан вазир Сардор Умрзоқов сохта инвесторлар учун жавобгар эмаслигини маълум қилмоқда. Аниқроғи у «бу саволни аукцион ўтказган одамларга беринг», дея масъулиятни, жавобгарликни бошқаларга ағдармоқда. Пойтахт ҳудудига жалб этилган сохта инвесторлар мамлакат миқёсидаги инвестициялар оқимига таъсир этиши табиий. Аммо, бу муаммо вазир учун муҳим эмасдек.

Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги билан бирга ҳар бир вилоят ва туман ҳокимлиги бошқарувида ҳокимларнинг инвестиция бўйича ўринбосарлари мавжуд. Бир масала бўйича бир нечта органлар шуғулланади. Бироқ, шунга қарамасдан тармоқдаги муаммоларга жавобгарлар топилмаяпти. Балки, айнан бир-бирини такрорловчи органларнинг кўплиги ҳам масъулиятсизликка олиб келар.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
22
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
27.10.2022 12:41
Ассалому алайкум. Мурожаатларни куриб чикувчилар диққатига... Узбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Миромоновичга. Узбекистон Республикаси Президенти Администрация Рахбари Сардор Умрзоковга. Мурожаатларни, таклифларни куриб чикувчилар диққатига. Мен Юлдашев Ахтам Авазович Кашкадарё вилояти Муборак тумани Истиклол МФЙ да 2010- 2016-йилгача 540 га Якин наьмунали уйлари курилган ва Президент Карорида томоркадан фойдаланиш максадида келажагимиз учун яшил худудларни ташкил килиш максадида экилган экинлар шу кунгача Муборакнефтгаз сув таьминоти техник сув Билан таьминланиб келаётган эди. Шу йил Муборакнефтгаз сув таьминоти техник сув берилмагани окибатида аномал иссикда экинлар ва куп дарахтлар нобуд булаяпти? Туман Хокими ва Махалла Раисаси Халкни алдашдан чарчамайди эртага артизан урамиз деб курук ваьдани беришади. Хурматли! Узбекистон Республикаси Президенти Администрация Рахбари Сардор Умрзоков илтимос биз ахолига икки дона 300-400 метр чукурликдан артизан уриб берилишида амалий ёрдам беринг.