Тошкент ёшлар форумида спикер сифатида қатнашган Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусановга Mehnat.uz сайтида эълон қилинган вакансияларнинг аксарияти ишламаслиги бўйича эътироз билдирилди.
– Mehnat.uz сайтида маълум ташкилот ёки корхонада мавжуд бўш ўринлар ҳақида маълумот бериб борилади. У ёки бу корхонага бориб ишга жойлашиш учун Бандликка кўмаклашиш марказидан йўлланма олиш керак. Йўлланма билан борган одамни асоссиз қайтаришга корхонанинг ҳаққи йўқ, – деди бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири.
Ходимларни ишдан ташқари вақтда ишга жалб қилиш бўйича саволга Нозим Ҳусанов шундай жавоб берди:
– Иш вақти тугагач, ходим уйига кетиши мумкин. Ҳеч қайси раҳбар ходимларни меҳнат шартномасида белгиланган вақтдан ташқари ишлатишга ҳақли эмас. Ярим тунгача ишлаш ҳолатларини суратга олиб, ижтимоий тармоқларга жойлаётган блогерларга раҳмат-улар бизнинг ишимизга ёрдам беришмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Rost24.uzда ҳам ярим тунгача ишлаётган идоралар суратлари эълон қилинган эди.