Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент метрополитенидан фойдаланиш қоидаларини ҳамда Тошкент метрополитени фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Унга кўра, метрополитен иш вақтлари тўғрисида ҳар бир бекатнинг кириш эшиклари олдида маълумот берилади.
Метрополитенда йўловчи ва унинг қўл юкини ташиш шартномаси тузилганлиги йўл чиптаси билан тасдиқланади.
Метрополитеннинг барча ҳудудларида қуйидагилар тақиқланади:
– парапетлар, тўсиқлар устига чиқиш, шунингдек, улар устидан сакраб (ошиб) ўтиш;
– спиртли ичимликлар, психотроп ва гиёҳванд воситаларни истеъмол қилиш, маст ҳолда кириш;
– чекиш ва қиздириладиган тамаки, электрон сигареталарни истеъмол қилиш воситаларидан фойдаланиш;
– метрополитен ҳудудида ва вагонларда очиқ олов, пиротехника воситаларидан (фейерверклар, петардалар ва бошқалар) фойдаланиш;
– метрополитен ҳудудида пойабзалсиз ва кийимсиз ҳолда бўлиш;
Ёнувчан газлар билан тўлдирилган шарлар билан бекатга кириш ва бекат ва унинг ҳудудида, бекатга туташган ерости ўтиш йўлакларида самокатлар, роликли конькилар, мотоцикл, скутер, велосипед, скейт, барча турдаги ғилдиракли спорт анжомлари ва бошқа шу каби воситаларда ҳаракатланиш (ногиронлар аравачалари бундан мустасно), учувчисиз учиш воситаларидан (дрон) фойдаланиш тақиқланади.
Метрополитен раҳбариятининг ёзма равишдаги рухсатисиз, хизмат кўрсатиш (техник) хоналарида бекатлар ва объектларда профессионал видео ва фото (учувчисиз учиш воситалари ёрдамида), суратга олиш, шунингдек, “Пранк” шаклида видеоларни суратга олиш ҳамда вагонларнинг ўриндиқларига болаларни пойабзали билан қўйиш ва юкларни жойлаштириш мумкин эмас.
Хусусан, ускуналар ва меъморий-бадиий безакларнинг қисмларига зарар етказиш, вестибюллар ва хизмат хоналарининг ойналарини ифлослантириш, шунингдек, вагонларга ва метрополитен инфратузилмаси объектларига зарар етказиш;
– метрополитен ҳаракат таркиби вагонларининг ташқи ва ички юзаларига, шунингдек метрополитен қурилмалари ва иншоотларига ёзувлар, стикерлар, расмлар, ахборот ва реклама материалларини метрополитен раҳбарияти билан келишмасдан (шартнома) жойлаштириш қатъий тақиқланади.