Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозилов 20 декабрдан иш фаолиятини қайта бошлади

20.12.2020 18:08

Буни Rost24 мухбирига Бош прокуратуранинг ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсиддинов тасдиқлади.

Эслатиб ўтамиз, Жасур Фозилов 11 декабрдан бошлаб ижтимоий тармоқлар ва ОАВ орқали эълон қилган видеомурожаатларида прокуратура органлари расмийларига нисбатан қатор даъволарни илгари сурган эди.

Кейинроқ эса Бош прокуратура томонидан Бухоро шаҳридаги тадбиркорнинг Бухоро шаҳар прокурори Ж.Фозиловнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ҳақидаги аризаси текширилаётгани ҳақида баёноти эълон қилинди.

Баёнотда, муаллиф аризасида шаҳар прокурори Ж.Фозиловнинг тазйиқи билан Бухоро шаҳрида қурган йирик савдо мажмуасидан 1 метр квадратининг ҳақиқий нархи 20 млн. сўм бўлган савдо дўконини унга 5 млн. сўмдан сотганлигини, орадан бир йил ўтиб, яъни 2020 йил октябрь ойида шу нархдан яна битта дўконни сотишини талаб қилганлигини, рад жавобини берганлиги учун Ж.Фозилов уни терговга чақириб, жавобгар қилиш билан қўрқитаётганлигини билдирган.

Ушбу ҳолат бўйича Ж.Фозиловга нисбатан хизмат текшируви тайинланиб, текширувнинг холисона ва адолатли ўтказилишини таъминлаш, иш ҳолатларига тўлиқ ойдинлик киритиш, ҳар қандай аралашув ва таъсирларнинг олдини олиш мақсадида у 2020 йил 2 декабрь куни хизмат вазифаларини бажаришдан вақтинча озод қилингани, маълум қилинган.

Ўша вақтда Бош прокуратура Ж.Фозиловнинг 2020 йил 11 декабрь куни ижтимоий тармоқлардаги баёнотида билдирган ҳолатларга тўлиқ ва ҳаққоний баҳо берилишини билдирганди.

15 декабрь куни эса Жасур Фозилов иши бўйича Республика идоралараро комиссияси тузилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонасининг баёноти эълон қилинганди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар