Тошкент шаҳар ҳокимлигининг кейинги "ўлжаси" — Ботаника боғи

18.12.2021 11:38

Ҳукуматдаги қарорлардан қочиб қутула олмаётган "сўнги яшил ҳудуд"имиз йўқ бўлиб кетиш арафасида

Ботаника институти ва музейи қурилса, бу объектлар боғ ҳудудидаги дарахт ва ўсимликларга зиён келтириши аниқ.

Тошкент шаҳридаги энг ноёб боғ, афсуски, ҳали-ҳануз муаммолардан тўлақонли халос бўла олмади. Бир қанча қарорлар чиқарилди, лекин мутасаддилар бу қарорларга риоя қилмади.

Ботаника боғи ҳудудида Ботаника институти, Миллий гербарий ва Ботаника музейини жойлаштириш учун янги замонавий бино қуриш лойиҳаси ишлаб чиқилган. Бу лойиҳа учун ҳали тўлиқ бюджет ажратилмаган. Лекин янги йил кириши билан бу иш амалга ошиши аниқ бўлиб турибди, чунки лойиҳа консепцияси ишлаб бўлинган. 

Ушбу масала қай тариқа кетаётганидан хабардор бўлиш мақсадида Rost24.uz ахборот сайти  Ботаника боғи маъмурияти билан боғланди.

 

"Бу лойиҳа киритилгани ҳақида айтилди, лекин ҳали буджетдан маблағ ажратилмаган. Янги йилда бу нарса амалга ошиши мумкин".

"Бу қурилиш ўсимлик ва дарахтларга зиён келтирмайдими, қайси жойидан қурилади", деб берган саволимизга қуйидагича жавоб олдик:

 — Йўқ, бу нарса дарахт йўқ майдонга қурилади. Газ шохобчаси тарафдаги жойда, билсангиз, очиқ майдон бор. Мана шу майдонга қурилиши айтиб ўтилган эди. Лекин бу бўйича ҳали ҳеч қанақа расмий нарса йўқ. Балки қурилмас, балки қурилса ҳам умуман бошқача бўлар, — деб айтиб ўтди Ботаника боғининг узоқ йиллик ходими Атиргул опа. 

Бу сўзлар шунга ишораки, боғ ходимлари яна бирон-бир кўнгилсиз иш бўлишидан хавотирга тушмоқда.

Қурилиш бошланса шундоқ ҳам яшиллик тугаб бораётган пойтахтда яна қўшимча муаммолар пайдо бўлмаслигига кафолат йўқ. Тошкент шаҳар ҳокимлиги "тинч қўймаётган" биргина шу боғ ҳудудида ҳам нималардир содир бўлишини олдиндан тахмин қилиш мумкин.

Ботаника боғида куз

Негаки, бундай ҳолат фақат ҳозир содир бўлмаяпти. Мана неча йиллардан бери бу боғ сақлаб қолиниши учун ҳаракат қилинмоқда. Мазкур илм даргоҳ ҳам йўқотилиш арафасида тургандек гўё. Буни оддий аҳоли ҳам тушуниб, кўриб турибди. Боғда турли шовқинли тадбирлар ўтказилди, тадбирдан кейин чиқиндизорга айланди. Бу ҳақида ОАВда репортажлар тайёрлаган эди.  "Форумдан кейинги Ботаника боғи манзараси" номли репортажда кўришингиз мумкинки, бу боғ ҳудудида умуман тадбир қилиш мумкин эмас. Аммо, афсуски, бу ҳудудида ҳатто концерт учун мўлжалланган майдон ҳам қуриб қўйилган. 

Ботаника боғи ходимининг айтишига қараганда, бу жойни Маданият вазири Озодбек Назарбеков мана шу жойда концертлар ўтказилса бўлар экан, дея айтиб ўтиб, жойни маданиятга берилишини айтган. Ҳайриятки, бу масала бўйича ижтимоий тармоқларда норозилик чиқишлари бўлгач, ҳолатга барҳам берилган экан. 

Шундан сўнг Ботаника боғи ходимлари мана шундай ишлар юз берганидан кейин бу боғнинг сақланиб қолишига, келажакда йўқ бўлиб кетмаслигига шубҳа билан қарайдиган бўлишди...

Тошкент шаҳар ҳокимлиги, мазкур боғ Марказий Осиёда ягона, уни асраб қолиш учун нимага ҳеч нарса қилинмайди?
Чиқарилган қарорлар қачон ишлайди? 
"Бу ерни тадбир қилишга мос жой экан" деган вақтларда, нимага ҳокимлик сукут сақлаб ўтиради?
Илм даргоҳи, "Тошкентнинг ўпкаси" ҳисобланган мазкур гўшанинг устида ,аслида, ҳеч қандай гап-сўзлар бўлмаслиги керак. Нимага шунча халқ буни хоҳлайди ва курашади, ҳокимлик жим ўтиради?.. 

Ботаника боғи раҳбарияти ва халқимиз бу боғ боқий бўлиб қолиши учун барча ишларни қилмоқда. Аммо ҳукуматнинг бир гапи ва...

Марказий Осиёдаги давлатларни мисол қилиб келтирадиган бўлсак, уларнинг барчасида 2-3 тадан Ботаника боғлари мавжуд. Қозоғистоннинг 4 та шаҳрида бундай боғни учратишимиз мумкин. Ўзбекистонда эса битта Ботаника боғи бор. Чет мамлакатлари яшилликни сақлаб, уларни кўпайтиришга ҳаракат қилаётган бир вақтда, биз “чираниб” ушбу боғни ҳам йўқ қилиш пайига тушиб қолмаяпмизми? 

Тошкент вилояти Ўзбекистон атмосферани заҳарлаш бўйича олдинги ўринларда турган бир ватқда, мазкур ҳудудни 2 баравар асрашимиз кераклигини Тошкент шаҳар ҳокимлиги қачондир тушунармикан?..

Ботаника институти ва музейи очилиши дарахт ва ноёб ўсимликларга зарар етказмаган тарзда қурилади, деб умид қилишдан бошқа иложимиз йўқ...

***

Ботаника боғи ҳақидаги Rost24.uz да эълон қилинган материаллар:

  1. “Форумдан кейинги Ботаника боғи манзараси”
  2. “Марказий Осиёда ягона, ноёб флорага эга Ботаника боғи таҳликали ҳолатга келтирилмоқда”
  3. “ҚАРОР ЛОЙИҲАСИ: Энди Ботаника боғида фестивал ва бошқа байрам тадбирлари ўтказилмайди!”
@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
10
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
03.11.2022 15:49
Ishqilib yaxshilikka bolsin. Lekin ajratilgan mablag manimcha allaqachon eb ulgurilgan.
25.12.2021 05:44
Ассалому алайкум. Германияда, адашмасам, хар бир дарахт ракамланган паспорти бор. Бизда хам тезрок экологиядагилар уйгониб , шу ишни йулга куйишса буларди. Айникса курилиш режалаштирилган майдонлардаги дарахтларни руйхатга олиб, холидан хабар олиб туришса. 1-2 ойдан кейин Ок тепада бузиш куриш ишларини бошлашади, у ерда канча дарахтлар бор. Мирзиёев келиб кетгандан бери шундан хавотирдамиз
20.12.2021 05:20
Илтимос келажак авлодра нимадир колдирайлик