Ижтимоий тармоқлар орқали тижорат банклари томонидан ноқонуний тарзда истеъмолчи пластик картасидан ечиб олинаётган пул маблағлари билан боғлиқ ҳолатлар кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Хусусан, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига ҳам жорий йил бошидан буён банк-молия соҳасига оид 1000 га яқин мурожаатлар келиб тушган.
Бу каби ҳолатлар асосан телеграм ижтимоий тармоғи орқали келаётган кўплаб ютуқли ўйинлар негизида содир этилмоқда.
Шунингдек, банк ходимлари томонидан истеъмолчи билмаган ҳолатда кимнингдир кредит маблағлари олишида кафил вазифасини бажарувчи сифатида унинг маблағларини огоҳлантиришсиз ечиб олиш билан боғлиқ фирибгарликлар аниқланмоқда.
Ана шундай мурожаатлардан бири, Бухоро вилояти Когон туманида яшовчи фуқаро Ғ.А. томонидан келган бўлиб, қайд этилишича, Бухоро шаҳар Ж.Икромий кўчасида жойлашган «Ipoteka bank» АТБ Сардор филиалига тегишли банк картасидан истеъмолчининг 2 500 000 (икки миллион беш юз минг) сўм миқдордаги пул маблағи асоссиз ечиб олингани, банк ходимларига мурожаат қилганда унга истеъмолчи бошқа бир фуқаро кредит олишида кафил вазифасини бажаргани учун ундан ундирилгани айтилган.
Бироқ, истеъмолчи банкдаги ҳужжатларни кўздан кечиришни талаб қилганда эса, ҳеч қандай кредит шартномаларида кафил бўлмаганлиги маълум бўлди, шунга қарамай банк ходимлари ечиб олинган пул маблағини қайтармаётганидан норози эканини билдирган.
Мазкур мурожаат ўрганилиши натижасида, истеъмолчидан сабабсиз ечиб олинган 2 500 000 сўм пул маблағи қайтарилди.
Бундан ташқари истеъмолчи талабига кўра, Бухоро туманлараро судига моддий ва маънавий зарарни ундириш учун даъво аризаси ҳам киритган.
Албатта баъзи истеъмолчилар қайсидир ташкилот ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиш орқали ўз ҳуқуқларидан фойдаланмоқда, афсуски, бу борада ўз ҳуқуқини билмайдиган фуқароларимиз ҳам йўқ эмас.