Қорақалпоғистонда газета таҳририяти ҳокимликни судга берди

16.12.2021 20:18

Қорақалпоғистонда чоп қилинадиган «Ел хызметинде» газетаси таҳририяти Қораўзак тумани ҳокимлигини судга берди. 

Таҳририят томонидан киритилган даъво бўйича 2021 йил 16 декабрь куни Қораўзак тумани жиноят ишлари бўйича судининг ажримига биноан Собир Камалов ОФЙ ҳудудидаги 2016 йил май ойида узилиб қўйилган 875 та хонадон табиий газ тармоғига қайта уланадиган бўлди.

Бу ҳақда «Ел хызметинде» газетаси телеграм каналида хабар берилмоқда.

Хабарда айтилишича, суд чиқарган махсус ажримга кўра Қораўзак тумани Собир Камалов ОФЙ ҳудудидаги 875 та хонадонни газ тармоғига қайта улаш чоралари кўриб чиқилиши белгиланган. 

Махсус ажрим ижроси юзасидан Қораўзак тумани ҳокимлиги 1 ой муддат ичида Нукус туманлараро маъмурий судига хабар берилиши топширилган.

«Ел хызметинде» газетасининг ҳокимликларни судга бериши илк ҳолат эмас. Бундан олдин ҳам айнан табиий газ тармоғидан аҳолини асоссиз узиб қўйилганлиги даъвоси билан Чимбой тумани ҳокимлигини ҳам судга берган ва судда ғолиб бўлиб, минглаб фуқароларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилган. Яъни, хонадонларни табиий газга қайта улашга эришган. Тахиатош, Қанликўл туманлари ҳокимликлари эса судсиз таҳририят талаби билан аҳолини табиий газга улаш чораларини кўрган. 

Ушбу таҳририят ҳаттоки таниқли эстрада хонандаси Юлдуз Усмоновани ҳам судга берган. Унда хонанданинг қорақалпоқ миллатига қарата айтган камситувчи сўзлари сабаб бўлган эди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
4
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
17.12.2021 07:25
Qoyilman halqqa hizmat qilayapti ekan Alloh rozi bòlsin sizlardan
17.12.2021 02:05
Отасига балли, тахририят ходимларини.