Соҳадаги камчиликлар туфайли Соғлиқни сақлаш вазирлиги марказий аппарати ходимларининг 40 фоизи ўз вазифасидан озод этилди
Соғлиқни сақлаш соҳаси бошқарув тизимида бугунги замон талабларига мос, янгича фикрловчи, ташаббускор, муаммоли масалалар ечимига профессионал ва креатив ёндашадиган кадрлар етишмаслиги сабаб ўз фаолиятида натижа бермаган 40 фоиз ходимлари вазифасидан озод этилди ва уларга қуйи бўғин тиббиёт муассасаларида ишлаш таклиф қилинди.
Бу ҳақида Соғлиқни cақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Унга кўра, бугун ССВда навбатдан ташқари Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтган ва у ўта кескин руҳда кечиб, тизимда ҳар бир йўналиш бўйича йўл қўйилган хато ҳамда камчиликлар танқидий таҳлил этилган.
Маълумотларга қараганда, жорий йилнинг ўтган 11 ойида Соғлиқни сақлаш вазирлигига келиб тушган жами мурожаатлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 12 мингтага кўпайиб, 57 600 тани ташкил этган. Уларнинг энг катта қисмини сифатсиз тиббий хизмат кўрсатиш билан боғлиқ масалалар ташкил этган.
Шунингдек, аҳоли кўп ҳолларда жойларнинг ўзида ҳал бўлиши мумкин бўлган оддий масалалар учун ҳам Президентнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналари, Бош вазирнинг виртуал қабулхонаси, Бош прокуратура ва бошқа масъул идораларга мурожаат қилишга мажбур бўлмоқда.
Аҳоли ўртасида айрим касалликлар кўрсаткичлари йил сайин ошиб бораётгани ҳам ачинарлидир. Хусусан, сўнгги беш йилда юрак-қон томир хасталикларига чалиниш ҳолатлари 20 фоизга кўпайган.
Қолаверса, битта туманда камида 10-15 та лаборатория бўлгани билан қонни таҳлил қилишга шароит ва мутахассислар малакаси етишмаслиги оқибатида диабетнинг оғир асоратлари – кўз, буйрак ва тўпиқ касалликлари бўйича республика муассасаларига мурожаатлар 10 фоизга ошганлиги айтилган.
Соҳада кўзланган натижаларга эришилмаслигига тиббиётда давлат хусусий шерикчилик муносабатлари, тиббий суғурта, лицензиялаш, аккредитациялаш ва тиббий туризмни ривожлантириш, соҳани рақамлаштириш йўналишларида ишлар етарли даражада ташкил қилинмаганлиги сабаб сифатида келтирилди.
Шу сабабли ҳам кейинги пайтларда халқимизнинг тиббиёт соҳасидан норози эканлиги ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлигига жуда кўп шикоятлар келиб тушган.
"Чунки тизимда ҳал қилиниши лозим бўлган муаммолар кўп. Айниқса, аксарият ҳудудларда тиббий хизмат сифати ҳануз талаб даражасида эмас. Соҳада бюрократик тўсиқлар ва коррупцион ҳолатлар, афсуски, сақланиб турибди", – дейилади ССВ хабарида.
Вазирлик доирасида бошланган кадрларни янгилаш ислоҳоти келгусида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари, умуман, мамлакатимиздаги барча даволаш-профилактика муассасаларини қамраб олиши кўзда тутилган. Мазкур жараёнда аҳолидан келиб тушаётган эътироз ва шикоятлар асосий мезон бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Rost24.uz сайти орқали бир муддат аввал Ўзбекистон аҳолисининг соғломлик даражаси тушиб кетаётгани, бу бўйича жаҳон экспертлари ҳам фикр билдиришгани, дори назорати эса умуман издан чиқиб кетгани ҳақида Доктор Исчанов билан бўлиб ўтган суҳбат эълон қилинган эди.