Тошкент – Термиз йўналишидаги йўл қурилиши Озарбайжон компанияси айби билан якунига етмаяпти, шу билан бирга давлат аҳамиятига молик йўлнинг сифатсизлиги айтилмоқда.
Ўзбекистон Озарбайжон компанияси билан шартнома тузиб, «Тошкент — Термиз» йўналишидаги автомобиль йўлининг (21 км) қисмига асфальтбетон ётқизиши керак эди. Аммо, Озарбайжоннинг Ўзбекистон ҳукумати билан шартнома қилган «Akkord industry construction investment corporation» компанияси йўл қуриш ишларини вақтида якунламагани сабабли лойиҳа жар ёқасига келиб қолди.
Сурхондарё вилоятидан ўтувчи М-39 «Тошкент — Термиз» автомобиль йўлининг 1395-1400 км ва 1410-1426 км қисмларига (21 км) асфальтбетон ётқизиш орқали реконструкция қилиш лойиҳасига Ислом тараққиёт банкидан 33,1 млн. доллар миқдорида инвестиция жалб этиб, қурилиш ишларини олиб бориш бўйича Озарбайжон Республикасининг «Akkord industry construction investment corporation» компанияси («Akkord ICIC») билан 2020 йилнинг май ойида шартномалар тузилган.
«Akkord ICIC» компанияси йўл қурилиш соҳаси бўйича махсус техникалари ва мутахассислари етарли бўлса-да, Ўзбекистондаги қайд этилган лойиҳани бажаришда бир қатор салбий ҳолатларга йўл қўймоқда.
Жумладан, шартнома шартида лойиҳа муддати 2021 йилнинг 30 ноябрь кунига қадар бажариш белгиланган. Бироқ, компания томонидан қурилиш ишларининг тўлиқ қувватларда олиб борилмагани, раҳбар ходимлар иш бошқарувини тўғри ташкил этмагани натижасида шартномада кўрсатилган иш ҳажмини бажариш жадвалидан кескин ортда қолган. Хусусан, компания 2021 йилнинг октябрь ойига қадар лойиҳанинг 15,9 млн. АҚШ доллар қисмини (51%) бажарган холос. Лойиҳани якунлаш учун қисқа муддат қолган бўлса-да, реконструкция қилиниши лозим бўлган 21 км узунликдаги йўлнинг бирор бир қисмида ишлар тўлиқ якунланмаган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллар қўмитаси томонидан жорий йилнинг бошида компаниянинг бажарган ишларида 1,5 млн. доллари қийматида сифатсиз ишлар мавжудлиги аниқланган.
Шартнома шартларини бажарилмаслиги қайси томонга қанчага тушади?
«Akkord ICIC» компанияси реконструкция ишларини белгиланган муддатда бажара олмаса, Ўзбекистон ҳукумати шартномани бекор қилиши ва 6,6 млн. АҚШ доллар миқдорида кафолат суммасини ундириш мумкин. Бунинг натижасида Ўзбекистон лойиҳани давом эттириши учун бир йил муддатга кечикади.
Компания белгиланган муддатда лойиҳани бажармаса ҳамда ишларни давом эттирадиган бўлса, шартноманинг умумий суммасидан кунлик 0,02 фоиз (ўрта ҳисобда 3000 АҚШ доллар) миқдорида пеня ундириш мумкин.
Шартнома шартлари бажарилмаслиги натижасида, автомобиль йўлининг реконструкция ишлари ниҳоясига етмайди ва битмаган объект учун Ўзбекистон Республикаси Ислом тараққиёт банкидан олинган қарз маблағларига фоиз тўловларини тўлаш лозим бўлади. Қолаверса, автомобиль йўлида транспорт воситаларининг ҳаракатланиши натижасида, бажарилган ишлар сифатсиз ҳолга келади ва сарфланган маблағни Ўзбекистон учун зарар сифатида баҳоланади.
Ўзбекистон Республикаси томонидан Ислом тараққиёт банки билан қарз маблағларини ўзлаштириш бўйича жорий йилнинг 5 декабрь кунига қадар келишувлар тузилган. Лойиҳани давом эттириш учун банк билан келишувлар муддатини узайтириш лозим бўлади ва бунинг учун 3-5 ой муддат талаб этади.
Табиийки, мазкур ҳолатлар Ўзбекистоннинг транзит автомобиль йўлларини ривожланмаслигига ва иқтисодий салоҳиятига салбий таъсир кўрсатади.
Қолаверса, кўрсатиб ўтилган ҳолатлар Ўзбекистон ва Озарбайжон республикаларининг дипломатик алоқаларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Rost24.uz мухбири юзага келган муаммо сабабларини ўрганиш мақсадида бир неча бора «Akkord ICIC» компаниясига қўнғироқ қилди. Аммо, компания вакиллари қўнғироқларимизга жавоб қилмади. «Akkord ICIC»нинг Тошкентдаги офисида ҳам компания вакилларини учрата олмадик.
Айни дамда сайтимиз мазкур фирма ҳақида маълумот олиш учун Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонасига мурожаат қилган.
Эслатиб ўтамиз, сайтимиз «Akkord ICIC» томоннинг муносабатлари учун очиқ.