Сайтимизда "Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев “Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни” байрамини юқори савияда нишонлаш учун бюджетдан салкам 2 миллиард сўм маблағ ажратди" мазмунида мақола эълон қилинган эди.
Жиззих вилоят ҳокимлигининг матбуот хизмати ушбу мавзу бўйича расмий муносабат билдирди.
Ижтимоий тармоқларда Жиззах вилоят ҳокими “Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни” байрамини нишонлаш учун 1 894 814.0 (бир миллиард саккиз юз тўқсон тўрт миллион саккиз юз ўн тўрт) минг сўм маблағ” ажратди мазмунидаги хабарлар тарқалди.
Жиззах вилояти ҳокимлиги шуни маълум қиладики, қишлоқ хўжалиги ходимлари кунини нишонлаш бўйича жорий йилнинг 27 ноябрь куни Бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида Вазирлар Маҳкамасида “Ҳосил байрами”га тайёргарлик кўриш ва уни нишонлаш билан боғлиқ ташкилий чора-тадбирлар бўйича йиғилиш ўтказилган эди.
Мазкур йиғилиш баёнининг 4-бандида белгиланган топшириқларга асосан, Жиззах вилояти ҳокимлиги томонидан вилоят маҳаллий бюджети даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисми маблағлари ҳисобидан 1 894 814000 сўм маблағ жорий йилнинг 11 декабрь куни Жиззах вилояти Дўстлик туманида йигирма минг аҳолига халқ сайли тарзида “Ҳосил байрами” ташкил этиш ва 12 декабрь куни мингга яқин аграр соҳа тармоқларида самарали меҳнат қилаётганларни моддий ва маънавий рағбатлантириш ҳамда байрам тадбирини юқори савияда ўтказиш учун ажратилган.