25 декабрь куни "Humo Arena" комплексида ўтиши керак бўлган "Тik Tok Fest" шоу-концерт дастури ижтимоий тармоқларда каттагина эътирозларга сабаб бўлгандан кейин бекор қилинди.
Ушбу «ултразамонавий» Тиктокерлар концерти бекор бўлгани маълум қилингандан кейин Маданият вазирлиги "бу масала бизга тегишли эмас" деган мазмунда муносабат билдирди:
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ижтимоий тармоқларда турли танқидий-таҳлилий мулоҳазаларга сабаб бўлган, 25 декабрь куни "Humo Arena" комплексида бўлиб ўтиши эълон қилинган "Тik Tok Fest" шоу-концерт дастури юзасидан вазирликка қаратилган фикр-мулоҳазаларга жавобан қуйидагиларни маълум қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ- 6044-сон Фармони 2-иловаси 32-бандига мувофиқ, концерт-томоша тадбирига бир марталик рухсатнома бериш ваколатли бўлган —Ички ишлар вазирлиги, Маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари томонидан амалга оширилади. Шу асосда, концерт-томошаларнинг савияси, мазмун-моҳияти, ғоясини таҳлил қилиш, томоша бўйича якуний хулосалар бериш ҳам Маҳаллий ижроия ҳокимлиги ҳузурида ташкил этилган тузилманинг вазифаси ҳисобланади.
Шунингдек, юқоридаги каби шоу-концерт томошаларини ташкил этиш Маданият вазирлиги томонидан эмас, хусусий тадбиркорлар томонидан амалга оширилади.
Шу боис, Маданият вазирлиги "Тik Tok Fest" шоу-концерти юзасидан барча савол ва мулоҳазаларни юқорида келтириб ўтилган ваколатли мутасадди органларга йўллашни тавсия қилади.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон ҳудудида ўтказиладиган ҳар қандай маданий-маърифий тадбирлар, шоу-томошалар ҳамда концерт дастурлари ўзбек халқи миллий менталитети, ахлоқий тарбияси, тарихан бой маданияти, ёшлар дунёқараши бу каби шоу-дастурларни асло қабул қилмайди. Маданият вазирлиги "Тik Tok Fest" шоу-концертини маънавий жиҳатдан ёшлар онгига, дунёқарашига салбий таъсир этади, деб ҳисоблайди. Зеро, бир неча минг йиллардан буён шаклланиб, қон-қонимизга сингиб кетган инсоний фазилатлар, одоб-ахлоқ меъёрлари таъсирида пайдо бўлган тарбиямиз ҳам буни рад этади.
Ўйлаймизки, бу каби оммавий тадбирларни ташкил этаётган мутасаддилар ана шу жиҳатларни ҳисобга олиб, бу масалага жиддий ёндашади.