Бу ҳақда «Sputnik Афғонистон» хабар берган. Афғонистоннинг Жоузжон вилоятида яшовчи этник ўзбеклар ҳамда туркманлар мажбурий кўчириляпти. Уларнинг уйлари «Толибон» ҳаракати кўмагида кўчманчиларга берилмоқда.
Маълум бўлишича, бундан ташқари уларнинг машина ва тракторлари ҳам олиб кетилган, қаршилик кўрсатмоқчи бўлганлар «Толибон» ҳаракати аъзолари томонидан ҳибсга олинган ва калтакланган.
Аввалроқ «Толибон» Афғонистонда ўзбек тилининг расмий тил мақомини бекор қилгани ҳақида айтилган, аммо Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев бу хабарларни рад этган эди.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги ҳам Афғонистондаги мактаб дастурларидан ўзбек тили чиқариб ташлангани ҳақидаги хабарларни инкор этиб, «Баъзи билимсиз “таҳлилчи” ва журналистларнинг шубҳали шов-шувлар ва “қайноқ факт”лар илинжида очиқдан очиқ бузиб кўрсатилган ва ёлғон ахборотларни тарқатаётгани эса афсусланарли ҳолатдир», дея муносабат билдирган эди.
Шунингдек, Абдулазиз Комилов «Ўзбекистон – Европа Иттифоқи» ҳамкорлик кенгаши йиғилиши якунлари бўйича бельгиялик журналист Садид Лайлумнинг Толибонни террорчи деб атаган саволига «Марказий Осиё, Европа, АҚШ, Жанубий Корея ёки бошқа мамлакатларда Толибон томонидан уюштирилган терактга бирорта ҳам мисол келтира олмайсиз», деб жавоб берган эди.