Ўзбекистонда вазият қандай?
Янги штаммнинг олдини олишга яна кечикамизми?
Россия кечадан Африканинг қатор мамлакатлари чет элликларнинг ўз ҳудудига киришини чеклаб қўйди. Исроил ҳукумати ўз чегараларини 14 кунга ёпиб қўйишини эълон қилган бўлса, Қувайт 9 давлат билан авиақатновни тўхтатди. Марокаш ҳам бу сафга қўшилди.
Швейцария янги штамм туфайли Чехия, Буюк Британия, Нидерландия ва Малавидан келган саёҳатчиларга чекловлар жорий қилди.
Япония эса 30 ноябрдан мамлакатни хорижликлар учун ёпади.
Буларнинг барига Жанубий Африка миллий юқумли касалликлар институти олимлари томонидан аниқланган каронавируснинг янги “Омикрон” штамми сабаб бўлган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, касаллик ОИТСга чалинган кишида аниқланиб, мутацияга киришган.
Шу сабабли жума куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти фавқулодда йиғилиш чақирди. Унда жаҳоннинг етакчи олим ва мутахассислари томонидан янги штамм муҳокама қилинди.
Дастлабки хулосаларга кўра, "омикрон" жуда кўп мутацияларни ўз ичига олган ва "дельта" штаммидан ҳам кўра юқумлироқдир. Энг ёмони, янги версия аллақачон Африкадан бошқа қитъаларга ўтиб улгурган.
Масалан, ўтган ҳафта сўнггида Белгия, Германия, Италия, Нидерландия, Буюк Британия, Чехия, Дания сингари қатор давлатларида "омикрон" штамми билан касалланиш ҳолатлари аниқланди.
Шу сабабли Россия, Германия, Исроил, Буюк Британия, Сингапур, Баҳрайн, Италия, Нидерландия, Марокаш, Франция, Чехия, Австрия, Малайзия, Саудия Арабистони, Швейцария, Туркия, Канада, АҚШ, БАА, Миср, Аргентина, Бразилия, Австралия каби давлатлар аэропортларда турли чекловлар жорий қилди.
Буюк Британияда исталган хорижий давлатдан келган киши ПЦР тестини топшириши ва салбий натижа олинмагунча ўзини изоляция қилиши шарт. Шунингдек, ҳукумат жамоат жойларида яна ниқоб тақишни жорий этади. Бу ерда вакцина олганидан буён 6 ойдан кўп вақт ўтган ва 40 ёшдан ошган аҳоли вакилларига қайта эмланиш тавсия қилиниши ҳам айтилмоқда.
Ўзбекистонда вазият қандай?
Санитария-эпидемиология ва соғлиқни сақлаш хизмати матбуот котиби Муҳаммаджон Бозоровнинг маълум қилишича, Ўзбекистонда ҳаммаси яхши, ҳатто, коронавирусга чалиниш ҳолатлари ҳам камайган. Аэропортлар ва бошқа чегара пунктларида Ўзбекистон ҳудудига кириб келаётган сайёҳлар 72 соатдан кам бўлмаган вақтда ПЦР тести топшириши шарти сақланиб қолмоқда.
Санитария-эпидемиология ва соғлиқни сақлаш инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабековнинг маълум қилишича, Ўзбекистоннинг Жанубий Африка билан тўғридан-тўғри авиалоқаларимиз йўқлиги туфайли юртимизда бу штаммга чалинганлар ҳозирча аниқлангани йўқ.
“Лекин ушбу касалликнинг Ўзбекистон ҳудудига кириб келиш эҳтимоли йўқ эмас. Иккинчи, учинчи мамлакат орқали кириб келиши мумкин”, – дейди Нурмат Отабеков.