Бугун Туркистон ўлкасида илк демократик ҳукумат тузилган кун

27.11.2021 16:32

Бугун Туркистон мухторияти тузилган кун!

Бундан 104 йил олдин 1917 йилнинг 27 ноябрида ташкил этилган мухторият Туркистон ўлкасидаги илк демократик ҳукумат эди.

Маркази Қўқон шаҳри.

Ҳукумат таркиби 8 киши бўлган. Европалик аҳоли вакиллари орасидан номзодлар кўрсатилиши учун уларга ҳам яна 4 ўрин ажратилди.

Ҳукумат таркибига Муҳаммаджон Тинишбоев (Бош вазир ва ички ишлар вазири), Ислом Шоаҳмедов (Бош вазир ўринбосари), Мустафо Чўқай (ташқи ишлар вазири), Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев (ҳарбий вазир), Ҳидоятбек Агаев (ер ва сув бойликлари вазири), Обиджон Маҳмудов (озиқ-овқат вазири), Абдураҳмон Ўразаев (ички ишлар вазирининг ўринбосари), Соломон Герцфелд (молия вазири) киритилди.

Кейинчалик ҳукумат таркибида айрим ўзгаришлар юз берди. Саводсиз большевик комиссарлардан фарқли равишда ҳукумат аъзолари чуқур маълумотли тараққийпарвар зиёлилар бўлиб, улардан 5 нафари ҳуқуқшунос эди. Туркистон Миллат Мажлиси 54 нафар (36 мусулмон, 18 европалик) аъзодан иборат бўлиши кераклиги белгиланди.

Қурултой жараёнида 32 кишидан иборат Миллат Мажлиси сайланди.

Бироқ большевиклар ушбу мухториятни жиддий хавф эканлигини билиб 1918 йил 30 январда Туркистон ўлкаси ХКС Туркистон мухториятини тугатиш учун ҳарбий ҳаракатларни бошлади. 13 февраль да жанглар бошланди. Туркистон ўлкаси ХКС 1918 йил 14 февралда (янги ҳисоб билан) Фарғона вилоятида ҳарбий ҳолат эълон қилди.

Дастлабки жангда мухториятнинг миллий қўшинидан ташқари қўқонлик тинч аҳоли вакиллари ҳам қатнашди. Асосан болта, чўкич, таёқ кўтарган халойиқнинг сони 10.000 кишига етди. Шунга қарамай, қуролсиз бу кишилар қизил аскарларнинг Қўқон шаҳрига қилган ҳужумини уч кун давомида мардонавор қайтардилар. Шу орада мухториятчилар сафида парокандалик юз берди (18 февралда уламоларнинг тазйиқи билан Мустафо Чўқай истеъфога чиқди ва баъзи вазирлар сингари Қўқонни тарк этди. Айрим вазирлар (Ҳ.Агаев ва бошқалар) жангда ҳалок бўлди. Ҳукуматнинг бошқа аъзолари (О.Маҳмудов, Носирхон тўра, С.Герцфелд, У.Асадуллахўжаев, И.Шоаҳмедов) эса кейинчалик большевиклар томонидан қўлга олинди.

Ўлкадаги илк демократик ҳукумат Туркистон мухторияти атиги 72 кун яшай олди, халос. 1918 йилнинг 18 февралида бу мухторият тугатилди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
2
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
27.11.2022 15:14
Demokratiya soʻzini ular qoʻllashganmi?
02.12.2021 23:02
Жуда зўр мақола, отангизга рахмат. Бу ерда сиз келтирган шахсларнинг ҳар бири ҳақида алоҳида мақолалар қилишингизни кутиб қоламиз. Катта рахмат....
27.11.2021 23:34
Оғриқли даврлар... Халқимизнинг елкасига офтоб тегай деганда яна мустамлака гирдобига ташланди. Эх, ўзбегим СЕН кўрмаган кун қолдими тарихда. Бирикмасанг, бир мушт бўлиб тугилмасанг яна не азоблар бор билмадим...