ОГОҲЛИК ҚЎНҒИРОҒИ: Бозорлар бошқаруви давлатдан "кўча" қўлига ўтиб кетмоқда

27.11.2021 09:05

Президент топшириғи ҳам бажарилмайдиган даврлар бошландими?

Биргина бозор атрофидан ҳар ой тушаётган 90 минг АҚШ доллари қайга кетмоқда?

Президент Шавкат Мирзиёев Шайхонтоҳур туманига ташрифи давомида пойтахтда жиноятчилик ҳолатлари ошгани ҳақида гапириб, шаҳар ИИББ бошлиғи ҳамда шаҳар прокурорининг фаолиятини танқид остига олди.

«Тошкентдаги жиноятчилик бўйича вазиятни мен айтмай, сизлар эшитманг. Жиноятчилар орасида «солиқчилар» пайдо бўлди ҳозир. Улар бозорлардан солиқ ундиришяпти, давлатдан алоҳида солиқ оладиган гуруҳлар пайдо бўлган. Мен ер тагида илон қимирласа биламан. Биз бундайларни дарҳол жиловлашимиз керак, жиловлаймиз ҳам», – деди Ш.Мирзиёев.

Шу кунларда аҳоли гавжум бозорлар атрофи ёйма бозорлар билан тўлиқ қуршаб олинганлиги боис замонавий бозорларга бемалол киришнинг имкони йўқ. Ушбу манзара мустақиллик йилларининг бошларидаги “бардак” бозорларни ёдга солади.

Бу бозорларнинг пайдо бўлиш тарихи билан қизиққанимизда, 2020 йил карантин сабаб бозорлар дарвозалари ёпилгандан сўнг ҳар ким ўз ҳолича, хоҳлаган жойида савдо қилишни бошлаб юборганлиги маълум бўлди. Ўша вақтда сотувчилар ёпиқ бозорлар атрофига молларини чиқариб сотишни бошлашган.

Солиқ, ижара, коммунал тўловлар каби чиқимлардан ҳоли савдо уларга жуда маъқул кела бошлагани боис бу “тадбиркорлик”даги мўмайгина даромаднинг таъмини тотиб бўлишди. Мисол учун “ипподром” деб аталувчи бозорлар комплекси атрофидаги ёймачилар фаолияти бошланганда атиги 50 нафар бўлган. Бугунги кунда эса 600 нафарга етибди. Бу рақам шу билан тўхтамайди, аксинча катталашишда давом этмоқда.

Қисқаси, замонавий савдо мажмуаларининг атрофи яна мустақиллик бошларидаги ҳолга қайтмоқда. Президентимиз таъбири билан айтганда бозорлар бошқаруви давлатдан кўча қўлига ўтган.

Давлат раҳбари ҳам бежизга айнан шу муаммони тилга олмади. Борган сари авж олиб бораётган бу касаллик давлатни каттагина тушумлардан маҳрум қилиб қўйиши мумкин.

Шу ўринда савол туғилади: бундай тизимли бозорлар ташқарисидан жой эгаллашлар ва кенгайишлар тепасида кимдир турганмикин?

Албатта турибди. Бўлмаса, жой талашишлар ортидан пичоқбозлик ва қирғинлар бошланиб кетган бўлар эди.

Суриштирувларимиз ортидан ҳайратланарли ва таажжубли фактлар аён бўлдики, жой қилиб берилгани учун ҳар ой “доля” олиб кетилар экан.

“Ипподром” тарафдаги бозорлар мажмуасининг олдидаги катта йўл бўйида савдо қилувчилардан бири (исми сир қолиши шарти билан) ҳар ой 150 АҚШ доллари беришини маълум қилди. “Доля”ни ташкилотчилик тепасида турган аёллар йиғиб кетишар экан.

Шунингдек, информацион шовқин кўтариш, ўзларини ҳукуматга жабрдийда қилиб кўрсатиб туриш учун кўча блогерларидан ҳам фойдаланиб туришар экан. Бунинг учун ҳам алоҳида 50 минг сўмдан йиғилиб турилар эмиш.

Исми ошкор бўлишидан қўрққан сотувчи 150 доллар аслида энг кам “доля” ҳисобланишини, баъзилар бундан ҳам катта суммада ҲИМОЯ ТЎЛОВИни тўлашини ҳам маълум қилди.

Биргина “Ипподром” деб аталувчи бозорлар мажмуасининг атрофидаги жойларни ҳисоблаб чиққанимизда 600 дан ортиқ савдо жойлари аниқланди. Шу жойда математик ҳисоблаб кўрамиз: 150х600=90 000 АҚШ доллари.

Минимал миқдорда ҳисобланган бир ойлик “доля” 90 минг долларни ташкил этмоқда. Бундай “даромад” ортида кичкина одамлар турмаса керак, ҳар ҳолда. Ёки ваколатли шахслар бундай даромадни беэътибор қолдириши ҳаётий қонунларга мутлақо зид. Энди буёғи прокуратура ва ДХХ шуғулланадиган иш бўляпти.

Шу жойда биз адашаётгандирмиз, яширин қўллар орқали йиғилаётган “солиқлар” давлат одамларига етиб бормасдир балки. Аммо нима бўлганда ҳам бундай “кўча” бозорларига бугун чек қўймаса, эртага кеч бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев бозорлардаги “солиқчилар”ни танқид қилишидан 10 кун олдин Rost24.uz сайти ҳам айни шу мавзуда танқидий мавзу тайёрлаган эди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
9
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
29.11.2021 21:17
Бошка сайт журналистлари хам урганинглар, шундака дангал маколалар ёзишни
26.11.2021 16:03
Бу масала тугри кутарилибди жилралайолишармикан энди.Махаллаларга кириб булмайди ахлатхонага айланиб кетган бозорга кираверишлар.