Молиявий инқирозда бўлган Халқ банки мутасаддилари 300 миллиард сўмлик қурилишларини оқлашга уринди. Уларнинг иддаолари қанчалар холис ва ўринли?
Rost24.uz сайтида молиявий инқирозда бўлган Халқ банки салкам 300 миллиард сўмга бош офис қураётгани ҳақида мақола эълон қилинган эди.
Куни кеча Халқ банки вакиллари ахборот ва оммавий коммуникация агентлигида ўтказган матбуот анжуманида сайтимиз кўтарган муаммога жавоб беришга ҳаракат қилишди.
Банк бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Зафар Азимовнинг маълум қилишича, банк офисининг қурилиши 2018 йилда бошланган. Бу жуда катта қурилиш бўлгани учун узоқ муддатни талаб қилмоқда.
Унинг сўзларига кўра, қурилиш ишлари 2022 йил март ойида бинонинг биринчи қисми битказилиши режалаштирилган. Қўшимча бўлган биноларни ҳам 2022 йилнинг охирига қадар фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган.
Зафар Азимовнинг сўзларига ишонадиган бўлсак, 2018 йилдан бошланган йирик қурилишга нима учун 2021 йилда янги раиснинг келиши билан тўлиқ ажратилган маблағ 113,2 миллиард сўмдан ҳам зиёдроқ 165.9 миллиард сўм пул жалб этилиб қурилиш катталаштирилди?
3 триллион сўм зарарга кираётган Халқ банки учун қурилиш ишлари маблағини орттириш нима учун зарур бўлган?
4 йил ичида бутун бошли «Ташкент сити» қуриб битказилаётганда, Халқ банки 4 йилда бош офис қурилишини якунлашни режалаштирмоқда.
Аввалги мақолада ҳам кўтарилган ушбу савол матбуот анжуманида ҳам очиқ қолди.
Шунингдек, банк масъули Зафар Азимов бино қурилишида шаффофликни таъминлаш учун танлов ўтказилиб, 100 йиллик тарихга эга «Бюро Веритас» фирмаси танлаганини маълум қилди. Бироқ, банк мутасаддиси мақолада кўтарилган саволлар қурувчи, пудратчилар сифатида яқин орада очилган фирмалар танлангани ва уларга қачон тендер ўтказилганига аниқлик киритмади.
Матбуот анжумани ўтди, ҳисобот топширилди, ҳамма тарқалди. Аммо, Халқ банкининг йирик маблағталаб, 4 йиллик қурилиши борасидаги саволлар очиқлигича қолди.
*****
Мавзуга оид мақолалар:
Молиявий инқирозга юз тутаётгани айтилаётган Халқ банки салкам 300 миллиард сўмга Бош офис қурмоқда