Молия вазирлиги томонидан “Давлат қарзи тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамаси томонидан Олий Мажлисга киритилди.
Қонун лойиҳасида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлиси палаталари, Ҳисоб палатаси, Вазирлар Маҳкамаси, Марказий банк ва Молия вазирлигининг давлат қарзини бошқариш соҳасидаги ваколатлари ҳамда давлат қарзи тўғрисидаги маълумотлар очиқлигини таъминлаш, жумладан, ОАВда ёритиб бориш ва расмий веб-сайтларда чоп этиш бўйича қоидалар алоҳида кўрсатиб ўтилмоқда.
10 та боб ва 58 та моддадан иборат қонун лойиҳасини тайёрлашда Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси, Осиё тараққиёт банки ва АҚШ Ғазначилигининг 13 нафар экспертлари иштирок этди ҳамда лойиҳа юзасидан 9 та вазирлик ва идоранинг экспертиза хулосалари олинди.
Қонун лойиҳасида давлат қарзини бошқаришга доир асосий қоидалар ва давлат қарзининг ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан энг юқори миқдори белгиланмоқда.
Шу билан бирга, давлат кафолатини бериш тизими такомиллаштириш қоидалари ва давлат қарзи бўйича хатарларни бошқариш бўйича амалга ошириладиган ҳаракатлар мажмуи акс эттирилмоқда.
Қонун лойиҳаси давлат қарзини бошқариш жараёни фрагментациялашувининг олди олиш, давлат қарзини барқарор даражада сақлаш, хорижий кредитор ва инвесторларнинг мамлакатнинг қарзларни тўлай олиш салоҳиятига бўлган ишончининг ортиши ҳамда давлат томонидан қарзларнинг қулай шартларда ва барқарор нархларда жалб қилиниши учун зарур муҳит шакллантиришга қаратилган, дейилади Молия вазирлиги матбуот хизмати хабарида.