НИМАДИРЛАР ШУБҲАЛИ ШУНДАЙ ЭМАСМИ?
Навоий вилоятининг собиқ ҳокими Қобул Турсунов 8 ноябрь куни фармойиш чиқаргани маълум бўлди.
Kun.uz га кўра, ҳоким ўзининг сўнгги иш кунида (8 ноябрь) фармойиш чиқариб, бир қатор ташкилотларга жами 22 млрд. 491 млн. сўм маблағ ажратган.
Фармойишда мактабгача таълим ташкилотларининг коммунал тўловлари, Нурота туманидаги “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун эркаклар интернат уйининг таъмирланиши билан боғлиқ харажатлар каби бир қанча ажратмалар бор.
Фармойишда ушбу маблағнинг 22 млрд. 291 млн. сўми вилоят маҳаллий бюджетининг III чорак даромадларининг режадан орттириб бажарилган қисми ҳисобидан, 200 млн. сўми вилоят маҳаллий бюджетининг захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан берилиши назарда тутилган.
Фармойишда келтирилган энг катта сумма 8 млрд. 23 млн. сўм вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси учун ажратилгани айтилмоқда. Унда соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармасига маблағ ўтказиш харажатлари учун 4 млрд. 23 млн. сўм, янги ташкил этиладиган оилавий шифокорлик пункти ва оилавий поликлиникаларни таъмирлаш харажатлари учун 1 млрд. сўм ва коронавирус пандемиясига қарши курашишда қўлланиладиган дори воситаларини сотиб олиш харажатлари учун 3 млрд. сўм пул берилган.
Аммо, Навоий вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг 2021 йил 20 октябрдаги буйруғи билан вилоят болалар юқумли касалликлари шифохонасида ташкил этилган вақтинчалик коронавирус билан касалланган беморларни даволашга ихтисослаштирилган шифохона ўринлари фаолияти 2021 йил 20 октябрь кунидан тўхтатилган.
Буйруқда тегишли масъуллар инқирозга қарши кураш жамғармаси маблағларидан олинган дори-дармонлар қолдиғи тўғрисида ҳисобот топшириши ва қолдиқдаги барча дори-дармонларни захира сифатида сақлаши белгиланган.
Ҳоким фармойишининг иловасида соғлиқни сақлаш бошқармасининг 2021 йил 24 августда коронавирус пандемиясига қарши курашишда қўлланадиган дори воситаларини сотиб олиш учун вилоят ҳокимлигидан маблағ сўралгани акс этган хат келтирилган.
Бундан келиб чиқадики, бошқарма жорий йил 24 августда ҳокимликдан маблағ сўраган, 20 октябрда бошқарма захирасида дори-дармонлар қолдиғи бор бўлган, 8 ноябрда (айнан ҳокимнинг сўнгги иш кунида) эса бошқармага ҳоким фармойиши билан сўралган маблағ ажратилмоқда. Нимадир шубҳали, шундай эмасми?
Эслатиб ўтамиз, Кобул Турсунов 8 ноябрь куни “соғлиги даволанишни талаб этгани” сабабли Навоий вилояти ҳокими вазифасидан озод этилган эди. Сайтимизда Навоий вилояти ҳокимлигига оид бир қатор материаллар эълон қилинган.
“Навоий вилоятининг янги ҳокими: Турсунов Нормат аслида ким?”