Антикоррупция агентлигини ҳокимликлар "бир тийин"га олмаяпти. Бу агентлик шунчаки хорижликлар кўзи учунми?

10.11.2021 09:20

Вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида тендер қоидалари қўпол равишда мунтазам бузиб келинмоқда. Коррупцияга қарши кураш агентлиги эса ушбу ёлғон тендерларни фош қилмоқда. 

Аммо, шу вақтгача кўзбўямачиликка тендер ўтказган ҳокимликларга жиддий чора кўрилгани, мансабдорларнинг суд олдида жавоб бергани ҳақида маълумот берилмади.

Коррупцияга қарши кураш агентлиги томонидан давомли тарзда вилоятлар кесимида аниқланган коррупцион ҳолатлар очиқ эълон қилиняпти. Уларда асосан ҳокимликлар томонидан тендер қоидалари бузилиш ҳолатлари қайд этилган.

1 ноябрда агентлик эълон қилган хабарда Наманган, Хоразм, Навоий вилоят ҳокимликларида тендер қоидалари бузилганлиги маълум қилинган. Унда коррупцион ҳолат миқдори 4,7 млрд сўмлиги айтилади.

Август ойидаги агентлик маълумотида нақд 461,3 млрд. сўмлик коррупцион ҳолат аниқланган. Бу ҳолат ҳам тендер қоидаларининг бузилиши билан боғлиқ. Кўп ҳолларда тендер якунланмай баъзида эълон қилинмай қурилиш ишлари битказилиши ёки ғолибларнинг аниқ бўлиши кузатилган. 

Ҳусусан Тошкент шаҳар ҳокимлигида ҳам тендер ғолиблари эълон қилинмасдан 3,7 млрд. сўмлик таъмирлаш ва қурилиш ишлари бошлаб юборилган. Жиззах, Тошкент, Андижон вилояти ҳокимликларида ҳам худди шундай коррупцион ҳолатлар аниқлангани ҳақида агентлик хабар берган эди. 

Агентликнинг 2021 йилнинг 6 ойлик даври бўйича берган ахборотида Республика бўйича бюджет буюртмачилари томонидан қиймати 141 млрд. сўмлик 458 та танловда «Давлат харидлари тўғрисида»ги ва «Рақобат тўғрисида»ги Қонун талаблари бузилишига йўл қўйилганлиги айтилади.

Коррупцияга қарши кураш агентлиги ваколат доирасида аниқлаб тегишли органга маълумотларни тақдим этмоқда. Бироқ, ҳокимликлар гўёки жазоловчи орган билан келишиб олгандек коррупцион ҳолатларни киприк қоқмай давом эттириб келмоқда.

Энг қизиқарлиси ҳокимларнинг ўзида ана шундай йирик миқдордаги маблағлар билан боғлиқ коррупцион ҳолатлар кузатилсада, Тошкент шаҳар ва барча вилоят ҳокимлари Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашларининг раислари деб белгиланди. Ҳамда, бу ташаббус коррупцияга қарши кураш агентлиги раҳбари Акмал Бурхонов томонидан тўлиқ қўллаб қувватланди.

Доимгидек долзарб саволлар очиқ қолмоқда. Шу вақтгача ҳокимликларда аниқланган йирик коррупцион ҳолатлар айбдорлари қачон эълон қилинади ва уларга қачон чора кўрилади?

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
6
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
10.11.2021 16:40
Янги узбекистонда хокимларга хеч качон чора курилмайди 100 та агентлик тузилса хам бизда конун эмас огзаки Энг юкоридан айтилган гап мухим