Навоий вилоятига 27 йиллик солиқ мутахассиси Турсунов Нормат Тўлқинович ҳоким этиб тайинланди.
Турсуновдан аввал Навоий вилоятида Қобил Турсунов ҳокимлик қилган.
Турсунов Нормат Тўлқунович Навоий вилоятига ҳоким вазифасини бажарувчи бўлишидан аввал Тошкент шаҳар Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи эди.
Янги ҳоким Нормат Турсунов Жиззах вилояти солиқ бошлиғи ўринбосари ва Навоий вилоятлари солиқ бошқармаси бошлиғи сифатида ҳам фаолият юритган. У 1994 йилда ўз карьерасини айнан шу солиқ сохасида бошлаган.
Бугунга келиб салкам 30 йиллик катта тажрибага эга бўлган солиқ мутахассиси ўз иш жойини ташлаб, Навоий вилоятига ҳоким бўлди.
***
Нормат Турсунов шунча йиллик тажрибаси билан кўпроқ ўз иш жойида зарур эмасми? Ёки ўз иш жойида зарур бўлмаган катта тажрибали мутахассис нега йирик саноатлашган вилоятга ҳоким этиб тайинланмоқда?
Навоий вилоятида ҳоким алмашди, аммо шу вақтгача вилоятда аниқланган коррупцияга энди ким жавоб беради?
Яна очиқ қолаётган саволлар кўп.
“Бу биздан аввалги ҳоким бошчилигида бўлган”, қабилидаги баҳоналар билан Навоий вилояти ҳокимлиги ўз ишини давом эттираверадими?
Ўтган ҳафта бошида Коррупцияга қарши кураш агентлиги Навоий вилоятидаги коррупцион жиноятлар ҳақида жамоатчиликка маълумот тарқатган эди.
Маълумотларга кўра, Навоий вилоятида буюртмачилар томонидан 5 та ҳолатда умумий қиймати 1,8 млрд. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари танлов (тендер) савдолари ўтказилмасдан, пудрат шартномалари тузилмасдан бажарилган.
Навоий вилояти ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” ИК томонидан РШТЁИМ Навоий филиалида “Кислород станциясини” қуриш бўйича “tender.mc.uz” сайтига 2021 йил 17 июлда бошланғич бахоси 364 560 153 сўм бўлган эълон жойлаштирилган.
Тендер комиссиясининг 2021 йил 29 июлдаги 3692-сонли якуний баҳолаш баённомасига асосан “TAYANCH QURILISH SERVIS” МЧЖ танлов ғолиби деб топилган ҳамда буюртмачи ва жамият ўртасида 328 136 000 сўмлик пудрат шартномаси имзоланган.
Аммо, агентлик томонидан қурилиш объекти жойига чиқиб ўрганилганида, “Кислород станциясини” қуриш ишлари танлов савдолари ўтказилмасдан, пудрат шартномаси тузилмасдан 2021 йил март ойида бошланиб, 2021 йил июнь ойида далолатнома асосида тўлиқ фойдаланишга топширилганлиги ва ҳозирги кунда станция ишчи ҳолатда эканлиги аниқланган. Қизиқ, ушбу камчиликларни вилоят ҳокими пайқамаганми? Эндиликда нима учун аввалги ҳоким жавобгарликда тортилмасдан лавозимлар алмашди?
“Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунга кўра вилоят ҳокими юқорида келтирилган тендер қоидаларининг бузилишига ҳам жавобгар бўлиши керак-ку?
Агентлик томонидан коррупциялар аниқланаверади, ҳокимлар эса ўтаверади...
Эслатиб ўтамиз, "Халқ банкида млрд.ларни сарфлаб шубҳали қурилишни бошлаган Шуҳрат Отабоевнинг энди Навоийга ҳоким бўлиши кутилмоқда" мақоласидаги Ш.Отабоевнинг ҳоким бўлиши тасдиқланмади. Аммо ушбу мақолада кўтарилган саволларга жавоб кутаяпмиз.