Ҳамон дарсликлар етиб бормаган қишлоқлар борлиги бизни ҳайратлантирмай қўйди

06.11.2021 16:00

Мактабларда ўқув йилининг биринчи чораги якунланди, аммо ҳамон дарсликлар етиб бормаган мактаблар бор. Шунингдек, электрон дискли дарсликлар қишлоқдаги ўқувчилар учун муаммо бўлмоқда.

Биз тараққиёт асрида яшаяпмиз аммо, Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларидаги кўпгина оилаларда компьютер йўқ ва электр тармоғи ҳам тез-тез панд бериб туради.

Мазкур масала юзасидан сайтимизга Сирдарё вилояти Боёвут тумани Ширин маҳалласида истиқомат қилувчи Маъруфжон Абдусаматов мурожаат билан чиқди.

"Сирдарё вилояти Боёвут тумани Ширин маҳалласидаги 51-мактабнинг 2-синфида неварам ўқийди. 2-синф дарсликларининг янгича чиққан варианти талабга жавоб бермайди. Биргина "Она тили ва ўқиш саводхонлиги" китобида аудиолар берилган, эшитиб машқларни бажариш кераклиги айтилган. Лекин бу китобнинг ўзи ёки машқ дафтари мавжуд эмас. Дарс вақтида ўқитувчи уни 5 дақиқа қўйиб беради ва шу билан ўқувчиларга қайтариб ўтиб берилмайди. Бу аудио диск мактаб бўйича битта, уни уйда шуғулланиши учун ҳамманинг ҳам уйда шахсий компьютер мавжуд эмас. Бу билан фарзандларимизни саводсиз қилиб қўймаяпмизми?", – дейди М.Абдусаматов.

«Мактаб очилганига 2 ойдан ошди. Лекин ҳали-ҳамон  Боёвут туманидаги 51-мактаб 2-синф ўқувчиларига 5 та китоб (математика, она тили ва ўқиш саводхонлиги, ўқитувчи китоби, табиий фанлар, тасвирий санъат) етиб келмаган. Ўқувчиларга электрон китобдан дарс ўтилиб, уйга вазифалар берилмоқда. Шунингдек, ҳали тўлиқ интернет етиб бормаган қишлоқлар ва уйида шахсий компютери йўқ оилалар жуда кўп.

"Битта синфда 28 нафар ўқувчи бўлса, ўқитувчи улардан 3 нафари билан шуғулланса ҳам яхши ўзлаштириб олиши мумкиндир. Қолган 25 нафар ўқувчи нима қилади? Уларда китоб бўлмаса, машқлар аудиоли бўлса, ота-она шахсий компьютер ва телефон билан таъминлай олмаса, ота-она ва ўқувчилар арз додини кимга айтади? Халқ таълим вазирлигида "Вундеркиндлар"- ҳаммани шароитини бир хил кўрадиганлар фаолият юритса, улар келиб бизнинг мактабимиздаги дарсликлар бўйича ҳолатни кўришсин", – дея сўзини якунлади фуқаро М.Абдусаматов.

Республика таълим маркази бунга нима дейди?

Республика таълим маркази Матбуот хизмати раҳбари Моҳира Нуруллаевадан ушбу масала юзасидан қуйидагича жавоб олдик:

"Бу йилдан бошлаб дарслик сифатига жавоб бериш Республика таълим марказига ўтди. Жорий йилдан тўлиқ дарсликлар мазмуни ўзгартирилди. Хорижий экспертлар таклифлари бевосита инобатга олинди. Қийинлаштирилган барча дарсликларни соддалаштирдик, чунки ўқувчи тестга эмас, ҳамма дарсликдан ҳаёти давомида керак бўладиган бошланғич билимларни эгаллаши зарур. Ёндашувларни иложи борича ўзгартирдик. 

Аудиоли машқларга келадиган бўлсак, унинг машқ дафтари бор, эшитиб қилади. Бу фақатгина диск холида эмас, интернетдан QR код орқали дастурини ҳам юклаб олса бўлади. Машқ китоблари эса янги чиққанлиги боис, ҳали барча ҳудудларга етиб бормаган бўлиши мумкин. Лекин иккинчи чоракдан кейин бу муаммога барҳам берилади", – дея жавоб берди Мохира Нуруллаева.

Ўқув дарсликлари ривожланиб, ўзгариб бормоқда. Аммо, қишлоқлардаги шароит ҳамон ўша ўшалигича қолмоқда. Қишлоқ шароити яхшиланмас экан, таълим стандартларининг ўсишидан қандай самара кутиш мумкин?

  *****

Мавзуга оид мақолалар:

Халқ таълими вазирига ўқитувчиларнинг ойлиги қачон минг доллар бўлиши ҳақида савол берилди

Халқ таълими вазирлиги бажара олмаган ишни уддаламоқчи бўлган тадбиркор овораю сарсон 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
2
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
07.11.2021 12:14
G'allaorol tuman qishloq maktablariga 9 - sinf "ingliz tili" marsligi yetgib kelmagan. Internetdan foydalanishni maslahat berishibdi, ammo bu kimyo "oltin qonuni"ga zid: "Moddalar yo'qdan bor bo'lmaydi, ..."
07.11.2021 12:01
Qishloq bolari o'qimishli bo'lib ketsa, kim shaharda mardikorlik qiladi, kim Rossiya b/n Qozog'istonni boy qiladi? Axir OPA kim shaharlik "qorni och bechora"larni to'ydirish uchun ketmon chopishi kerakligini aytdilar~ku. Himmatingizning cheki yo'q