"Тоштурма" бузилди ва чиқиндихонага айланди

01.11.2021 10:17

У ерда қийналган, ўлган ва бегуноҳ жазоланган одамлар ҳақи унутилдими?

Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида жойлашган ва "Тоштурма" номи билан танилган 1-сон ҳибсхона 2018 йил январь ойида Зангиота туманига кўчирилган ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги ихтиёрига ўтказилиб, "Тоштурма"ни 3 ой ичида бузиш, сўнг бузишдан бўшаган ер майдони ўрнида замонавий хиёбон (дам олиш маскани) барпо этиш вазифаси юклатилган эди. Хўш, "Тоштурма"нинг ҳозирги аҳволи қандай? У ерда замонавий дам олиш масканини топа оламизми..?

130 йиллик тарихга эга деб айтиладиган, аслида Иккинчи жаҳон уруши арафасида иш бошлаган ушбу қамоқхона катта тарихга эга. “Тоштурма” истилоҳи эса русча “Ташкентская тюрьма” (“Тошкент қамоқхонаси”) бирикмасининг қисқартмасидир. 1891 йилда Чор Россияси амалдорлари буйруғига биноан тошдан барпо этилган. Ўзаро ер ости ва ер усти йўллари билан бир-бирига боғланган тўрт корпус мавжуд бўлган. Тарихан оладиган бўлсак, бу ҳибсхонада жуда кўп жазолар амалга оширилган. Тарихий ҳужжатларда бу рақамлар сақланиб қолмаган бўлсада, лекин бу қамоқхонанинг 1891 йилда қурилганини ҳисобга олсак, бир асрдан кўп йиллар бўлиб ўтган воқеаларга гувоҳ бўлган, албатта. У ерда қийналган, ўлган ва бегуноҳ жазоланган одамлар ҳақи учун ҳеч нарса қилинмагани бу ачинарли ҳолат аслида.

"Тоштурма"да ўзаро ер ости ва ер усти йўллари билан бир-бирига боғланган тўрт корпус мавжуд бўлса-да, бинонинг умумий аҳволи бугунги кун талабларига, халқаро стандартларга жавоб бермасди. Шу боис 2012 йил 18 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент шаҳрида бўлган, Марказий Осиёдаги энг эски ҳибсхона саналмиш УЯ 64\1-тергов ҳибсхонаси учун янги бино қуришга оид қарори имзоланди. Шу асосда Тошкент вилоятининг Зангиота тумани ҳудудида халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган янги тергов ҳибсхонаси қурилган.

Қатағон йилларида бу ерда халқимизнинг Файзулла Хўжаев, Абдулла Қодирий каби ардоқли фарзандлари ҳам тутқинликда сақланган. Қамоқхонада жазо ўтиб чиққан одам билан суҳбатлашганимизда, қуйидаги гапларни айтиб ўтди: 

“Бу қамоқхона Иккинчи жаҳон уруши йилларидан бери мавжуд ва ўлим жазоси ижро этилган вақтда, жуда кўплаб инсонлар бу жазога маҳкум этилганлиги сир эмас. Ўша отилганларнинг қанчаси айбсиз шаҳид кетгани, фақат, яратганга аён. Қанчадан қанча маҳбуслар қийноқлар оқибатида ўша ерни ўзида вафот этган. Буни тасаввур қилиш ҳам қийин. Арзимаган сабаблар билан ҳам қамалганлар бўлар эди. Бу “Тоштурма” жуда катта тарихдан гувоҳ эди. Бу ер ёпилди, бузилди ҳам. Лекин ҳали-ҳануз бирон-бир боғ қилиб қўйилмаганлиги ачинарли ҳолат. Бу ерда неча-неча одамлар ёди ва ҳақи бор. Шаҳидлар мажмуасига ўхшаган жойга тенглаштирса ҳам бўлади, аслида. Бу ерни қаровсиз қолдирмай, сўлим бир гўшага айлантириб, бегуноҳ жазоланган одамлар ҳақи учун қурбонлик қилиб, Қуръон тиловат қилиш керак” дейди исми сир қолишини сўраган фуқаро.

Қамоқхона бузилишидан олдин жуда кўплаб баҳсли вазиятларга сабаб бўлганлиги сир эмас. Аҳоли томонидан бир қанча таклифлар берилганди. Бундай катта тарихга эга бинони бузмаслик, балки музей сифатида келажак авлодга қолдириш таклифи берилган эди. Чунки бу ерда жазоланган ва ўлимга ҳукм қилинган одамларнинг ҳаммаси ҳам айбдор бўлмаган, уларнинг ичида кимдирнинг акаси, укаси, дадаси, амакиси бўлган бўлиши мумкин. Уларнинг хотирасини сақлаб қолиш учун мана шундай фикрлар аҳоли томонидан таклиф қилинган эди. Чет элда ҳам музейга айланган қамоқхоналар мавжуд. Мисол учун, Американинг “Алкатрас”, Полшанинг “Освенцим” қамоқхоналари шулар жумласидан. Лекин биздаги натижа қандай бўлди..?

Ҳукуматнинг 2018 йил 22 март кунидаги фармойишига асосан Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, Наманган кўчаси 1-уй манзилида жойлашган 1-сон ҳибсхонаси жойлашган бино ва иншоотлар Тошкент шаҳар ҳокимлигига ўтказилган. Тошкент шаҳар ҳокимлигига мазкур объектни уч ой муддатда бузиш ва бузишдан бўшаган ер майдонини ободонлаштириш ва унда барча инфратузилма объектлари мавжуд бўлган замонавий хиёбон (дам олиш маскани) барпо этиш вазифаси юкланган эди. 

Rost24 мухбири қамоқхона ўрнига бориб вазиятни ўрганди. У ер чиқиндихонага айланган. Панжаралар ўраб қўйилган, ичкари ҳудуд эса харобазор. 2018 йилдан бери нечта уч ой ўтди, лекин ҳали-ҳануз хиёбондан дарак йўқ. Одамлар фикри, таклифи эътиборга олинмади, лекин ҳеч бўлмаганда мана шу қонунийлаштирилган иш амалга оширилиши керак эди-ку. Тошкент шаҳар ҳокимлиги нимани кутмоқда?!

Пойтахт марказидаги ерлар жадаллик билан ўзлаштирилаётган бир пайтда, Юнусобод туманидаги мазкур ер харобазор бўлиб қолмоқда.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги бу бўйича нима дейди? Қурилишни кечиктириб келаётганидан манфаати борми ёки..?

Тошкент шаҳар ҳокимлигига 3 кунлаб телефон қилинади, ёзилади, лекин боғланиб бўлмайди. Ишчи телефонга боғланган ходимлар билан гаплашсангиз, "Расмий бланка билан чиқиб, мурожаат қилинг" дейди. Расмий хат билан чиқилса неча кунда жавоб чиқади деб берилган саволга "Буни билмадим" деб жавоб берган ахборот хизматидан қандай қилиб жавоб олса бўлади, масалан? Бунчалик ёпиқлик ким учун керак..?

Жавоб кутиб қоламиз 3 йиллик амалга оширилмаган иш учун...

Ирода Фархадова,

мухбир

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
5
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
01.11.2021 21:18
ким канч олибкелиб бериши учун конкус эьлон килинган булиши мумкин.Натижа чикиб колар ..ахир....
01.11.2021 16:17
Rostdan ham rivojlangan davlatlarda bunday joylar muzeyga aylantirilgan. Lekin ular rivojlangan davlatlar, bizga yo'l bo'lsin...