Депутат жаноблари, Марказий Осиё “орқа дарвозангиз” эмас...

14.12.2020 05:56

Куни кеча Давлат Думаси депутати Вячеслав Никонов “Биринчи канал”да “Катта ўйин” кўрсатувида жуда қўрқинчли ва хавотирларга сабаб бўладиган бир қалтис гапни айтиб ўтди. Эмишки, “Қозоғистон ҳудуди Россия ва Совет Иттифоқининг катта совғаси” ва “Қозоғистон эса шунчаки мавжуд бўлмаган”.

Кимсан Давлат Думасининг таълим ва илм-фан бўйича қўмитаси раҳбари тағим давлатнинг биринчи расмий телеканалда очиқдан-очиқ шундай мулоҳаза билан чиқиши шунчаки бўлмаган кўринади. Бир пайтлар «Что? Где? Когда?» кўрсатуви билимдони бўлган Никонов жаноблари оғзидан ўзи тушунмаган гапни чиқарадиган анойилардан ҳам эмас.

Унинг ортида пухта режаларни ишлаб чиққан, ташқи сиёсатни шакллантирувчи қандайдир “кўринмас кучлар турган” бўлиши аниқ.

Вячеслав Алексеевич Никонов ўзи тарихчи олим, сиёсатшунос ва ёзувчи бўлиб, собиқ СССР даврида таниқли давлат ва сиёсат арбоби бўлган Вячеслав Молотовнинг она томондан набирасидир. Вячеслав Молотов эса 1939-1949 ва 1953-1956 йилларда СССР ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаган.

Нойиб ўзи хавфсизлик хизматларига алоқадор бўлиб, 1991-1992 йилда СССР Давлат хавфсизлик хизмати раиси ёрдамчиси бўлиб ишлаган. АҚШнинг элчихоналарида эшитув қурилмалари билан боғлиқ можародан кейин салгина йўналишини ўзгартирган, холос.

У 1993 йилдан буён ички ва ташқи сиёсат бобида амалий ва фундаментал тадқиқотлар олиб борадиган, ижроия ва қонунчилик органларига тавсиялар тайёрлайдиган, турли ижтимоий тадқиқотлар олиб борадиган, сиёсий ҳаётнинг мониторинги билан шуғулланадиган “Сиёсат” жамғармасининг президенти ҳамдир.

Мазкур жамғарма эса бир пайтнинг ўзида Сиёсий технологиялар маркази, Сиёсий маслаҳатлашувлар марказлари уюшмаси, Парламент дастурлари маркази, “Россия ижтимоий-сиёсий марказлар” жамғармаси, “Индем” жамғармаси, Минтақавий дастурлар жамғармаси таъсисчиларидан бири эканлиги ҳисобга олинса, бундай баёнотлар қандайдир ишлаб чиқилган ёки тайёрланаётган пухта концепциялар ва стратегияларнинг ажралмас бир бўлакчаси эканига ҳам ўзига хос ишора беради.

Бундан ташқари, у “Россия номи билан бирлик” жамғармаси президенти, Ташқи ва мудофаа сиёсати бўйича кенгаши раёсати аъзоси, Биринчи канал экспертлар клуби аъзоси, “Россия глобал сиёсатда” журнали таҳририят кенгаши раиси ўринбосари, “Россия стратегияси” журнали бош муҳаррири, Халқаро ҳамкорлик ва халқ дипломатияси бўйича комиссия раиси, “Рус дунёси” жамғармаси бошқаруви раиси каби турли-туман лавозимлари унинг баёнотлари тарозида тош босишини билдиради.

Депутат жаноблари уч маротаба Давлат Думасига сайланганини ва Путин ва Медведев раҳбарлик қиладиган “Ягона Россия” партияси вакили эканлиги ҳисобга олинса, у шунчаки ўзининг шахсий фикрини айтмагани ҳам рўй рост кўринади.

У ҳашаки халқ вакили ҳам эмас. Депутатлик даврида бир неча бор турли қўмиталарга раҳбарлик ҳам қилган, 30дан ортиқ қонунчилик ташаббуслари ва федерал қонунларга ўзгартиришлар киритиш бўйича ҳаммуаллифлардан саналади. 2009 йилда Европа рус альянси томонидан хориждаги ватандошларни қўллаб-қувватлаш бўйича фаол ишлари учун медал билан тақдирланган бўлса, 2013 йилда “Ватан олдидаги хизматлари учун” 2-даражали ордени билан мукофотланган.

Москва давлат университети давлат бошқаруви факультети декани, тарих фанлари доктори демак бутун ёш авлодни Қозоғистон ҳақида шу руҳда ўқитиб келаётгани ҳам англашилади.

Аслида бундай фикрлар Қозоғистоннинг ҳудудий яхлитлигига ва суверенитетига очиқ таҳдид, миллий хавфсизлигига хатардир.

Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги бу масала бўйича кескин норозилик билдириб чиқди. Ташқи ишлар вазири ўринбосари Марат Сиздиков РФнинг муваффақат ишлар вакили Александр Комаровни чақириб тушунтириш сўради.

Ташқи сиёсат маҳкамаси томонидан бундай мулоҳазалар иғвогарона тусга эга бўлиб, иттифоқчилик муносабатларига жиддий зиён етказиши таъкидланди. Бу каби чиқишларга Россия томонидан тегишли баҳо берилиши ва яна қайта йўл қўйилмаслиги бўйича нота юборилди.

Вазият қалтис тус олгач, у ўз фикрларини изоҳлаб, “Қозоғистоннинг манфаатларига Қозоғистон ССРнинг чегарасини белгилаш чоғида тўлиқ риоя этилган деб ҳисоблайман. Биродар Қозоғистон халқи номига энг илиқ туйғуларимни изҳор этаман”, деб тўғирлаши билан масала шунчаки ёпилиб кетмаслиги керак.

Албатта, бу масала бўйича ҳалигача муносабат билдирмаган Россия ташқи ишлар вазирлиги, ҳамиша ҳозиржавоб Россия Президентининг таниқли матбуот котиби ва албатта Давлат Думаси расмий муносабатини бериши шарт.

Қолаверса, бизнинг партияларимиз ҳам, депутат (Расул Кушербаевдан бошқа албатта) ва сенаторларимиз ҳам Қозоғистон қўшни давлат, бизга алоқаси йўқ, Россия билан муносабатларимизда эҳтиёткорлик шарт деган позицияларга ёпишиб олмасдан, бундай қалтис ва жуда хатарли, кейинги пайтларда тобора кўпайиб бораётган нохолис ва тотувликка раҳна солувчи чиқишларга қарши ўз фикрларини доимий бериб боришлари лозим.

Бинобарин, Қозоғистон бизни кўп асрлар давомида қудратли давлатлардан ҳимоя қилиб турадиган ўзига хос қўрғон ҳам, бир-бирини қўллаб-қувватлаб келган қардош халқ ҳамдир. Юз эллик йил аввалги хатони қайта такрорламаслик, мустақилликдек улуғ неъматга зимдан ва кўринмас тошлар отилаётган ахборот маконида ҳам қатъий ҳимоя қилиш ҳаммамизнинг ҳам бурчимиздир.

Давлат Думадаги катта амалдорларнинг бундан мулоҳазалари аслида бутун Марказий Осиё хавфсизлиги ва барқарорлигига салбий таъсир кўрсатади.

Бир пайтлар Россия Ташқи ишлар вазирлиги мутасаддиси Мария Захарова хонимнинг Ўзбекистонда давлат тили бўйича олиб борилаётган ишларга билдирган танқидий баёноти ҳам Москва билан муносабатларда доимо эҳтиёткорлик ортиқча эмаслигини кўрсатиб келмоқда.

Шерали Отабоев, журналист

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар