Ўзбекистон Экологик партиясидан Президентликка номзод Нарзулло Обломуродов қорақалпоғистонлик сайловчилар билан учрашди.
Президентликка номзоднинг таржимаи ҳолини Қорақалпоғистон Республикаси бўйича ишончли вакили Лейли Сейтова ўқиб эшиттирди.
Нарзулло Обломуродов ўз сайловолди дастури билан иштирокчиларни батафсил таништирди. Жумладан, Оролбўйи минтақасининг экологик муаммолари масаласига атрофлича тўхталиб ўтди.
“Орол денгизининг қуриши оқибатида пайдо бўлган 5,5 миллион гектардан ортиқ майдонни эгаллаган “Оролқум” саҳроси Оролбўйи ҳудуди ва бутун Ўзбекистон ҳамда Марказий Осиё ҳудудининг атмосферасига таъсир кўрсатаётгани барчамизга маълум. Маълумотларга кўра, “Оролқум”дан зарарли кимёвий унсурлар, туз ва тупроқ заррачаларидан иборат чанг ҳавога кўтарилиб, шамол билан бутун дунёга тарқалмоқда.
Охирги йилларда Оролбўйи минтақасида илк бор пайдо бўлган “туз ёмғирлар” айнан шу муаммонинг ўта долзарблигини яна бир бор кўрсатди.
Инсоният ҳаёти учун энг муҳим омил бўлган атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, унинг сифат кўрсаткичларини экологик нормативларга мувофиқлигини таъминлаш стратегик мақсадимиз бўлиб қолади.
Хабарингиз бор, жаҳоннинг энг илғор мамлакатлари “яшил” иқтисодиётга ўтиш ишларини аллақачон бошлаб юборган. Чунки дунёнинг бугунги қиёфаси, тиклаб бўлмас экологик фалокатлар ва атроф муҳитга етказилаётган улкан зарарлар мана шуни тақозо этади. Ўзбекистон 2019 йилда “яшил иқтисодиёт”га ўтиш стратегияси”ни қабул қилди.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, мамлакатда углерод сарфини кескин камайтириш, иқтисодиётнинг барча тармоқларида экологик тоза ва ресурс тежамкор технологияларни жорий этиш бўйича кўрилаётган чоралар етарли эмас. Шунинг учун ҳам “яшил тараққиёт” сайловолди дастуримиздаги энг муҳим йўналишлардан бири сифатида белгиланган. Қорақалпоғистонлик ва мўйноқлик ёшлар бу улкан вазифаларни амалга оширишда фаоллик кўрсатишига, бизга кўмакчи бўлишига умид қиламиз,”— деди Нарзулло Обломуродов.
Шундан сўнг турли соҳа вакиллари ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Хўжайли тумани, 23-мактаби директори, Ўзбекистон Экологик партияси аъзоси Клара Казакбаева:
"Экологик таълим соҳасида экология ва атроф муҳит муҳофазаси борасида узлуксиз экологик таълим сиёсатини олиб бориш устувор вазифа сифатида белгиланган. Дастурда узлуксиз экологик таълим стратегиясини ишлаб чиқиш белгиланган.
Дастурда қишлоқ аёлларига таълим соҳасида назарда тутилаётган имтиёзлар хотин-қизларнинг таълим олишга қизиқишни уйғотиши табиийдир. Республикамизда аҳолининг кўп қисми қишлоқларда истиқомат қилади. Дастурда белгиланган вазифаларнинг тизимли амалга оширилиши, хусусан “яшил” иқтисодиёт, “ақлли” қишлоқ хўжалигини ривожлантириш орқали “яшил” иш ўринларининг барпо этилиши ўз навбатида қишлоқ аёлининг меҳнат қилиш ва қулай яшаш шароитларига эга бўлиш имкониятларини кенгайтиради."
Болалар ва Оилани қўллаб-қувватлаш Ассоциацияси, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси раиси Шолпан Асанова:
"Номзоднинг сайловолди дастуридаги жамиятда юксак экологик маданиятни шакллантириш, она табиатни, жумладан ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраб-авайлаш, уларга нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ҳиссини кучайтириш, экологик маданиятни юксалтириш бўйича Миллий дастурни қабул қилиш, оила ва маҳалла тизимида инсоннинг табиатга бўлган муносабатини тубдан ўзгартиришга қаратиш каби вазифалар устувор аҳамиятга эга.
Зеро, атроф муҳит барқарорлигини таъминлаш бугун ҳар қачонгидан муҳимдир."
Талаба Аллаёр Дарменов:
"Экологик маданиятни ривожлантиришда ёш авлодда гўдакликданоқ атроф муҳитга, табиатга, жониворларга меҳр-муҳаббат уйғотиш муҳим. Номзоднинг дастуридаги узвий экологик таълимни йўлга қўйиш ғояси ҳам ушбу мақсад йўлида хизмат қилади. Шу ўринда мен экологик муаммоларга қарши курашишда ёшларнинг фаоллигини ошириш учун “ Эко эртаклар” танловини ўтказишни таклиф қиламан."
Қизилжар ОФЙ, Али овул қишлоғи оқсоқоли Баҳодир Дўсмуродов:
"Ўзбекистон Экологик партияси кўпгина ташаббуслар билан чиқиб халқимизнинг меҳрини қозонмоқда. Мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган “Мўйноққа мадад” экологик хайрия веломарафони бунинг ёрқин мисолидир. Энг муҳим жиҳати шундаки, марафон доирасида жалб этилган ҳомийлик ва хайрия маблағлари Мўйноқ туманидаги Али овул қишлоғини ободонлаштириш, суғориш-ирригация тизимларини яхшилаш, тоза ичимлик суви тармоғини тортиш, иш ўринлари яратиш сингари аҳоли фаровонлигини ошириш борасидаги эзгу ишлар учун йўналтирилди."
Қорақалпоғистонлик сайловчилар билан учрашув ҳам савол ва мунозараларга бой бўлди. Айниқса, Мўйноқ туманида сўнгги йилларда амалга оширилган ишлар, бунда Экопартия томонидан олиб борилган фаол ташаббуслар ҳам эътироф этиб ўтилди.
Учрашув якунида Нарзулло Обломуродов Мўйноқнинг меҳнаткаш ва сабр-бардошда барчага ўрнак бўла оладиган халқига самимий миннатдорчилик билдирди.