Экология муаммолари бўйича "Адолат" СДП бош қотирмоқда

02.10.2021 06:44

 Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 50-моддасида “Фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар” деб таъкидланган. 

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 88-моддасида “Дала ва аҳоли пунктларида анғиз, хазон ва шох-шаббаларни ёки ўсимликларнинг бошқа қолдиқларини ёқиб юбориш атмосфера ҳавосини зарарли моддалар билан ифлослантиришга олиб келса, фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади” дея қайд этилган.

“Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 2-моддасида ёзилишича, табиатни муҳофаза қилиш объектлари (ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, атмосфера ҳавоси) ифлосланишдан, бузилишдан, зарарланишдан, ориқлаб кетишдан, вайрон бўлишдан, йўқ бўлиб кетишдан, нооқилона фойдаланишдан муҳофаза этилиши лозим.

“Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4-моддасида эса “Фуқаролар атмосфера ҳавосини авайлашлари, унинг ифлосланишига, камайишига ва унга физикавий омиллар зарарли таъсир этишига олиб келувчи ҳаракатларни қилмасликлари шарт”, деб ёзилган.

Кўриб турганингиздек, хазон ёқилишини қонун тақиқлайди, мутахассислар қоралайди. Лекин ҳамон куз келиши билан хазон тутуни кўзларни ачиштиришни, димоғни бўғишни бошлайди. Афсуски, тегишли ташкилотлар томонидан назорат кўнгилдагидек эмас. Экологик партия (ҳаракат сифатида фаолият юритганида ҳам, партияга айланганидан кейин ҳам) бу борада таъсирчан ташаббуслар билан чиққани йўқ.

Тоза ҳаводан ўпкасини тўлдириб нафас олиш ва бу орқали соғлом яшаш – инсониятнинг олий ҳуқуқи, унга дахл кўрсатувчи ҳар қандай омилга қарши қатъий курашиш шарт!

Баҳром АБДУҲАЛИМОВ,

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар