Халқимизнинг давлатга ишончи йўқми?

17.09.2021 20:27

“Халқнинг давлатга ишончини вакциналаш жараёни кўрсатди” - Адлия вазири Русланбек Давлетов

Вакциналаш жараёни халқнинг давлатга ишончини ҳам кўрсатди, деди Адлия вазири Русланбек Давлетов ТДЮУ ўқитувчилари билан бўлган учрашувда.

"Халқнинг давлат органларига ишончи нақадар муҳимлигини вакцинация жараёнида кўрдик. Қаерда, қайси мамлакатда давлатга халқнинг ишончи юқори бўлса, вакцинация даражаси шунча юқори бўляпти. Булар ўзаро тўғри пропорционал", – деди вазир. 

Русланбек Давлетов айтишича, Ўзбекистонда ҳам вакциналаш жараёни кўнгилдагидек эмас, чунки вакцина хорижий мамлакатлар билан бир хил бўлса-да, одамлар орасида ишончсизлик бор.

Маълумот учун, Хитой яқинда 1 миллиард аҳолиси тўлиқ вакциналанганини маълум қилди. Бу ушбу мамлакат аҳолисининг 70 фоизини ташкил қилади. Россия, дунёда биринчи бўлиб коронавирусга қарши вакцина яратган бўлса-да, аҳолини эмлаш даражаси нисбатан суст олиб борилмоқда - 17 сентябргача 40 миллион киши (28%) тўлиқ эмланган.

Ўзбекистонда 7 сентябрь ҳолатига 9,7 миллион киши COVID-19га қарши вакцинанинг камида биринчи дозасини олган. Бу жами эмланувчиларнинг 45,4 фоизини ташкил қилади.

"Ижтимоий фикр" республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, респондентларнинг 53,2 фоизи эмлашга тайёрлигини кўрсатган, 36,5 фоизи эмлашдан воз кечган ва 10,3 фоизи эса ҳали бир тўхтамга келмаган.

ЖССТ мутахассислари айтишига кўра, аҳолининг 70 фоизи эмланганидан сўнг пандемия тўхташи мумкин.

Демак, шу фоизга етмагунча пандемия билан боғлиқ муаммолар юртимизда тугамаслиги мумкин...

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар