Толибон” ҳаракати Афғонистоннинг қонуний ҳукуматини шакллантириш учун олти ойдан кейин сайлов ўтказмоқчи. Бу ҳақда “The Khaama Press” хабар берган.
Таъкидланишича, Афғонистоннинг доимий ҳукумати, расмий кабинет сайлов натижалари асосида тузилади.
Мамлакатнинг ҳозирги ҳокимияти ярим йилдан кейин сайлов ўтказади. Унгача эса “Толибон”нинг ўтиш даври ҳукумати ишлайди.
Манбага кўра, ҳаракат ташкил этган ўтиш даври ҳукумати қарама-қаршиликларга дуч келган. Аҳолининг бир қисми “Толибон” ҳокимиятни монополлаштирди, деб ишонади. Ҳукумат аъзоларининг барчаси “Толибон” расмийлари ва улар орасида бирорта ҳам аёл йўқ. Жамоатчилик фикрича, бу “Толибон”нинг инклюзив бошқарув тузиш ҳақидаги ваъдаларига тўғри келмайди.
Шунингдек, Афғонистон парламенти қуйи палатаси бош котиби Абдул Қодир Зазай Ватандост “Толибон” муваққат ҳукумати икки йилгача шу шаклда ва шароитда ишлаши мумкинлигини айтган.
Шундан сўнг, агар ҳаракат сайловлар унинг позицияларига зарар етказмаслигига ва таъсир доирасининг қисқариши жиҳатидан катта хавф туғдирмаса, "Толибон" сайлов ўтказиши мумкин.