Беш йил аввал Шавкат Мирзиёевга президент вазифасини бажариш юклатилган эди. Тарихий мажлисдан репортаж

08.09.2021 08:57

Ислом Каримов вафотидан бир ҳафта ўтиб, 2016 йилнинг 8 сентябрь куни Ўзбекистон парламенти палаталарининг қўшма мажлиси бўлиб ўтган эди. Унда мамлакатнинг ўша вақтдаги бош вазири ҳисобланган Шавкат Мирзиёевга Ўзбекистон президенти вазифа ва ваколатларини вақтинча юклатиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган

Ушбу тарихий мажлис ҳақида «Ўзбекистон» телеканали салкам икки соатлик репортаж тайёрлаган. Унда мажлисда сўз олган арбобларнинг чиқишларидан лавҳалар кўриш, бўлажак президентнинг нутқи билан танишиш мумкин.

«Дарё» мазкур сана муносабати билан «Ўзбекистон» телеканалининг ушбу репортажини тўлиқ матнлаштирди. 

«Ўзбекистон» телеканалининг бошловчиси:

Тошкентда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари, таклиф этилган Вазирлар Маҳкамаси аъзолари, вазирликлар ва идоралар раҳбарлари, бошқа ташкилотларнинг, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирокида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов олиб борди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов.

Нурдинжон Исмоилов: Ассалому алайкум, қадрли депутатлар, сенаторлар ва қўшма мажлис иштирокчилари. Бугун бутун Ўзбекистон халқи чуқур қайғуда. Куни кеча биз ҳаммамиз учун қадрли ва эъзозли бўлган, халқимизнинг чексиз меҳр-муҳаббатини қозонган буюк инсон, мустақил мамлакатимизнинг биринчи президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов билан видолашдик. Мана шу қайғули кунлар давомида юртбошимиз бутун Ўзбекистон аҳлининг энг севимли инсонига, раҳнамосига айланганини юракдан ҳис этмоқдамиз. Халқимизнинг бирдамлигига, бизни танлаган йўлимиздан ҳеч ким ҳеч қачон қайтара олмаслигига яна бир бор амин бўлдик.

Мажлис бошланган вақтдаги ахборот. Соат 11:26.

Шу билан бирга Ислом Абдуғаниевич нафақат бизнинг мамлакатимизда, балки бутун дунё ҳамжамиятида тинчлик, барқарорлик, фаровонлик ва тараққиёт тимсоли сифатида ўчмас из қолдирганлигига гувоҳ бўлдик. Муҳтарам президентимиз ўтган 25 йил мобайнида миллий парламентимиз ривожи, унинг фаолиятини такомиллаштириш, самарадорлигини ошириш борасидаги масалаларни ҳам ўз назарларидан четда қолдирмадилар. Ислом Абдуғаниевич ўзининг матонати, жасорати, садоқати билан Ўзбекистонни истиқлол йўлига олиб чиқди ва халқининг, Ватанининг барқарорлиги, осойишталиги ва фаровонлиги учун бутун ҳаётини, ўз жонини аямади.

Азиз дўстлар! Қадрдон президентимизнинг ўчмас хотирасини ёд этиб, бир дақиқа сукут сақлашингларни сўраймиз. Раҳмат.

Мажлис қатнашчилари Ислом Каримов хотираси учун сукут сақламоқда.
Мажлис қатнашчилари Ислом Каримов хотираси учун сукут сақламоқда.

Қадрли депутатлар, сенаторлар ва қўшма мажлис иштирокчилари. Кеча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенати Кенгашининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда Ўзбекистон Республикаси президентининг вазифа ва ваколатларини вақтинча юклатиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилиб, Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг қарори қабул қилинди. Шу асосда бугунги қўшма мажлиснинг кун тартиби лойиҳаси белгилаб олинди. Кун тартибига Ўзбекистон Республикаси президентининг вазифа ва ваколатларини вақтинча юклатиш тўғрисидаги масала киритилган.

Кун тартиби лойиҳаси бўйича Олий Мажлис Сенатининг раиси Ниғматилла Тўлқинович Йўлдошев сўз сўраяптилар. Марҳамат, сўз Ниғматилла Тўлқиновичга.

Ниғматилла Йўлдошев: Қадрли депутатлар, Сенат аъзолари ва мажлис қатнашчилари. Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг бевақт вафоти бутун халқимиз, қолаверса, жаҳон жамоатчилиги учун катта йўқотиш бўлди. Шак-шубҳасиз, мамлакатимизнинг мустақилликка эришгани, тарихан қисқа муддатда шиддат билан ривожланаётган давлатга айлангани буюк тарихий шахс, қатъият ва шижоат соҳиби Ислом Каримов номи билан чамбарчас боғлиқдир. Зотан бутун дунёда ўзбек модели сифатида тан олинган тараққиёт стратегиясига эга янги давлат ва жамият шахсан президентимиз раҳнамолигида барпо этилди. Босқичма-босқич, тадрижий йўл билан амалга оширилган ислоҳотлар натижасида барча соҳаларда мамлакатимиз улкан ютуқларни қўлга киритди. Ўзбекистон танлаган ривожланиш йўлининг муқобили йўқлигини, унинг тўғри ва ҳаётий эканлигини даврнинг ўзи тасдиқлаб берди. Бу ҳақиқатни дунё ҳам тан олди. Бутун халқимиз томонидан президентимиз вафоти муносабати билан билдирилган таъзия изҳорлари ва қилинган самимий дуолар ушбу йўлнинг нақадар оқилона эканлигини такрор ва такрор исботлади.

Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев.

Мотам кунларида фуқароларимиз кўзларидан оққан ёшлар 32 миллионли халқнинг ўз раҳнамосига бўлган чексиз меҳр-муҳаббати ифодасидир. Бундай эҳтиром буюк давлат арбоби раҳбарлигида олиб борилган халқпарвар, одил ва оқил сиёсатнинг эътирофи, тимсоли ҳам десак асло хато қилмаймиз. Ўз навбатида, айнан шундай сиёсат энг буюк мақсадлар сари халқ ва давлатни жипслаштиргани яна бир карра аён бўлди. Халқ ва давлатнинг бундай бирдамлиги биринчи президентимиз бутун умрини, жонини бахшида қилган ғоялар албатта рўёбга чиқишининг ва эзгу ишлар давом этишининг муҳим гаровидир. Бугун бизнинг олдимизда турган устувор вазифамиз, таъбир жоиз бўлса, муқаддас бурчимиз, аввало, мамлакатда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик ҳамда тараққиётнинг бардавомлигини таъминлашдан иборат. Ишончимиз комилки, халқимизнинг меҳнати, ақлу заковати ва қатъий иродаси билан олий мақсадларимизни албатта рўёбга чиқаришга эришамиз.

Ҳурматли парламент аъзолари. Конституциямизнинг 96-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги президенти ўз вазифаларини бажара олмайдиган ҳолатларда унинг вазифа ва ваколатлари вақтинча Олий Мажлис Сенати раисининг зиммасига юклатилади. Бунда уч ой муддат ичида «Ўзбекистон Республикаси президенти сайлови тўғрисида»ги қонунга мувофиқ президент сайлови ўтказилади. Бироқ, шунга эътиборингизни қаратмоқчиманки, президент вазифаларини юклатиш тўғрисида қарор қабул қилиш жиддий масъулиятни талаб этади. У расмиятчилик эмас, балки ҳар томонлама пухта ўйланган тўлақонли сиёсий ёндашувни талаб этади. Айниқса, бугунги ўта мураккаб халқаро шароитда давлатимиз, жамиятимиз олдидаги вазифалар кўламини инобатга олишимиз лозим. Энг асосийси, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддасига мувофиқ, президент вазифаларини бажарувчи шахс республика суверенитети, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини муҳофаза этиш, олий ҳокимият ва бошқарув органларининг баҳамжиҳат ишлашини таъминлаш, мамлакат ичкарисида ва халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикаси номидан иш кўриш, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Олий бош қўмондони сифатида қатор жиддий масалаларни ҳал этиш ҳамда Конституциямиз ва қонунларимизда назарда тутилган бошқа ўта масъулиятли вазифаларни бажариш учун етарли билим ва амалий тажрибага эга бўлиши зарур.

Мен меҳнат фаолиятим давомида асосан прокуратура ва адлия органларида ишлаганман, бироқ давлат ҳокимияти ва бошқарувининг бошқа идораларидаги раҳбарлик лавозимларида етарли тажрибага эга эмасман. Бир ярим йил мобайнида Сенат раиси лавозимида орттирган тажрибам мамлакатнинг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ривожланишига, жамоат хавфсизлигини таъминлашга доир муҳим масалаларни ҳал этиш учун етарли эмас деб ўйлайман. Юқоридагиларга асосан ва Ўзбекистон Республикаси президентининг вазифаларини вақтинча бажариб туриш қанчалик катта масъулият эканлигини тўлиқ ва чуқур англаган ҳолда, сизлардан бу вазифа ва ваколатларни бажаришни менга юкламасликларингизни илтимос қиламан.

Сизларга яхши маълумки, Ўзбекистон Республикасининг бош вазири Шавкат Миромонович Мирзиёев мустақиллик йилларида барча соҳаларда амалга оширилган ислоҳотлар жараёнида биринчи президентимизга елкадош бўлди. Шавкат Миромонович 1992—2003 йилларда Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани, Жиззах ва Самарқанд вилоятлари ҳокими лавозимларида, 2003 йилдан буён эса Ўзбекистон Республикаси бош вазири лавозимида фаолият юритиб, катта маҳорат мактабини ўтади. Ўтган йилларда мамлакатимизда амалга оширилган йирик тадбирлар, дастурлар ва бошқа лойиҳаларнинг рўёбга чиқарилишида бевосита раҳбарлик қилган ва ҳамда ўзини моҳир ташкилотчи сифатида намоён этган Шавкат Миромонович бутун халқимиз ўртасида самимий ҳурмат қозонди. Шунингдек, у хорижий давлатлар ҳукумат раҳбарлари орасида ҳам катта обрўга эга. Бинобарин, президентнинг вазифа ва ваколатларини вақтинча бажаришга Шавкат Миромонович ҳар томонлама муносиб, деб ҳисоблайман.

Ҳурматли депутатлар ва сенаторлар! Юқоридагиларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси президентининг вазифа ва ваколатларини Ўзбекистон Республикасининг бош вазири Шавкат Миромонович Мирзиёев зиммасига вақтинча юклаш тўғрисидаги таклифимни қўллаб-қувватлашингизни сўрайман. Менинг мазкур таклифим Сенат Кенгашининг бугун бўлиб ўтган мажлисида кўриб чиқилди ва уни қўллаб-қувватлаш тўғрисида алоҳида қарор ҳам қабул қилинди. Ушбу қарорнинг сизлар томонингиздан ҳам эътиборга олиниши юртимиз равнақи, Ватанимиз тараққиёти ҳамда халқимиз фаровонлигига хизмат қилишига ишонаман.

Кун тартибидаги масала бўйича, шунингдек,

  • Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари, ЎзЛиДеП Сиёсий кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Содиқжон Турдиев,
  • Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари, «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Сарвар Отамуротов,
  • Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари, Халқ демократик партияси Марказий кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов,
  • Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари, «Адолат» социал-демократик партияси Сиёсий кенгаши раиси Наримон Умаров,
  • Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари, Ўзбекистон Экологик ҳаракати Марказий кенгаши раиси Борий Алихонов,
  • Олий Мажлис Сенатининг қўмита раиси Содиқ Сафоев,
  • Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси — Ўзбекистон Сенати раиси ўринбосари Муса Ерниязов,
  • Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмитаси раиси Акмал Саидов,
  • Фанлар академияси президенти, Сенат аъзоси Шавкат Солиҳов,
  • Самарқанд вилояти ҳокими, Сенат аъзоси Зоир Мирзаев,
  • «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий кенгаши раиси Баҳодир Ғаниев,
  • Тошкент ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи директори, Сенат аъзоси Агриппина Шин,
  • Тошкент вилояти Бўка тумани «Ёқутхон Саид» фермер хўжалиги раҳбари Саидислом Сайдуллаев,
  • Андижон вилояти ҳокими, Сенат аъзоси Шуҳратбек Абдураҳмонов,
  • Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ўринбосари, Сенат аъзоси Иқбол Мирзо,
  • Тошкент шаҳар ҳокими, Сенат аъзоси Раҳмонбек Усмонов,
  • «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси — бош директори, Сенат аъзоси Александр Фармонов,
  • Бухоро вилояти ҳокими, Сенат аъзоси Муҳиддин Эсонов,
  • Қашқадарё вилояти ҳокими, Сенат аъзоси Зафар Рўзиев,
  • Навоий вилояти ҳокими, Сенат аъзоси Эркинжон Турдимов,
  • «Қорақалпоғистон тонги» газетаси бош муҳаррири, Сенат аъзоси Гулистон Аннақиличева,
  • Сурхондарё вилояти ҳокими, Сенат аъзоси Тожимурод Мамарайимов,
  • Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Фарғона вилоят бўлими раҳбари, Сенат аъзоси Энахон Сиддиқова,
  • Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдуқодир Тошқулов,
  • Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавлудахон Хўжаева,
  • Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг биринчи ўринбосари — молия вазири Рустам Азимов

сўзга чиқиб, ҳозирги шароитда барқарорликни сақлаш, жамоат хавфсизлиги ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш, мамлакатни ривожлантиришнинг энг муҳим сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий масалаларини самарали ҳал этиш зарурлигини эътиборга олиб, Олий Мажлис Сенати раиси Ниғматилла Йўлдошевнинг таклифини қўллаб-қувватладилар.

Собиқ Молия вазири Рустам Азимов.

Рустам Азимов: Ҳурматли раис, ҳурматли Сенат аъзолари, ҳурматли депутатлар. Бугун оғир кунларда турибмиз. Куни кеча муҳтарам юртбошимиздан жудо бўлдик ва бутун халқимизга жуда катта, оғир мусибат келтирди. Албатта, Ислом Абдуғаниевич тўғрисида кўп гапирилди ва ҳали кўп гапирамиз. Бу инсон Ўзбекистонни энг оғир даврида бошқариб, Ўзбекистонни энг хонавайрон бўлган республикадан ривожланган, тинч-тотув, барқарор, халқи бахтли ҳаёт кечирадиган давлатга айлантирдилар.

Лекин афсуски бугун Ислом Абдуғаниевич бизни тарк этдилар ва ҳозир бутун халқимиз, 32 миллион қайғурган халқимиз катта савол беряпти — нима бўлади эртага? Давлатимиз қаерга боради? Муҳтарам президентимиз яратган заминни давоми қандай бўлади, деган саволга шу кунларда, авваламбор, сенаторлар, депутатлар, ҳукумат аъзолари — жавоб топишимиз керак.

Шу нуқтаи назардан қараганда бугун Сенатимиз раиси Ниғматилла Тўлқинович Йўлдошевнинг ҳамда Сенат Кенгашининг таклифини, ўйлайманки, давлатчилигимизнинг ривожланиши, энг юқори поғонага чиқишининг далолати бўлади. Чунки улар нафақат расмий нуқтаи назардан, балки чуқур англаган тарзда, ҳозирги оғир, таҳликали даврда 32 миллионли халқнинг тақдирини ўйлаган тарзда шу таклиф билан чиқишди. Ва, ўйлаймизки, ҳаммамиз шу таклиф билан чиқишгани учун, авваламбор, Сенат аъзоларига, Йўлдошев Ниғматилла акага миннатдорчилигимизни билдиришимиз керак.

Ҳозир таклиф бўлдики, Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг зиммаларига Ўзбекистон давлатининг президентлик ваколатини ҳамда вазифаларини юклатиш. Ўйлайманки, ҳозирги даврда бу энг муҳим ва якка-ю ягона тўғри таклиф бўлади ва буни мендан олдин сўзга чиққанлар тўлиқ тасдиқлаб берди. Шавкат Миромоновичнинг кўп фазилатлари бор, кўп ҳислатлари бор. Лекин кўп фазилатларининг ичида биринчиси нима деб сўрасангиз, мен ўйлайманки, биринчи фазилатлари – Ватанни севиш фазилати.

Давлатнинг раҳбари ҳар бир масалани – бизга буни юртбошимиз Ислом Абдуғаниевич ўргатганлар – тагига етиб, кейин аниқ қарор бериш жуда муҳим ва шу нуқтаи назардан Шавкат Миромоновични, мана, кўп одамлар сўзга чиқди, қишлоқ хўжалиги бўладими, фан бўладими, саноат бўладими, таълим тизими, тиббиёт тизими, ҳар бир соҳанинг ичига, тагига етиб, уни чуқур билиб, англаб ўзларининг ёндашувларини белгилаб, кейин қарор берадилар.

Учинчиси, бу ишчанлик. Ҳукумат аъзоси сифатида айтишим мумкин, кечаси соат 2:00 да ҳам телефон қиладилар, топшириқлар бериб. Эрталаб биз ишга келганда, саволлар бўлади, «улаб беринглар» деб сўраганимизда, «йўқ» дейишади — эрталаб соат 6:00 дан селектор ўтказяптилар. Кечаси 2:00 да топшириқ, эрталаб соат 6:00 дан қишлоқ хўжалиги ёки бошқа масалалар бўйича селектор ўтказадилар. Бунақанги ишчанликни нафақат бизнинг давлатимизда, балки дунёда ҳам камдан-кам кўриш мумкин.

Ва энг муҳими, мен ўйлайманки, ҳар битта қарорларида Шавкат Миромонович биринчи галда оддий одамларнинг манфаатларини ўйлайдилар. Оддий одамларнинг манфаати қай даражада бажариляпти? Қоғозда эмас, чиройли шиорларда эмас, амалда. Айтмоқчиманки, Шавкат Миромонович юртбошимизнинг ҳақиқий, содиқ шогирди бўлганлар ва бўлиб қоляптилар. Шавкат Миромонович юртбошимизнинг сиёсий фарзанди деб айтсак, менимча, тўғри бўлади. Шавкат Миромонович юртбошимизнинг сиёсий меросхўри деб айтсак ҳам, тўғри бўлади.

Шунинг учун мен ҳукумат вакили сифатида, ижро ҳокимияти вакили сифатида ҳурматли сенаторларни ва депутатларни Шавкат Миромонович Мирзиёев зиммаларига Ўзбекистон Республикаси президенти вазифаси ва ваколатларини юклатишга даъват қиламан ва шу учун сизларни овоз беришга илтимос қиламан. Раҳмат.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси бош вазири Шавкат Мирзиёев сўзга чиқди.

Шавкат Мирзиёев: Ҳурматли спикер, ҳурматли Сенат раиси, муҳтарам депутатлар ва сенаторлар, қадрли қўшма мажлис иштирокчилари. Шу кунларда барчамиз биргаликда юрагимизда чуқур дард билан, ўрнини тўлдириб бўлмайдиган оғир жудоликни бошимиздан кечирмоқдамиз. Нуроний оқсоқолларимиз, мўътабар оналаримиз ва опа-сингилларимиз, ёш йигит ва қизларимиз, 32 миллионли бутун Ўзбекистон халқи, хорижий мамлакатлардаги кўпсонли дўстларимиз буюк давлат ва сиёсат арбоби, мамлакатимизнинг биринчи президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовни чексиз қайғу билан сўнгги йўлга кузатдилар.

Шу фурсатдан фойдаланиб, азиз Ислом Абдуғаниевичнинг рафиқалари — ҳурматли Татяна Акбаровнага, азиз синглимиз Лола Исломовна ва яқинларига барчамизнинг номимиздан яна бир бор чуқур таъзия билдиришга рухсат бергайсиз.

Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев нутқ сўзламоқда.

Вақт ва ҳаётнинг ўзи Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг замонамизнинг улуғ сиёсатчиси, узоқни кўрадиган ва стратегик фикр юритадиган шахс, дунёда ва турли минтақаларда юз бераётган ўта мураккаб воқеа-ҳодисаларнинг моҳиятини давлатчилик нуқтаи назаридан кўра билиш қобилиятига эга бўлган, ўз юрти ва халқи учун, ҳар бир Ватандошимизнинг тақдири учун улкан масъулият туйғусини чуқур ҳис қиладиган атоқли раҳбар эканлигини ҳар томонлама тасдиқлади.

Миллий тарихимизнинг энг кескин ва таҳликали даврида, миллатлараро тўқнашувлар ва бошқа зиддиятлар авж олган, мамлакатимизда фуқаролар уруши хавфи юзага келган, иқтисодиёт чуқур инқирозга учраган, бир сўз билан айтганда, эски замоннинг умри тугаб, янги замон бошланаётган бир пайтда Ислом Абдуғаниевичнинг республика раҳбари этиб сайланиши Яратганнинг халқимизга бебаҳо марҳамати бўлган эди.

Ислом Абдуғаниевичга хос бўлган букилмас ирода — ҳеч қачон букилмаганлар, фидойилик, мардлик ва ватанпарварлик, инсонийлик ва адолатпарварлик, самимийлик ва меҳрибонлик каби олижаноб фазилатлар барчамиз учун ёрқин ибрат намунаси бўлиб қолди.

Замонавий Ўзбекистоннинг тарихи — бу мамлакатимизнинг ҳақиқий мустақилликка эришиш йўлида Ислом Абдуғаниевич Каримов раҳнамолигида олиб борилган ўта мураккаб ва оғир курашлар тарихидир. 25 йиллик тарихимиз. Агар кўз олдимизга келтирсак — мингдан минг раҳмат, шахсан мен ҳақимда гапирганларингиз учун ўз миннатдорчилигимни билдираман — мана шу залда, олдинги Олий Мажлис залларида, қандай-қандай курашлар бўларди, қандай-қандай фикрлар бўларди. Лекин ўша пайтларда ҳам, ўзим гувоҳман, мана шу курашлар замини бир нарса эдики — жонажон Ватанимизнинг, халқимизнинг эртанги куни ва биринчи кундан Ўзбекистон келажаги буюк давлат деганларини, ўша буюкликка ҳар куни 24 соат ишонтириш, инонтириш, халқимизни ҳам, дунёни ҳам шунга ишонтирдилар. Мана шу ишонч, ҳақиқатан ҳам, ҳаммамизга ғурур, ифтихор бўлиб, мана шунгача келиб, яшаб, мана шуни тушунтирдилар ва ҳамма буни тан олди.

Буюк йўлбошчимиз ҳақли равишда демократик талаблар ва халқаро мезонларга тўлиқ жавоб берадиган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ҳам асосий муаллифи эдилар. Мен ҳам мана шу Конституцияни тайёрлаш гуруҳи аъзоси эдим. Жуда катта курашлар, кўп-кўп ўйинлар бўлган. Агар қаттиқ туриб қилмаганларида, бугунги 25 йиллик, бундай тарих, бундай тизим, бундай интизом, бундай эътироф, дунё эътироф қилмас эди. Ҳозиргидек эсимда, СК (Ўзбекистон Коммунистик партияси Марказий қўмитаси) биносида ўз қўллари билан ёзиб, 24 варақни олиб келиб берсангиз, 26 варақ қилиб, ўз қўллари билан ёзиб келардилар. Бир марта эмас, икки марта эмас, ўн марталаб Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашиб, шуларга ишонтирган. У пайтда ўтирганларнинг 80 фоизи шу Конституцияга ишонмас эди, кечирасизлару, эртанги кунимизга ҳам ишонмас эди.

Мамлакатимиз тоталитар тизимдан воз кечиб, мустақил тараққиёт йўлини танлади, кўплаб қийинчилик ва синовлардан ўтиб, тарихан қисқа даврда жаҳон ҳамжамиятида ўзига муносиб ўрин эгаллади.

Конституция ва унинг негизида яратилган пухта қонунлар, шунингдек, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси ҳокимият институтларини шакллантиришни ва уларнинг тўлақонли фаолият кўрсатишини, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, мулкчиликнинг барча турларини, фуқароларнинг давлат бошқарувидаги фаол иштирокини таъминлади.

Ислом Абдуғаниевич «Иқтисодий мустақилликка эришмасдан сиёсий мустақилликни таъминлаб бўлмайди» деган тамойил ва энг муҳим устувор вазифани амалга оширишни стратегик масала деб ҳисоблар эдилар.

Давлатимиз раҳбари томонидан ишлаб чиқилган иқтисодий дастурларнинг амалга оширилиши мамлакатимизнинг изчил ва барқарор ривожланишини таъминлади.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон иқтисодиёти қарийб 6 марта ўсди. Унда саноатнинг улуши 14 фоиздан 34 фоизга ошди. Охирги 11 йил давомида ялпи ички маҳсулотнинг ўртача йиллик ўсиш суръати 8 фоиздан кам бўлмаган даражада сақланмоқда. Фаол инвестиция сиёсати амалга оширилмоқда.

Мутлақо янги, юқори технологияларга асосланган саноат тармоқлари, хусусан, нефть-кимё, кимё, автомобилсозлик саноати, қишлоқ хўжалиги ва темир йўл машинасозлиги, фармацевтика, электротехника, тўқимачилик саноати, замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва бошқа соҳалар изчил ривожланмоқда.

Бугун Ўзбекистон иқтисодиёти жадал ривожланаётган дунёдаги бешта давлат қаторига киради. Бунинг яққол исботи сифатида мамлакатимизда қурилган ва ўз кўлами бўйича жаҳон миқёсида ҳам йирик ва ноёб ҳисобланган саноат объэктлари, хусусан, Устюрт ва Шўртан газ-кимё комплекслари, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, Қўнғирот сода заводи, Деҳқонобод калий ўғитлари заводи, Андижон, Самарқанд, Тошкент ва Хоразм вилоятларидаги автомобилсозлик заводларини мисол қилиб келтириш мумкин.

Республикамизда жадал суръатлар билан замонавий йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси ташкил қилинмоқда. Жумладан, Қамчиқ довонидан ўтадиган, ноёб тоғ туннелини ўз ичига олган Ангрен—Поп темир йўл тармоғи, Тошгузар—Бойсун—Қумқўрғон темир йўли қурилди. Тошкентдан Самарқанд, Қарши ва Бухорога йўловчи ташийдиган юқори тезликдаги темир йўл қатнови очилди. Халқаро аэропортлар модернизация қилинди, Навоий аэропорти негизида халқаро логистика маркази ташкил қилинди ва Ўзбекистон миллий автомагистрали барпо этилди.

Қишлоқ хўжалигида туб таркибий ислоҳотлар амалга оширилди. Барчамиз яхши эслаймиз, яқин ўтмишда Ўзбекистонни пахта монополияси ҳукмронлик қиладиган аграр бир мамлакат деб билишар эди. Мисол учун, 1990 йилда аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи, асосан, четдан олиб келинадиган импорт ҳисобидан қондирилар эди.

Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ташаббуси билан ер ва сув ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш, экин майдонларини оптималлаштириш ва янги, илғор агротехнологияларни жорий этиш, қайта ишлайдиган замонавий корхоналарни ташкил этиш бўйича кенг чора-тадбирлар комплекси ишлаб чиқилди ва амалга оширилди. Ҳақиқий мулкдорларнинг янги синфи бўлган фермерлик ҳаракати шакллантирилди.

Аҳоли жон бошига асосий озиқ-овқат маҳсулотларини ўртача истеъмол қилиш даражаси кўпайди: гўшт, сут ва улардан тайёрланган маҳсулотлар — 1,5 баробар, сабзавот — 2,6 баробар, мева — 6,3 баробар ошди.

Мамлакатимизда хусусий мулкчилик ва тадбиркорлик, кичик бизнесни ривожлантириш учун кенг имкониятлар ва қулай шарт-шароитлар яратилди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 56,5 фоизга етди. Бу соҳада иш билан банд аҳолининг 78 фоизи меҳнат қилмоқда ва улар мамлакатимизнинг гуллаб-яшнаши учун муносиб ҳисса қўшмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган «Ислоҳот — ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун» деган эзгу ғояни амалга ошириш, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини шакллантириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини сезиларли даражада яхшилашни таъминлади.

Бугунги кунда Давлат бюджетининг қарийб 60 фоизи ижтимоий соҳани ривожлантиришга йўналтирилмоқда. 1991 йилга таққослаганда, аҳолининг реал даромадлари 12 баробардан зиёд кўпайди, иш ҳақи, пенсия ва ижтимоий нафақалар салмоқли даражада ошди. Истеъмол товарлари ишлаб чиқаришни жадал суръатлар билан ошириш ва аҳолининг уларга бўлган талабини қондириш таъминланмоқда.

Мамлакатимиз раҳбари сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан стратегик аҳамиятга эга бўлган масалаларни ечиш билан бир қаторда, жамиятимиз ҳаётини, фуқароларимизнинг онгу тафаккури ва дунёқарашини тубдан ўзгартиришга қаратилган кўпқиррали вазифаларга доимо катта эътибор қаратар эдилар.

«Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт» деган чуқур маъноли фикрлари ҳаммамизнинг қалбимизда муҳрланиб қолган.

Юртбошимиз мамлакатимизнинг бугунги ва эртанги кунини ҳал қилувчи куч бўлиб майдонга чиқаётган ёшларимизнинг тафаккури ва дунёқарашини кескин ўзгартирган, мутлақо янги таълим ва тарбия тизимини яратиш ва ҳаётга татбиқ қилиш ишларига бевосита муаллифлик ва раҳбарлик қилдилар.

Юртимизда илм-фан, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат, спорт каби муҳим соҳалар фаол тарзда ривожланмоқда.

Давлатимиз раҳбари халқимизнинг маънавий қадриятларига эҳтиром билан муносабатда бўлиш, муқаддас динимиз, анъана ва урф-одатларимиз, бебаҳо тарихий меросимизни сақлаб қолиш ва ривожлантиришни давлат сиёсати даражасига кўтарди.

Фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш, айниқса, давлат ва жамият бошқарувида маҳалланинг нуфузини ошириш, унинг ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш борасида улкан ишларни амалга оширди.

Юртбошимиз кекса авлод вакилларига, муҳтарам фахрийларимизга ҳурмат-эҳтиром ва амалий ғамхўрлик кўрсатишни ўта муҳим вазифа деб ҳисоблар эдилар.

Олий Бош Қўмондон сифатида Ислом Абдуғаниевич Каримов Қуролли Кучларимизни тубдан ислоҳ қилиш, жанговар қобилиятини кучайтириш ва шу асосда Ўзбекистон Республикасининг ҳудудий яхлитлигини ва мустақиллигини ҳимоялаш, сарҳадларининг дахлсизлигини, халқимизнинг тинч ва осуда ҳаётини таъминлаш учун беқиёс хизмат кўрсатдилар.

У кишининг ташаббуслари билан тинчликпарварлик, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик ва юзага келаётган қарама-қаршилик ва зиддиятларни фақат ва фақат тинч, сиёсий йўл билан ҳал этишга асосланган Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолияти концепцияси ишлаб чиқилди ва амалга оширилмоқда.

Ҳурматли депутат ва сенаторлар!

Биз охирги 25 йил давомида жуда кўплаб муҳим анжуман ва йиғилишларни ўтказдик. Уларнинг барчасига муҳтарам Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов бошчилик қилганларидан яхши хабардорсиз. Бугун эса тарихимизда биринчи марта бундай муҳим йиғилишни азиз раҳбаримизнинг иштирокисиз ўтказмоқдамиз. Гўёки хаёлимизда у киши ҳозир залга кириб келадигандек бўлиб турибди. Ҳаммамизнинг хаёлимизда, мен ҳам ўтирганимда худди муҳтарам президентимиз бир нарсадан кечикиб, кириб келаётгандек бўлиб турибди. Ҳаммамизнинг хаёлимизда мана шу фикр десам, ўйлайманки, тўғри қабул қиласизлар.

Ўйлайманки, бугунги мажлисда қатнашаётган ҳар бир инсон шу залда буюк йўлбошчимизнинг руҳи ва нафасини сезиб турибди. Ўзбекистон Республикаси биринчи президентининг ўлмас ғоялари, фикр, кўрсатмалари бизнинг қалбимиз ва онгимизга шундай чуқур сингиб кетганки, улар бизнинг келажак сари қатъият билан боришимизда барчамизга доимо таянч ва суянч бўлиши муқаррар.

Шу муносабат билан, биз дунёдаги ҳозирги мураккаб ва кескин шароитни ҳар томонлама ҳисобга олган ҳолда, ўзимизнинг биринчи даражали вазифаларимизни биргаликда белгилаб олишимиз даркор.

Бугун биз халқимизни ишонтириб, баланд овоз билан айтишимиз зарурки, буюк устозимизнинг сиёсий мероси, яъни, у киши белгилаб берган тараққиётимизнинг асосий тамойиллари, устувор йўналишлар, мақсад ва вазифаларни сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Биринчидан, биз ҳар доим Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг чуқур маъноли ўгитларини, айниқса, «Бизга тинчлик ва омонлик керак!» деган сўзларини ҳеч қачон эсдан чиқармаслигимиз лозим.

Турли хавф-хатарлар кучайиб бораётган бугунги таҳликали вазиятда бебаҳо бойлигимиз бўлган тинчлик ва осойишталикни кўз қорачиғидек сақлашимиз, юртимиздаги миллатлар ва динлараро ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлашимиз керак.

Шу билан бирга, жамиятимизда қонун устуворлиги, тартиб-интизом, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашимиз зарур. Барчамизга маълумки, Ислом Абдуғаниевич Каримов «Одамлар ҳамма нарсага чидаши мумкин, лекин адолатсизликка чидай олмайди», деб кўп-кўп таъкидлар эдилар. Биз барпо этаётган ҳуқуқий давлатда адолатсизликнинг ҳеч қандай шаклда устун бўлишига йўл қўймаслигимиз зарур. Бу ҳокимиятнинг барча тармоқлари, энг аввало, давлат бошқаруви органларининг ва айниқса ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг биринчи даражали вазифасидир. Биз халқимизнинг, бугунги замоннинг ана шу муҳим талаби сўзсиз бажарилишини таъминлашимиз шарт.

Иккинчидан, давлатимиз хавфсизлигини ҳар томонлама мустаҳкамлашимиз, ҳар бир фуқаронинг тинчлиги ва осойишталигини таъминлашимиз лозим. Вазиятни издан чиқариш, нифоқ солиш, душманлик уруғини сепиш, турли можароларни келтириб чиқариш ва ҳатто қон тўкилишини истаётган кучлар ҳам мавжудлиги ҳеч кимга сир эмас. Ҳаммамиз буни билишимиз шарт.

Очиқ тан олиш керак, биз нотинч замонда, нотинч бир минтақада яшамоқдамиз. Шу сабабли Ватанимиз ҳимоясини ишончли кафолатлаётган, мудофаа қобилиятимизни мустаҳкамлаётган ва давлат чегараларимиз дахлсизлигини таъминлаётган тизимли чора-тадбирлар комплексини жорий этишни қатъият билан давом эттиришимиз зарур. Замон шуни ҳозир талаб қиляпти.

Биз Қуролли Кучларимиз ва ҳуқуқ-тартибот органларимизни бундан кейин ҳам ҳар томонлама мустаҳкамлаб борамиз. Ҳеч кимда заррача ҳам шубҳа бўлмаслиги керак — мамлакатимиз суверенитети ва мустақиллигига хавф туғдирадиган ички ва ташқи кучларнинг ҳар қандай ҳаракатларига, ҳар қандай уринишларига қатъий ва муносиб зарба берилади.

Бизнинг яна бир энг муҳим устувор вазифамиз — Ислом Абдуғаниевич Каримов томонидан ишлаб чиқилган «ўзбек модели»нинг асоси бўлмиш беш тамойилни амалга ошириш асосида иқтисодиётда таркибий ўзгаришларни давом эттириш ва унинг рақобатдошлигини таъминлашдан иборат.

Мамлакатимизнинг келгуси ривожи, халқимиз фаровонлиги, унинг турмуш даражаси ва сифатини юксалтириш айнан шу масалага боғлиқ.

Жаҳон иқтисодиётида ўсиш суръатлари секинлашиб, энг муҳим экспорт товарларимизга ташқи талаб камайиб, дунё бозорида уларнинг нархи пасайиб бораётган шароитда Ислом Абдуғаниевич Каримов томонидан иқтисодиётимизни ислоҳ қилишни чуқурлаштириш бўйича белгилаб берилган устувор вазифаларни бажаришга қаратилган ишларимизни янада кучайтиришимиз керак.

Шу билан бирга, Олий Мажлис палаталарининг 2015 йил январь ойидаги қўшма мажлисида таклиф этилган Вазирлар Маҳкамасининг Ҳаракат дастурини амалда бажаришни давом эттириш зарур. Бу борада иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришни давом эттириш, хусусий мулкни ривожлантиришни жадаллаштириш, давлатнинг иқтисодиётдаги улушини камайтириш ва таркибий ўзгартиришларни жадаллаштиришга қаратилган ишларни изчил амалга ошириш муҳим аҳамиятга эгадир.

Юқорида айтилган фикрлардан келиб чиққан ҳолда, асосий диққат-эътиборни қуйидаги устувор вазифаларга қаратиш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Биринчидан, макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш ва кейинги йиллардаги иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш зарур. Миллий валютамиз барқарорлигини таъминлаш, банк тизимини мустаҳкамлаш, мамлакатимизда ва маҳаллий даражада бюджет барқарорлигини таъминлаш бўйича қўшимча комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш керак.

Бунда четдан қарз олиш бўйича консерватив ёндашув сиёсатини давом эттириш, давлатнинг ташқи қарзи ҳаддан зиёд ошиб кетишига йўл қўймаслик муҳим аҳамият касб этади. Буларнинг барчаси Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг аввало ўзимизнинг куч ва имкониятларимизга таяниш зарурлиги ҳақидаги узоқни кўзлаган стратегиясини давом эттириш билан боғлиқ.

Иккинчидан, нодир ва қимматбаҳо металларни чуқур қайта ишлаш, озиқ-овқат ва кимё саноатини ривожлантириш бўйича қабул қилинган дастурларни амалга оширишимиз зарур.

Учинчидан, ташқи бозорларда рақобат ва беқарорлик кучайиб бораётган шароитда иқтисодиётнинг реал тармоқлари билан бир қаторда мамлакатимиз ҳудудларида ҳам рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва экспорт салоҳиятини ошириш алоҳида аҳамиятга эга.

Ана шу мақсадда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, шунингдек, фермер хўжаликларининг экспортда иштирок этишини янада рағбатлантириш бўйича қўшимча комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш зарур. Бу иқтисодий ўсиш, тармоқлар ва ҳудудларни ривожлантириш, аҳолининг меҳнат билан бандлигини таъминлаш ва моддий фаровонлигини оширишнинг асосий локомотиви бўлиши керак.

Тўртинчидан, Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнес субъектлари манфаатларини мустаҳкам ҳимоя қилиш тўғрисидаги талаб ва топшириқлари ижросини изчил давом эттириш даркор. Турли бюрократик тўсиқлар ва асоссиз текширувларни бундан кейин ҳам қатъият билан чеклаш зарур.

Бешинчидан, энг муҳим ижтимоий-иқтисодий вазифа — Олий Мажлис палаталари томонидан тасдиқланган Аҳолининг меҳнат билан бандлигини ошириш дастурини бажаришдан иборат. Йил охирига қадар бир миллиондан зиёд янги иш ўринларини ташкил этишимиз зарур. Касб-ҳунар коллежларининг 480 минг нафар битирувчисини ишга жойлаштириш масаласи алоҳида назоратни талаб қилади.

Биз жамиятнинг ижтимоий табақаланиш даражасини пасайтириш, мамлакатимизда ўта бойлар ҳам, ўта камбағаллар ҳам бўлмаслиги бўйича Ислом Абдуғаниевич томонидан белгилаб берилган сиёсатни қатъий давом эттирамиз.

Олтинчидан, халқаро коммуникация тармоқларига уланган замонавий йўл-транспорт ва муҳандислик инфратузилмасини шакллантириш, шунингдек, миллий ахборот-коммуникация тизимларини ривожлантириш бўйича Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан пухта ўйланган ва ишлаб чиқилган стратегияни амалга оширишни давом эттирамиз.

Бугунги шароитда энг илғор ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш устувор аҳамият касб этмоқда. Бу соҳада қабул қилинган Миллий дастурга мувофиқ, телекоммуникация технологияларини, алоқа тизимлари ва инфратузилмасини янада ривожлантириш, информацион тизимлар комплекслари ва «Электрон ҳукумат» ахборот базасини шакллантиришимиз керак.

Мамлакатимиз ҳудудларини комплекс ривожлантириш соҳасидаги ишларни давом эттириб, Қарши, Шаҳрисабз, Тошкент, Термиз, Наманган ва Урганч шаҳарларини ободонлаштириш бўйича мамлакатимиз президенти томонидан қабул қилинган қарорларнинг амалда бажарилишини таъминлаш керак.

Қишлоқ хўжалигини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги вазифа — кўп тармоқли фермерликни ривожлантириш, ҳар бир фермер хўжалигининг иқтисодий самарадорлиги ва молиявий барқарорлигини таъминлашдир. Бу масалани биз мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг гарови деб ҳисоблаймиз.

Ислом Абдуғаниевич Каримов ташаббускори бўлган қишлоқларимиз қиёфасини тубдан ўзгартириш, қишлоқ аҳолиси учун шаҳар даражасидаги турмуш шароитини таъминлайдиган намунавий уй-жойларни ва тегишли инфратузилмани қуриш бўйича дастурни фаол давом эттирамиз.

Таълим ва тарбия, илм-фан, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат, спортни ривожлантириш масалалари, ёшларимизнинг чуқур билимга эга бўлиши, чет тилларини ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларини пухта эгаллашини таъминлаш доимий устувор вазифамиз бўлиб қолади.

Энг муҳим йўналишлардан яна бири — жамиятимизда демократик жараёнларни чуқурлаштириш, фуқаролик институтлари ривожланишини қўллаб-қуватлаш, сиёсий партияларнинг обрў-эътибори ва таъсирини ошириш, сайловчиларнинг овози учун рақобатни кучайтиришдан иборат.

Ҳурматли дўстлар! Биз бундан буён ҳам барча хорижий мамлакатлар, жаҳон ҳамжамияти билан самарали ҳамкорлигимизни давом эттирамиз. Бу борада Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги обрў-эътибори ва позициясини янада кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепцияси фаол амалга оширилади.

Ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслик, бошқа давлатларнинг ҳарбий базалари ва объектлари Ўзбекистон ҳудудида жойлашишига, шунингдек, ҳарбий хизматчиларимизнинг мамлакатимиз ҳудудидан ташқарида бўлишига йўл қўймаслик, илгаригидек, давлатимизнинг қатъий сиёсий позицияси бўлиб қолади.

Мамлакатимизнинг миллий манфаатларини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган Марказий Осиё минтақаси Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятининг асосий устувор йўналиши ҳисобланади. Биз ўзимизнинг яқин қўшниларимиз Туркманистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон билан очиқ, дўстона ва прагматик сиёсат олиб боришга содиқ қоламиз.

Ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналиши бу — Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари билан алоқаларимизни мустаҳкамлашдан иборат. Биринчи навбатда, Россия Федерацияси билан Стратегик шериклик, Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномалар ва бошқа муҳим келишувлар асосида дўстона алоқаларни изчил ривожлантириш ва кучайтириш икки мамлакат манфаатларига жавоб беради ва минтақада барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Америка Қўшма Штатлари билан ўзаро манфаатли ва конструктив ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш бизнинг ташқи сиёсатимизда устувор аҳамиятга эга бўлиб қолади. Ўзбекистон минтақадаги яқин қўшнимиз ҳамда глобал ва минтақавий муаммоларни ечишда муҳим рол ўйнайдиган Хитой Халқ Республикаси билан ҳар томонлама стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан манфаатдордир.

Осиё ва Тинч океани минтақасида биз Япония, Корея Республикаси ва бошқа давлатлар билан иқтисодиёт, инвестициялар, фан ва технологиялар, таълим, соғлиқни сақлаш ва туризм соҳаларида ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантиришга устувор даражада аҳамият берамиз. Ўзбекистон учун Европанинг етакчи давлатлари, авваламбор Германия, Франция ва Буюк Британия, Марказий ва Шарқий Европа давлатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади.

Биз Ҳиндистон, Покистон ва Жанубий Осиёнинг бошқа давлатлари билан сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш тарафдоримиз. Ўзбекистон Афғонистонга нисбатан анъанавий равишда яқин қўшничилик ва дўстона сиёсат олиб боради. Биз Яқин ва Ўрта Шарқ давлатлари билан ўзаро манфаатли ва кенг қиррали муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашни давом эттирамиз.

Лотин Америкаси ва Кариб минтақаси, Африка қитъасининг етакчи давлатлари билан алоқаларни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига жавоб беради.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлар билан фаол муносабатлар ва ҳамкорлик олиб бориш Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига хизмат қилади.

Биз Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Халқаро валюта жамғармаси, бошқа халқаро молия ва иқтисодий ташкилотлар билан давлатимиз иқтисодиётида амалга оширилаётган таркибий ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳамкорликни янада ривожлантирамиз.

Ҳурматли қўшма мажлис иштирокчилари!

Иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларнинг устувор вазифаларини муваффақиятли адо этиш, биринчи навбатда, Олий Мажлис палаталари, Вазирлар Маҳкамаси, барча даражадаги ҳокимликлар, давлат ва хўжалик бошқарув идоралари, бутун халқимизнинг Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти ғоялари атрофида жипслашиб, бир ёқадан бош чиқариб, ҳамжиҳатлик билан бор куч ва имкониятларини сафарбар этишига боғлиқ эканини ҳаммамиз яхши тушунамиз.

Мана шу эзгу мақсад йўлида — Ватанимиз мустақиллигини ҳар томонлама мустаҳкамлаш, мамлакатимизнинг барқарор иқтисодий ва ижтимоий ривожланишини, халқимиз фаровонлигини таъминлашга қаратилган ишларимизда буюк юртбошимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг «Она Ватанимиз ва халқимизга садоқат билан хизмат қилиш — олий саодатдир» деган сўзлари доимо бизга куч-қувват ва ғайрат бағишлайди, деб ишонаман. Эътиборингиз учун раҳмат.

Ўзбекистон президентининг вазифа ва ваколатларини бош вазир Шавкат Мирзиёевга вақтинча юклаш масаласида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўртасида ўтказилган овоз бериш натижалари. Мажлисда қатнашган 147 депутатнинг бари ушбу таклифни қўллаб-қувватлаган.

Мажлисда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан Ўзбекистон Республикаси президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни Ўзбекистон Республикаси бош вазири Шавкат Мирзиёев зиммасига вақтинча юклаш тўғрисидаги қўшма қарор қабул қилинди. Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев яна сўзга чиқди.

Бош вазир Шавкат Мирзиёевга Ўзбекистон президентининг вазифа ва ваколатлари ҳам вақтинча юклатилганидан сўнг.

Шавкат Мирзиёев: Муҳтарам президентимиз айтган ҳамма гапларни амалга ошириш ва энг катта нарса — ҳозир халқимизни тинчлантириш. Халқимиз билиши керакки, ҳамма нарса муҳтарам президентимизнинг айтилган, қилинган ишлари албатта давом эттирилади.

Ҳурматли Спикер, ҳурматли Сенат раиси, муҳтарам депутат ва сенаторлар! Аввало, менга билдирилган юксак ишонч учун сизларга ўзимнинг самимий миннатдорчилигимни билдиришга рухсат бергайсиз. Ўзбекистон Республикаси президенти сайловига қадар бўлган муддатда менинг зиммамга бугун ниҳоятда мураккаб ва ўта масъулиятли вазифа юкланганини ҳар томонлама чуқур ҳис қилиб турибман.

Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти, буюк йўлбошчимиз, қадрли Ислом Абдуғаниевич Каримов томонидан ишлаб чиқилган ва чорак аср мобайнида самарали амалга ошириб келинган давлатимизнинг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий соҳалардаги ҳамда демократик ислоҳотларни жорий этиш борасидаги изчил мустақил тараққиёт йўлини давом эттиришни шу даврда ўзимнинг энг асосий вазифам деб биламан.

Замонамизнинг буюк давлат ва сиёсат арбоби, узоқни кўра биладиган раҳбар, олижаноб маънавий ва ахлоқий фазилатлар эгаси бўлган бу улуғ инсон мен учун юксак идеал, ўз Ватани, ўз халқига фидокорона хизмат қилишнинг ёрқин намунасидир.

Сизларни ишонтириб айтаманки, Ислом Абдуғаниевич Каримов бизга васият қилиб қолдирган барча ҳаётий тамойилларга оғишмасдан, қатъий амал қиламан. У кишининг раҳбар доимо одамларнинг, эл-юртнинг дарду ташвиши билан яшаши, уларнинг орзуниятларини рўёбга чиқариш учун ҳузур ҳаловатдан воз кечиб, ўзини аямасдан меҳнат қилиши керак, деган доно ўгитларини ўз фаолиятим учун асосий мезон ва талаб сифатида қабул қиламан.

Бу борада мамлакатимиз фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларини, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига амал қилинишини таъминлашни, Ўзбекистон Республикасининг суверенитети, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини муҳофаза этиш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўришни, республика олий ҳокимият ва бошқарув органларининг ҳамкорликда ишлашини таъминлашни, яқин ва узоқ қўшни давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришни энг асосий вазифа деб ҳисоблайман.

Ўзбекистон Республикасининг Қонунчилик палатаси ва Сенати аъзолари билан, мамлакатимизда фаолият олиб бораётган сиёсий партиялар, фуқаролик институтлари билан биргаликда, бир ёқадан бош чиқариб ишлашни олдимизда турган ғоят муҳим ва устувор вазифаларни муваффақиятли амалга оширишнинг энг асосий омили ва гарови деб биламан.

Эл-юртимизнинг юксак ишончини оқлаш, Ватанимиз мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, мамлакатимизнинг барқарор тараққиётини таъминлаш йўлидаги амалий ишлар билан азиз юртбошимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг руҳи покларини шод этиш учун бор билим ва тажрибамни, салоҳият ва куч-ғайратимни сафарбар этаман.

Ишонаманки, улуғ юртбошимизнинг бизга қолдирган бебаҳо мероси, ўлмас ғоя ва дастурлари йўлимизни нурафшон қилиб, барчамизга доимо мададкор бўлади!

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига Ўзбекистон Республикаси президенти тўғрисидаги қонунга мувофиқ ҳолда Ўзбекистон Республикаси президенти сайлови ўтказилишини ташкил этиш тавсия қилинди. Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлиси ўз ишини якунлади.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар