Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги номига тўғри келмайдиган гаплар:
Агар бирор нарса ҳақида яхши маълумотга эга бўлмаса, бу ҳақида фикр билдиришдан аввал мутахассисдан сўраши керак
2-8 август кунлари IMC – Халқаро математика олимпиадаси бўлиб ўтди ва унда юртимиз талабалари 5 та олтин, 6 та кумуш ва 4 та бронза медални қўлга киритди.
Шундан сўнг ижтимоий тармоқларда фан олимпиадаси ғолибларига етарлича эътибор қаратилмаётгани ҳақида кўплаб хабарлар чиқди.
Яқинда ушбу эътирозларга жавобан IMC ҳақида турли раддиялар чиқиб, бу оддий маҳаллий тадбир экани, у локал характерга эга бўлиб, халқаро илмий академик доираларда ҳеч қандай рейтингга эга эмаслиги ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳатто Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг фейсбукдаги саҳифалари ва расмий телеграм каналида ҳам айнан ушбу мазмундаги хабар чиқди. Бу хабарлар қанчалик ҳақиқат?
Бу ҳақда Италиянинг Пиза университетида математика бўйича PhD ҳимоя қилган фан доктори, ҳозирда Франциянинг Лилл университетида фаолият юритаётган олим Карим Раҳимов қуйидаги фикрларни билдирди:
Халқаро математика олимпиадаси 1994 йилдан бери ўтказиб келинади. Ушбу олимпиадага бутун дунё бўйича аксарият университетлардан иштирокчилар келади. Бу йилги олимпиадада ҳам 113 та университет иштирок этган, шулар ичида Ўзбекистон Миллий университети жамоаси 24-ўринни эгаллади.
Илгари турли хил давлатларда ўтказилган. Ҳозирда бу олимпиада ҳар йили Болгарияда ўтказилади. Шундай бўлса-да, бу айнан бирор давлатга, хусусан, Болгарияга боғлиқ бўлган локал олимпиада эмас. Иштирокчилар томонидан бадал пули тўланади, бу нормал ҳолат, чунки маблағ иштирокчиларнинг таъминоти учун. Бу йил онлайн ўтказилганида ҳам 25 фунтдан тўлов қилинди, бу катта сумма эмас, қолаверса, иштирокчилар олимпиада масъулиятини ҳис қилишлари учун ҳам зарур.IMC олимпиадасида иштирок этувчи ҳакамлар, координаторлар дунё миқёсидаги кучли математиклардир, иддао қилинганидек жаҳон илмий доираларида ҳеч қандай эътиборга эга бўлмаган, тан олинмаган олимлар ҳакамлик қилмайди. Масалан, олимпиадада ҳакамлик қиладиган Геза Кос халқаро олимпиадаларда кўзга кўринган кучли математик. Шунингдек, бериладиган масалалар ҳам юқори савияли, мураккаб ҳисобланади. Буни оддий бир давлат олимпиадалари билан солиштириб бўлмайди. Ҳар сафар янги, кўрилмаган масалалар берилади.
Фан олимпиадалари, халқаро олимпиадаларда талабалар совриндор бўлишганда уларни тақдирлаш ҳолатларини билмайман, қонуний бирор асосидан ҳам хабарим йўқ.
Бу олимпиадага Ўзбекистон 2015 йилдан буён жамоавий қатнашиб келмоқда, унгача якка тартибда қатнашиш ҳоллари бўлган. Ўзим раҳбар сифатида илк бор икки нафар талабани тайёрлаб, шу олимпиадага олиб борганман, битта кумуш ва олтин медаль билан қайтганмиз. Шундан буён Ўзбекистон жамоавий ҳолда қатнашиб келади.
Ўтган йили математика соҳаси бўйича Президент қарори қабул қилинганидан хабарим бор албатта, бу республика фани учун катта ютуқ деб ҳисоблайман. Кўпинча хорижда бўлганим сабабли бу қарор юзасидан қандай ишлар амалга оширилгани ҳақида аниқ маълумотга эга эмасман, аммо айтиш мумкинки, шу қарор доирасида Ал-Хоразмий мукофоти, кўплаб грантлар эълон қилинди, магистратурада ўринлар сони оширилди, математика дарси соатлари оширилди.
Олимпиада ҳақида гапирганда бир нарсани айтиш керакки, дунё бўйича олимпиадаларнинг ўз обрў даражалари бор, университетлар бўйича ҳам кўп олимпиадалар бор, мазкур олимпиада шулар ичида энг обрўлиси, энг яхши нуфузга эга ҳисобланади. Бу айнан ҳақиқий маънодаги, савия жиҳатидан ҳам юксак бўлгани учун биз айнан ушбу олимпиадада иштирок этиб келмоқдамиз. IMC дан ташқари математика бўйича дунё миқёсида “Putnam” ва "Vojtěch Jarník" олимпиадалари бор, улар ҳам юқори савияли ҳисобланади. Аммо бари бир энг юқори савиялиси IMC олимпиадасидир.
Талабаларимиз олимпиадага бориб келганларидан сўнг чиққан хабарлар жуда ачинарли. Мени хафа қилган нарса, айнан илм-фан соҳасида бошқарувда бўлган кишиларнинг фикрлари. «Бу олимпиада эмас, оддий локал мусобақа, вақт сарфлашга арзимайдиган нарса», деган фикрлар ҳам ачинарли, ҳам ўта кулгили. Агар киши бирор нарса ҳақида яхши маълумотга эга бўлмаса, бу ҳақида фикр билдиришдан аввал мутахассисдан сўраши керак. Бирор маълумотни текшириб ўтирмасдан ҳам фикр билдириб, расман эълон қилиб юбориш ҳақида нима дейиш мумкин? Биз бу хабарга Ўзбекистон математиклар ҳамжамияти билан биргаликда раддия ёздик ва эълон қилдик. Раддияга ҳали жавоб беришмади, расман жавоб берилишини кутяпмиз.
Бу халқаро олимпиада ҳақида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг сайтида билдирилган фикрлар мутлақо хато. Аввало, бу олимпиада эмас, деган фикрнинг ўзи кулгили. Бу ерда билдирилган фикрлар вазирлик номига, обрўсига, даражасига умуман тўғри келмайди.
Ушбу олимпиадага дунё миқёсида етарлича эътибор қаратилади. Мен Ўзбекистонда ҳам шундай эътибор берилишини истардим, ўта юқори даражада эмас ва ҳозиргидек паст даражада ҳам эмас.
Дунё бўйича университетларда олимпиадага тайёрлайдиган алоҳида бўлимлари бор, мен ўқиган Пиза университетида ҳам шундай бўлим бор эди. Ушбу университет математика бўйича Италияда биринчи рақамли университет, дунё миқёсида ҳам ўз обрўсига эга. Ушбу университет талабалари ҳам IMC қатнашиб, юқори натижаларга эришган.
Умуман, фан олимпиадалари ҳақида фикр билдирадиган бўлсам, энг аввало, мактаб ўқувчилари учун олимпиадаларда қатнашишни маълум бир изга, тартибга солиш керак. Мактаб ўқувчилари учун энг муҳим олимпиада IMO олимпиадасидир. Баъзи фан мусобақалари, олимпиадалар бор, унда ўқувчиларимиз қатнашади, аммо бундай олимпиадалар вақт сарфлашга арзийдиган даражада эмас, ўқувчининг илмий салоҳиятини ошириши даргумон.
Масалан, ўқувчилар учун IMC олимпиадаси бор, унда 7-8-9 синф ўқувчилари математик нуқтаи назардан даражаси анча паст бўлган масалаларни ечади ва ундан медаль олиш ҳам жуда осон. Бунда қатнашиш на илмий, на амалий жиҳатдан муҳим. Қисқа қилиб айтганда, пул сарфлаб боришга арзимайди.
Эслатиб ўтиш жоиз, талабалар ўртасидаги IMC олимпиадасига бориб-келиш харажатлари тўлови шу пайтгача кафолатланмаган эди. Эндиликда Математика институти томонидан 6 талабадан иборат жамоага барча харажатлар тўлаб бериладиган бўлди. Мактаб ўқувчилари учун юқори даражадаги олимпиадалар етарли, мутасаддилар буни изга солиши керак, қайси арзийди, қайси арзимайди саралаш лозим.
Суҳбат 2021 йил 17 август куни ёзиб олинган.
Малак Ворисова тайёрлади