"БЕШ ТАШАББУС" ДОИРАСИДА НОЛ ҚИЙМАТДА МАКТАБ ВА БОҒЧА УЧУН АЖРАТИЛГАН ЕР, ЗАМОНАВИЙ УЙЛАР ҚУРИШГА БЕРИБ ЮБОРИЛДИ
Бу шунчаки йўл-йўлакай айтиб ўтилаётган хулоса эмас. Журналистлар томонидан ўрганилиб, неча бор чиғириқдан ўтказиб, воқеалар занжири бўйлаб ўтказган суриштируви натижасида айтилаётган хулосадир. Катта манфаатдорлик бор жойда ҳақиқат ортга чекиниб туриши нима учундир шу кунларда одатий ҳолга айланиб қолмоқда.
Президент одамларни рози қилиш кераклиги ҳақида жуда кўп гапиради, куйинади, энг устувор вазифамиз халқнинг ишончини оқлаш, оғирини енгил қилиш, ёрдам кўрсатиш, шу кунидан рози бўлиб яшашини таъминлаш, дейди. Шунинг учун тиним билгани йўқ. Шунинг учун ҳаракатда, аммо баъзи бир ҳокимлар-чи?
Президент беш ташаббус доирасида ёшлар ҳаётини тубдан ўзгартириш борасида катта имкониятларни очиб берди. Ёшларга имконият беринг, ҳунар ўргатинг, соғлом тарбияланг, ўқитинг, Ватан келажаги учун тарбияланг, дея бюджетдан миллиардлаб пул ажратди, улкан лойиҳалар ишга тушириш учун ерларни текинга 0 қийматда бериш имкониятини яратди. Кўп жойда бу ташаббус амалга ошди, Президентга камарбаста бўлганлар бу улкан ташаббус амалиёти устида ишламоқда...
Аммо Тошкент вилоятининг Зангиота туманида ундай бўлмади. Вилоят мутасаддилари нима қилди?
Соддагина айтаман. Беш ташаббус доирасида "Назарбек" қишлоқ фуқаролар йиғинининг 5 та маҳалласи (16 минг нафар) аҳолиси учун қишлоқда мактаб ва боғча қуриб берилиши учун НОЛ қийматда ер ажратилди.
Ажратилган ерни Президент фармони баҳонасида “0” қийматда орқаси катта тадбиркорга сотиб юборди. Аслида мактаб ва боғча қуриб берилиши учун ажратилган ерни замонавий уйлар қуриб сотиш учун битта "тадбиркор"га ажратиб берди. Тўғрида, қишлоқ болаларига мактаб ва боғча қуришдан кўра бойлар учун замонавий уй қуриб сотиб, уни пуллаш қанча манаафатдорлик олиб келади.
Аслида "Беш ташаббус"да замонавий уйлар қуриб пуллаш учун 0 қийматга ер бериш кўзда тутилмаганди. Аммо, Зангиота ҳокими буни уддалади. Тошкент вилояти ҳокими эса буни билиб билмаганликка олди.
Ҳужжатларда, мактаб, боғча, стадион, сув ҳавзаси ёзилган амалда эса замонавий уйлар қурилмоқда. Мутасаддилар эса буни билмай қолишяпти.
Республика Бош прокуратураси ерни нотўғри ажратилганини қайд этди. Бироқ, Зангиота ҳокими бунга парво қилгани йўқ. Ахир, аҳоли мактаб, боғчасиз қолмайдими унга нима ғам?
Тошкент вилояти ҳокимини бу муаммо билан бошини қотиришга-ку умуман ҳаққимиз йўқ. Унинг ҳам халқ ғамини ўйлашдан бошқа жуда кўп ишлари бор...
P/S: Агар шу ёзганларимизда қандайдир туҳмат, оддий қишлоқ аҳли манфаатидан бошқа яна нимадир бор бўлса уни айтинг, ичингизда қолиб кетмасин. Ахир сиз ҳақингизда нимадир ёзсак "бу заказ мақола бўлибди", деган иддоингизга кўникиб қолганмиз.
Лекин илтимос амалдорлар, БОЛАЛАР ҲАҚҚИГА ХИЁНАТ ҚИЛМАНГ.