“Меҳр-3” гуманитар операцияси доирасида олиб келинган фуқароларимиз Сурияда совуқда оч наҳор, аянчли аҳволда қолганлари айтилмоқда.
Юртимизга қайтарилган аёллардан бирининг турмуш ўртоғи, бошқа бирининг отаси қуролли тўқнашувларда аянчли ўлим топган.
Оқибатда ҳали болалик бахтини ҳис қилмаган болаларнинг кўпчилиги оталаридан айрилган, баъзилари эса чин етим бўлиб қолган. Антисанитар ҳолатда, очарчиликда, тиббий ёрдам ва бошқа хизматлар бўлмаган қийин шароитда ҳаёт кечирган бу аёллар ва болаларни давлатимиз ўз ҳимоясига олди. Айни қиш фаслини ҳисобга олиб, уларни Суриядан олиб келиш учун мамлакатимиздан янги иссиқ кийим-кечак ва бошқа зарур нарсалар олиб борилган.
Эри ёки отаси туфайли тақдирнинг аччиқ қисматига дучор бўлган бу аёллар ҳамда болаларни эндиликда қариндош-уруғлари ва маҳалла-куй ўз бағрига олади.
“Меҳр-1” ва “Меҳр-2” гуманитар операциялари давомида 220 нафар аёл ва болалар мамлакатимизга қайтарилган бўлса, қўшни Афғонистон ҳудудида қийин аҳволда қолган 100 га яқин ватандошимиз ҳам олиб келинди.
Шунингдек, хорижий мамлакатлардаги фуқароларимизнинг мавжуд муаммоларини тезкор ва ижобий ҳал этиш, уларга амалий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ҳамда Ватанимизга қайтариш борасида жорий йилда зарур чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, пандемия даврида 500 мингдан зиёд Ўзбекистон фуқароси юртимизга олиб келинди.