«Ўзбекнефтгаз» тизимида талон-тарожликлар авж олмоқда, дебиторлик қарздорлик кескин ошиб бормоқда, минглаб тонна бензин ва дизел ёқилғилари ноқонуний сотилмоқда, бензин нархи эса ана шу коррупцион схема туфайли кун сайин кўтарилмоқда.
Одатда коррупцияга мойил бўлган ташкилот ва тузилмаларда раҳбарлар қанча тез алмашгани билан вазият ўзгариши нима учундир жуда суст кечади. Янги амалдорлар ҳам мавжуд вазиятга кўникади ёки тизимда жамоатчилик билмайдиган яна қандайдир сир синоат бор. Амалдаги раҳбарлар аҳолига тизимни қанчалик жозибадор кўрсатишга уринмасин, аслида ич-ичидан таназзулга ботиб бораётганини билиш учун унча катта салоҳият ҳам шарт эмас.
Ўзбекистонда 2021 йил бошида АИ-80 бензин нархи 4000 сўм эди. Июль ойига келиб 6000 сўмга кўтарилиб олди. Бу – 7 ой ичида бензин нархи 50 фоизга кўтарилди, дегани.
Нарх кўтарилишининг сабабларини иқтисодчилар турли сабаблар билан изоҳлаши мумкин. Бензин нархининг кўтарилишига яна бир яққол кўриниб турган омил борки, буни тан олмасликнинг иложи йўқ. Яъни “Ўзбекнефтгаз” тизимидаги талон-тарожликлар.
Бу талон-тарожликлар “Ўзбекнефтгаз” АЖда ўтказилган йиғилишда ҳам айнан қайта ва қайта тилга олинди.
Нефть базалари томонидан истеъмолчиларга етказиб берилган маҳсулотлар бўйича дебитор қарздорлик жорий йилнинг 1 август ҳолатига 171,9 млрд. сўмни ташкил этган.
Жумладан, қишлоқ хўжалиги корхоналари бўйича - 96,5 млрд. сўм, тизим корхоналари бўйича - 9,8 млрд. сўм ва бошқа истеъмолчилар бўйича – 65,6 млрд. сўм дебиторлик қарздорлик мавжуд.
Биргина Жиззах нефть базаси дебиторлик қарзларининг деярли 50% қисми умидсиз деб топилган.
Бундан ташқари, Андижон нефть базаси томонидан АИ-80 автобензиндан 245 тонна, ЭКО русумли дизель ёнилғисидан 1,4 минг тонна, Бухоро нефть базаси томонидан ЭКО русумли дизель ёнилғисидан 567 тонна, Фарғона нефть базаси томонидан АИ-80 автобензиндан 470 тонна, АИ-91 автобензиндан 127 тонна, ЭКО русумли дизель ёнилғисидан 1 133 тонна сотиб юборилган.
“Ўзбекнефтгаз” тизимидаги бундай ҳолатларнинг замирида талон-тарожликлар, ўғирликлар, коррупцион схеманинг бир маромда ишлаётгандадан ҳам дарак беради.