ЁХУД аҳолини электр энергиясиз жон сақлашга мажбур қилаётган тизим раҳбарияти ва эксперт кенгаши аъзолари пул санаш билан оворами?
***
Оддий ишчиларнинг маоши етарли бўлмай, зўрға кун кўраётган бир пайтда, раис ва раис ўринбосарларининг 30 млн. сўмдан юқори маош олишини қандай тушуниш мумкин?
Эксперт комиссия ва кузатув кенгаши аъзолари ҳар йили бир марта 200-300 млн. сўм алоҳида пул мукофотлари олишлари ҳам таъкидланган.
Rost24.uz ахборот сайти “Ҳудудий электр тармоқлари” раиси Улуғбек Мустафоевга ташкилот раҳбарияти маошлари давлат сири сирасига кирмаслигини эслатади...
***
Сайтимизга аҳолини электр токи билан таъминлаётган “Ҳудудий электр тармоқлари” акционерлик жамияти вакилларидан кетма кет маълумотлар келиб тушмоқда. Унда акционерлик жамиятида туну кун меҳнатда бўлган оддий ишчининг маоши 1.5-2 миллион сўм атрофида экани, раис ва унинг ўринбосарлари маоши эса 30 миллион сўм, бўлим бошлиқлари 12 млн. сўм экани айтилади.
Жамият ишчилари маошлар ораси кескин тафоввут борлиги, ишчилар меҳнатига яраша етарли маош олмаслиги бўйича шикоят қилганлар. Шунингдек, мурожаатчининг таъкидлашича, эксперт комиссия ва кузатув кенгаши аъзолари ҳар йили бир марта 200-300 млн. сўм алоҳида пул мукофотлари олишларини ҳам таъкидлаган. Ишга янги келганларга эса синов муддати сифатида узоқ муддатгача маош тўланмайди.
Ишчиларнинг маоши етарли бўлмай, зўрға кун кўраётган бир пайтда, раис ва раис ўринбосарларининг 30 млн. сўмдан ортиқ ойлик маош олишини қандай тушуниш мумкин?
Қолаверса, “Ҳудудий электр тармоқлари” акционерлик жамияти кўпинча Ўзбекистондаги электр кабелларининг етарли даражада янгиланмагани ва бунга маблағ етишмаслигини баҳона қилиб турганда, эксперт комиссия ва кузатув кенгаши аъзолари ҳар йили 200-300 млн. сўмдан алоҳида пул олишлари кишини ҳайрон қолдиради.
Аҳолини қаҳратон қишда совуқ, жазирама ёзда иссиқда аранг жон сақлашга мажбур қилаётган “Ҳудудий электр тармоқлари” акционерлик жамияти раислари ва эксперт аъзолари пул санаш билан оворами?
Таҳририят “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ маошлар ҳақидаги маълумот ва ҳужжатларга эга бўлгач, уни текшириш мақсадида акционерлик жамияти матбуот хизматига мурожаат қилди. Матбуот хизмати эса Ўзбекистонда электр етказиш бўйича монопол бўлган ташкилот раҳбарияти маошини сир тутишини, бу маълумотни беришга раҳбарият рухсат бермаганини маълум қилди.
Rost24.uz ахборот сайти “Ҳудудий электр тармоқлари” раиси Улуғбек Мустафоевга ташкилот раҳбарияти маошлари давлат сири сирасига кирмаслигини эслатган ҳолда, маълумотларга очиқлик киритишини сўраб қолади.