ПСЖ, “Манчестер Сити”, “Бавария”, “Ювентус”, “Челси”, “МЮ” ва “Интер” клублари "совчи" қўйди.
2021 йил спорт тарихида муҳим воқеалар билан ёдда қоладиган бўлди. Кечиктирилган Европа чемпионати ва Олимпиада ўйинлари, энди бўлса футболнинг тирик афсонаси Леонель Мессининг 18 йиллик фаолиятидан сўнг “Барселона”дан расман кетганлиги барчани шок ҳолатига туширди.
Хабарларга қараганда, Месси ва “Барселона” янги шартнома бўйича бир тўхтамга кела олмаган. Қолаверса, Испания Футбол Федерацияси қўйган тақиқларга кўра, “Барса” юлдузига ўзи хоҳлаган маошни бера олмайди. Шу тариқа Леонинг Каталониядаги 18 йиллик “эртаги” ниҳоясига етди. У “Барселона” либосида барча расмий мусобақаларда 778 ўйин ўтказиб, 672 гол ва 305 голли узатма амалга оширишдан ташқари 35 та турли мусобақалар бош совринига эга чиққан. Ҳар қандай футболчи бундай натижани орзу қилиши аниқ.
Хўш, энди аргентиналик футбол “сеҳргари” карьерасини қайси клубда давом эттиради? Аллақачон бир нечта номдор клублар Мессининг агентлари билан алоқага чиққанлиги айтилмоқда. Унинг янги мавсумдан қайси клубда ўйнаши мумкинлиги борасида тўхталиб ўтамиз.
ПСЖ
Араб шайхларига тегишли бўлган Париж жамоаси ҳозирда Леони қўлга киритишда фаворид бўлиб турибди. Чемпионлар Лигасини ютишни мақсад қилган ПСЖ янги мавсум олдидан ўз сафини Серхио Рамос, Вейналдум, Жанлуиджи Доннарума ва Ашраф Хакими каби номдор футболчилар билан тўлдирди. Агарда Мессини қўшиб олса парижликлар сайёрамизнинг энг кучли клубларидан бирига айланади. Қолаверса, клуб футболчи хоҳлаётган маошни ҳам қийинчиликсиз тўлай олади. Бундан ташқари жамоа сафида Мессининг “Барселона”даги яқин ўртоғи Неймар ҳам тўп сурмоқда. Бу омиллар футболчининг Франция пойтахтига кўчиб ўтишига туртки бўлиши мумкин.
“Манчестер Сити”
Араблар эгалик қиладиган яна бир клуб – “Манчестер Сити” ҳам қаҳрамонимиз учун курашда етакчилардан бири сифатида эътироф этилмоқда. “Шаҳарликлар” учун ҳам аргентиналикнинг маоши катта муаммо эмас. Боз устига, ҳозирда “Сити”ни Мессининг “Барса”даги собиқ устози Хосеп Гвардиола бошқаради. Улар ҳалигача яхши муносабатда эканлигини ижтимоий тармоқлар орқали билиб турибмиз.
Бироқ масаланинг иккинчи томони ҳам бор, яқиндагина “Манчестер Сити” “Астон Вилла” ярим ҳимоячиси Жек Грилишни 100 миллион фунт стерлингга сотиб олганлигини расман эълон қилди. Бундан ташқари, улар Англия терма жамоаси ҳужумчиси Харри Кейннинг трансфери борасида ҳам деярли келишувга эришган. Агарда “Тоттенхэм” ҳужумчиси “Сити”га ўтса Леонинг Манчестерда фаолиятини давом эттириши бир мунча қийинлашади. Ёки “шаҳарликлар” Месси учун Кейндан воз кечишларига тўғри келади.
“Бавария”
Германиянинг энг номдор клуби Месси хоҳлаётган йиллик 30 миллион еврони тўлашга тайёр. Айнан мюнхенликларга ҳозирда қаҳрамонимиздек ўйинни бошқарадиган футболчи керак. Аммо аргентиналикнинг ўзи Германия чемпионатида тўп суришни хоҳлармикан? Тўғри, “Бавария” Европанинг энг кучли жамоаларидан ҳисобланади. Бироқ Германия чемпионати савияси жиҳатидан Испаниядан анча паст.
“Ювентус”
Криштиану Роналду ва Мессининг бир клуб сафида ўйнашини тасаввур қилиб кўринга?! Леонинг “Ювентус”га ўтиш имкониятлари бир оз пастроқ, аммо ҳаётда нималар бўлмайди. Деярли бутун фаолияти давомида бир-бири билан ашаддий рақобатчи бўлган ҳозирги футболнинг икки юлдузи янги мавсумдан жамоадош бўлиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.
Шунингдек, олти карра “Олтин тўп” соҳиби билан “Челси”, “Манчестер Юнайтед” ва “Интер” клублари ҳам музокараларни бошлаб юборди. Бироқ футболчи “Барселона” мухлислари билан хайрлашмасдан Каталонияни тарк этмаслигини таъкидлаб ўтди.
Ориф БАҲРИЕВ