Зоминга ким ўт қўйди? Улкан ёнғин ҳокимга тегишли дачадан чиққани айтилмоқда

06.08.2021 13:40

“Ёнғин чиққан жой қўриқхона ҳудуди бўлиб, у ерда ҳар ким ҳам қурилиш ишлари олиб боришга ёки ердан ўзи истаганича фойдаланишга қодир эмас. Асосан вилоят ёки туман катталарига тегишли объектлар, дам олиш масканлари бор. Ўша кунги ёнғин Зомин тумани ҳокимининг укасига тегишли дачада (аслида ҳокимнинг дала ҳовлиси, дейилмоқда) пайвандлаш ишлари олиб борилиши вақтидаги эҳтиётсизлик оқибатида ўрмонга аланга ўтиб кетган."

 

Зомин тоғларидаги ўрмон ёнғини сабаблари ҳозирча жамоатчиликка ошкор қилинмади. Аммо, Kun.uz таҳририяти ушбу воқеа ҳодисаларга яқин тафсилотларни турли манбалар асосида эълон қилди.

 

***
 

1 август куни тушга яқин Зомин тумани “Дуоба” МФЙ Ўриклисой қишлоғидаги дала майдонида ёнғин содир бўлган эди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати дастлаб ёнғин жойига 4 та ёнғин-қутқарув бўлинмаси ҳамда 24 нафар шахсий таркибдан иборат бўлинмалар етиб боргани, ёнғинни ўраб олиш ишлари бошланганини маълум қилганди.

Кейинроқ ёнғин ҳудуди кенгайиб кетишининг олдини олиш ва уни бутунлай ўчириш учун ФВВдан яна қўшимча 350 дан ортиқ шахсий таркиб, Мудофаа вазирлигидан 4 та вертолёт, шунингдек, Миллий гвардия, Ички ишлар, Давлат экология қўмитаси ва бошқа ташкилотларнинг куч ва воситалари жалб этилганди.

Ёнғин оқибатида 80 гектар майдондаги ўсимлик ва дов-дарахтлар ёниб кетгани, ўша куни соат 18:20 да хавф батамом бартараф этилгани айтилди.

Аммо ҳалигача расмий манбалар ёнғин келиб чиқиш сабаби ва табиатга етган зарар миқдори ҳақида аниқ маълумот бермади.

Kun.uz'га етиб келган маълумотда ёнғин Жиззах вилояти ҳокимининг ўғли ёки Зомин тумани ҳокимининг укасининг номида бўлган дала ҳовлида олиб борилаётган қурилиш (пайвандлаш ишлари) вақтида келиб чиққани айтилади.

“Ёнғин чиққан жой қўриқхона ҳудуди бўлиб, у ерда ҳар ким ҳам қурилиш ишлари олиб боришга ёки ердан ўзи истаганича фойдаланишга қодир эмас. Асосан вилоят ёки туман катталарига тегишли объектлар, дам олиш масканлари бор. Ўша кунги ёнғин Зомин тумани ҳокимининг укасига тегишли дачада (аслида ҳокимнинг дала ҳовлиси, дейилмоқда) пайвандлаш ишлари олиб борилиши вақтидаги эҳтиётсизлик оқибатида ўрмонга аланга ўтиб кетган.

Дала ҳовлининг шундоққина ўрмонга туташ эканига гувоҳ бўлиш мумкин. Пайвандлаш вақтида бир нечта уста йигитлар ва маҳаллий аҳоли ҳам ўша жойда бўлган. Усталарни ИИБ ходимлари сўроқ қилиш учун олиб кетишган”, дейди манба.

Таҳририятга тақдим қилинган суратларда ҳақиқатан ҳам дала ҳовлининг бир қисмида пайвандлаш ишлари олиб борилгани ва у ҳудуд ўрмонга жуда яқин жойлашганини кўриш мумкин. Бу дала ҳовлининг геологик харитасида ҳам кўриниб турибди.

Жиззах вилояти прокуратураси ахборот хизматига кўра, 1 август куни эрталаб Ўриклисой дам олиш маскани ҳудудида ёнғин келиб чиққани оқибатида дастлабки маълумотларга кўра Зомин миллий табиат боғидаги 4 гектар ер майдонларида арча ва бошқа ўсимликлар ёниб нобуд бўлган. Ҳозирда ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Прокуратура дала ҳовли вилоят ёки туман ҳокимининг қариндошига тегишли бўлиши мумкинлиги тўғрисидаги саволга жавоб бера олмаслигини билдирди.

Жиззах вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Акмал Биноқулов Зомин туманида Эргаш Салиев ёки унинг ўғлининг дала ҳовлиси мавжуд эмаслигини билдирди.

Kun.uz мухбири Зомин тумани ҳокимлиги ахборот хизмати ходими Ўразали Бердибеков билан телефон орқали боғланишга уриниб кўрди. Телефонни кўтарган Ў.Бердибековнинг турмуш ўртоғи бироздан сўнг у кишининг ўзи қайта боғланишини айтди. Аммо ҳозирга қадар Бердибеков билан боғлана олмадик.

Расмийлардан очиқ қолаётган саволлар, хусусан, суратдаги дала ҳовлининг Зомин тумани ҳокими Алишер Абдуғаниевга нечоғлик алоқадорлиги, умуман, ўрмонга етказилган зарар ва унинг асл сабаби ҳақида изоҳ кутиб қоламиз.

Исомиддин Пўлатов

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
3
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
08.08.2021 11:06
Uzr, hozirgi davrda maqol o'zgargan : "... kaltakni doktor, o'qituvchi, MIB xodimi yeydi"
08.08.2021 11:00
O'sha gap: Holvani hokim yeydi, ...
07.08.2021 22:20
Eskidan qolgan hikmat:"Holvani hokim yeydi,kaltakni yetim".