Ёхуд Коррупцияга қарши курашиш агентлиги иккинчи Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Акмал Бурхонов эса иккинчи Акмал Саидов бўлиб қолмаслиги керак
Ўзбекистонда коррупцияга кескин зарба бериш ниятида тузилган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги вазирлик ва идоралар билан кетма-кет ҳамкорлик қилишни бошлабди. Қудратли ташкилотлар билан «Коррупцияга қарши курашишда ўзаро ҳамкорлик тўғрисида» Меморандум имзолаб келмоқда.
Шу ўринда тушунарсиз бир савол туғилади. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги коррупция нисбатан кўпроқ илдиз отган ташкилотлар билан қандай меморандум имзолаши мумкин. Мисол учун Божхона қўмитаси билан шартнома имзолашнинг ўзи не-не мақсадда тузилган агентликнинг обрўйини тушириб қўймасмикин?
Аслида ҳар қандай ташкилотдан хоҳлаган ҳужжатини талаб қилиб олиш ҳуқуқига эга бўлган агентлик коррупция ботқоғига ботган ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишининг ўзи кулгили хол эмасми?
Фикрларимни нотўғри талқин қилишга йўйишингиз ҳам мумкин. Аммо агентлик ташкилотлар билан қанча ҳужжат имзоламасин, бари бир ҳеч қайси амалдор мен коррупцияга қўл урдим деб мардонавор чиқиб келмайди. Аниқроғи, ҳеч бир амалдорни ҳеч қандай ҳужжат НАФС чангалидан чиқариб ололмайди.
Коррупцияга қақшатқич зарбалар бериши керак бўлган агентлик илтимоснома кўтариб коррупциянинг олдига бориб туришини қандай изоҳлаш мумкин?
Аслида қамчисидан қон томиб туриши шарт бўлган қудратли ташкилот кимларнингдир эшигининг олдида сарғайиб туриши давлатимизнинг келажагига ҳам таъсири ўтказмасдан қолмайди.
Тарих ва дунё тажрибасидан маълумки, коррупцияга қарши курашилади. Коррупция билан келишилмайди, ҳамкорлик борасида битим тузилмайди.
Биз эса ўзимизга хос услубдан ҳали ҳам ажрала олмаяпмиз. Коррупцияга қарши курашиш ҳафталиги, ёки ойлигини ўтказиб баланд парвоз ва жозибадор гапларни гапирамиз.
Коррупцияга қарши курашиш ҳафталиги ёки ойлигини белгилаш ҳам муаммога ечим бўла олмайди. Тасаввур қилинг, коррупцияга курашиш ойлиги тугади. Бу – “коррупцияни яна давом эттираверса бўлади” дегани эмасми, мабодо. Қанча ҳаракат қилмайин, бари бир бошқача тушуниб бўлмаяпти
Коррупцияга қарши курашиш мавзусида ўтказиладиган давра суҳбатлари ҳам кўзбўямачилик ёки ҳисобдорликдан бошқа нарса эмас. Биз чорак аср мобайнида шундай давра суҳбатлари билан ўзимизни ўзимиз алдаб келдик. Энди эса стол атрофида гурунг қилиб ўтирмасдан порахўрларга қарши курашадиган вақт бўлди.
1996 йил тузилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий марказини ёдга олинг. Унга топширилган ваколат ва масъулиятлар Коррупцияга қарши курашиш агентлигидан ҳам қудратли эди. Аммо бу марказ ҳуқуқи поймол бўлган оддий халққа эмас, аксинча, поймол қилувчи амалдорларга мослашиб, улар манфаати йўлида жииимгина ўтирди.
Айтмоқчи бўлганим, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги иккинчи Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Акмал Бурхонов эса иккинчи Акмал Саидов бўлиб қолмаслиги лозим. (Уларнинг исми бир хил бўлиши тасодифдир, аммо масъулиятли ишига қарашлари ўхшаш бўлиб қолмайди деган умиддамиз.)
Тўғри, тизимда ишлар кетяпти, коррупционерлар қўлга олиняпти. Аммо уларнинг жазоланиши ҳам са-ал ўхшамай турибди, назаримда. Яъни амалдорлар коррупцияга қўл ургани учун эмас, аксинча коррупцияни уддалай олмай қўлга тушиб қолгани учун жазоланмоқда.
Чунки қонунларимиз ҳам коррупциянинг олдини олишга эмас, “ўхшата олмаганлар”ни жазолашга мослашган.
Ш.ОТАБОЕВ, журналист