COVID-19: Хусусий ўқув марказлари, ресторан, ва "тўйчи"лар карантинда қандай жон сақлаб қолди?

03.08.2021 15:05

Шу кунларда коронавирус авж олаётгани ва тиббиёт бу юкни кўтара олмаётгани сабабли яна карантин кучайтирилиши керак дейдиганлар сафи ортмоқда. Хўш агар карантин қоидалари кучайса, ҳамма соҳа вакиллари ҳам инқироз вазиятига тайёрми? Ўтган йили карантин сабаб жиддий зиён кўрган тармоқлар ҳануз фойда кўролмаётгани ҳақида гапираётган бир вақтда, уларнинг манфаатларини ким ҳимоя қилади?

Ўтган йили дунёдаги деярли барча давлатлар иқтисодиётига коронавирус пандемияси жиддий таъсир кўрсатди. Пандемия Ўзбекистон иқтисодиётининг ривожланишига ҳам тўсиқлар қўйди. Турли тармоқлар қаторида, рестораторлик, сифатли таълим юкини кўтаришиб келаётган хусусий ўқув муассасалари, шунингдек, юртимиздаги асосий ва таъбир жоиз бўлса энг кенг кўламли тармоқлардан бири бўлган тўй бизнесига алоқадор бўлган минглаб ишчилар бу вақтда умуман даромад манбаисиз қолди.

Rost24.uz мухбири бир неча соҳа вакиллари билан суҳбатда бўлиб улар инқироздан қандай чиқиб кета олгани ҳақида қизиқди.

Дастлабки суҳбатдошимиз, миллий таомларимизнинг энг моҳир усталаридан бири сифатида эътироф этилувчи Баҳриддин Чустий. У Фарғона водийси, Наманган вилояти, Чуст шаҳрида таваллуд топган. «Oshxona.uz» бренди остидаги умумий овқатланиш тармоғи: «Oshxona.uz» (Тошкент, Наманган), Chustiy’s Cuisine, Tez Food кафеларига эгалик қилувчи машҳур ошпаз кўплаб таниқли давлат арбоблари, сиёсатчилар учун ўзбек миллий таомларини тайёрлаб берган, турли халқаро танловларнинг бир неча бор ғолиби. 

2020 йилнинг сентябр ойида Баҳриддин Чустийни 70 фоизли сатурация билан касалхонадан чиқариб юбормоқчи бўлишгани, аммо унинг аҳволи оғир эканлиги ҳақида хабарлар тарқалганди. Кенг жамоатчилик унинг соғлиги учун қайғурди. Бир неча кунлик муолажалардан сўнг унинг соғлиги яхшилангани ҳақида хабар берилганди.

Биринчи босқич ўтди, кейин иккинчи босқич бошланди ва бу давр қийин бўлди

Карантин бошланган вақтда ростини айтаман, жуда узоқ чўзилмаса керак деб ўйлагандим. Чунки ундан олдин жуда тиғиз ишлагандик ва мен баҳонада бир ойча дам олсак керак деб ўйлагандим, дейди Баҳриддин Чустий 

Бахтга қарши пандемия даври бир неча ой ва ҳаттоки йилларга ҳам чўзилди. Биринчи босқич ўтди, кейин иккинчи босқич бошланди ва бу давр қийин бўлди. Минг шукрки ҳар томонлама қўллаб қувватлашлар ҳам бўлди ўша пайтда. Мени хурсанд бўладиганим, биринчиси бу ҳукумат томонидан умумий овқатланиш соҳасига турли хил солиқлардан озод қилиниши бўлса, иккинчиси тушунадиган ижарага берувчи жой эгалари баъзи жойларда умуман тўлов олмаганлиги бўлди. Айрим ёпилиб кетган жойлар ҳам бор, уларда жойни эгалари даромадни топсанг топмасанг ижарани тўла деб тургани сабабли аксарият жойлар ёпилиб кетди. Бизда иккала томондан ҳам яхшилик бўлгани боис қийинчилик билан бўлсада чиқиб олдик инқироздан. Иккинчи босқичнинг иккинчи ярмида мени ўзим беморлигим туфайли кўп нарсалардан бехабар қолдим. Икки ой даволаниш жараёни кечди ва шундан кейин чиққанимизда ҳаёт ўз ўзанига тушиб олган эди.

 – Касалликдан олинган хулосалар...

Асосий хулоса, ИВЛ яъни нафас олдирувчи маска таққандан кўра тиббий маска таққан афзал деган хулосага келдим. Мен ўз тажрибамда уни фойдасини синаб кўрдим.

– Қайси рестораторлар кўпроқ зарар кўрди?

Суҳбатдошимиз, рестораторларни икки тоифага ажратиши, улардан бири овқат пишириб сотишни бизнес деб қарайдиганлар, иккинчи тоифадагилар эса ўзлари ошпаз, яъни таом тайёрлашни санъат сифатида, касб сифатида қарайдиганлар бўлишини айтади. Биринчи тоифа карантин вақтида ўз бизнесини шунчаки бошқа тармоққа алмаштиришган. Иккинчи тоифа яъни ошпазларнинг ўзига бундан кўра қийинроқ бўлган, улар ўз ишини сақлаб қолиш устида бош қотирган.

–  Онлайн хизматини йўлга қўйдик, лекин ундан даромад олиш эмас, ходимларни сақлаб қолиш, оёқда қолиш учунгина фойдаландик. Карантин даврида даромад кўрмадик, дейди Чустий.

– Чустийни муваффақият сири нимада?

– Биринчиси бу бошқаларга нисбатан ижтимоий тармоқларда олдинроқ фаолият бошлаганимиз бўлса, иккинчиси бироз ноодатий тарзда фикрлаганимиз, ўзбек ошхонасининг вакили сифатида бошқалардан фарқли, ҳеч ким қўлламаган усуллардан фойдаланганимиз, ва албатта ота онамизни дуосидадир.

Аммамни ўғли билан ишни бошлагандик, Наманганда биринчи ошхонамизни очганимизда. 10 минг доллардан пул қўшиб, яна қарз ҳам олиб очгандик. Ўз-ўзидан эришмадик бу кунларга, бир неча марта тушишлар бўлди яна қаддимизни кўтариб давом этдик ва бу кунларга етиб келдик...

Баҳриддин Чустийнинг режалари кўп, у айнан ўзбек ошхонасининг ўзига хос жиҳатларини мужассам этган лойиҳаларни кўпайтириш ниятида.

* * * 

Шаҳзод Баҳодиров, 1997 йил 12 декабрда Ғиждувон туманида туғилган.“Thompson school” нодавлат таълим муассасаси асосчиси ва директори.

Уни кўпчлик Harry Thompson сифатида танийди. Сингапур менежментни ривожлантириш инс­титутига қабул қилинганидан сўнг у ўқиш баробарида пойтахтдаги энг нуфузли ўқув марказла­ридан бирида дарс бера бошлади. Иккинчи курсдан бошлаб, ўқишнинг шартнома пулини ўзи тўлайди. Институтда дарс соат 9:00 да бошланса, у эрталаб 7:30 дан то 8:30 гача дарс берар, кейин институтдаги дарсига борар, дарс тугагач, яна ўқув марказига йўл оларди. Бугун у 24 ёшда ва ўнлаб кучли ўқитувчиларни ўзида жамлаган йирик ўқув марказлари тармоғи раҳбари саналади.

“Бизни ўлдирмаган нарса, бизни кучли қилади”

– Карантин ҳақидаги хабарни эшитишим билан биринчи қилган ишим ишга келиб одамларни тинчлантириш бўлган, деди "Thompson" мактаби асосчиси - ёш тадбиркор Шаҳзод Баходиров. Қоидаларга бўйсунган ҳолда ўқув курсларини ёпдик ва бу ҳақида ўқувчиларимизга хабар бердик. ЗУУМ платформаси орқали ўқишларни онлайнга ўтказишга ҳаракат қилдик. Унда бу дастур бизда жуда оммабоп эмасди, зудлик билан ўқитувчиларга уни ўргатишни бошладик. Биз шу билан бир қаторда видеодарсларни яратиш устида ишларни бошладик. Карантингача ойига 10000 доллар даромад кўраётган бўлсак, карантинда бу нолга тушди. Мен фақат ишчиларимизни сақлаб қолиш устида ишладим. Бошланишида видеодарслар, китоблар сотдик. Ҳар бир китобдан бир икки минг қоларди ва уни ҳам ишчиларга ойлик сифатида бериб турдик. Августь ойида китобни сотиб олганларга ўқув курсларини бепул тақдим қилишга қарор қилдим ва бу яхши даромад берди. Карантин бўлсада августь ойида 6000 доллар фойда қила олдим. Сентябрь ойида биз "минус" ҳолида ишладик. Бугунги кунда айтишим мумкинки, фаолиятимиз барқарорлашди.

Кўпчилик кичкина ўқув марказлари ёпилиб кетди, қайсидирлари каттароқларига қўшилди. Лекин, янгиликлар ҳам жорий этилди. Ижтимоий тармоқларга ўтишди. Масалан, тўлиқ онлайнга ўтган ўқув марказлари бўлди. Карантин пайтида қийин бўлди деймиз, бизни ўлдирмаган нарса бизни кучли қилади, дейишади, Биз карантинда даромад эмас, бизнесни қутқариш устида ишладик. Шуни биз эпладик, лекин кўпчилик уни эплай олмади...

– Карантин даврида хусусий таълим муассасаларига давлатдан ёрдам бўлдими?

Шаҳзод Баҳодировнинг қайд этишича, карантин даврида ёрдам бўлмаган. Фақат давлат жойларини ижарага олганларгагина қандайдир имтиёзлар бўлган, лекин хусусий жойдан ижарага олганлар даромад бўлмасада тўловларни тўлашга мажбур бўлишган.

Мен давлатдан ҳеч нарса кутмайман...

– Кўпчилик ёшлар айтади, давлат менга субсидия берсин ёки қандайдир имтиёз берсин деб. Давлат қилиши керак менга дейди. Мен ишни бошлаётганимда 19 ёшда эдим. Отам банкрот бўлганди. 40 минг АҚШ доллари қарзимиз бор эди, қолаверса ижарада турардик. Ўшанда бир ўқув марказида ишлардим, ўз ишимни очишга мажбур бўлдим, чунки отамга ёрдам беришим керак эди. Хўш мен давлатдан ёрдам кутиб туришим керакмиди? Йўқ. Мен 19 ёшда ўз ғояларимга отамни дўстини ишонтирдим ва 20 минг доллар қарз олдим. Филиалим тайёр бўлганда 60 минг долларга яқин қарз бор эди. Бунча пулни кредит сифатида ола олармидим, йўқ. Қанча ҳужжат, гаров, кафолат керак бўларди. Давлатни вазифаси ёшларга билим, кўникма бериш ва шароит яратиб берса ҳамма нарсани ёшларни ўзи қилади. Нолийдиган ёшга 100 минг доллар кредит берсангиз ҳам ҳеч нарса қилолмайди.

Шаҳзоднинг ҳозирда лойиҳаларига йирик сармоядорлар ҳам қизиқиш билдирмоқда. Томпсон мактаблари сони эса ортиб бормоқда. Яқин йилларда республиканинг турли ҳудудларида ҳам бу каби курслар очилиш эҳтимолдан ҳоли эмас.

* * * 

Биз ҳимоясиз эдик, давлат иши бари бир яхши экан...

Ўзбекистонда карантингача бўлган даврда энг даромадли бизнес йўналишларидан бири тўй бизнеси эди. Бир тўйнинг ортидан юзлаб киши рўзғор тебратарди. Ош дамлаган ошпаздан тортиб, тўйда қўшиқ куйлаган хонандагача, фотографлар, гулчилар, тўйхона эгалари, ошпазлар... Хуллас, катта индустрия десак адашмаймиз. Карантин даврида айни шу соҳада хизмат кўрсатувчилар ҳолати ҳам ҳавас қиларлик даражада эмасди. 30 кишилик тўйларнинг ўтказилгани тўй эгаларига анча иқтисодий наф келтирган бўлса, тўй ортидан кун кечирганлар учун инқироз даври бўлди.

Нишон Абдувоитов ҳам ёш бўлсада, тўйларни тасвирга олиш бўйича тажрибаси катта.

– Карантин видеочилар учун жудаям оғир келди, дейди тасвирчи Нишон Абдувоитов. – Тўйлар йўқ, айнан шу юмуш ортидан даромад кўрувчилар қийин аҳволда қолди. Бошқа қиладиган иш йўқ. Бошқа даромад йўқ, фақат тўйлар ортидан пул топамиз. Вазиятдан чиқишга ҳаракат қилдим. Давлат корхонасига ишга ўтдим. Давлат идорасидан ойлик олиб секин ўзимга келиб олдим. Менку иш топдим лекин, бир видеочи дўстим бор эди. У жуда қийналди.

Карантингача ўртача видеостудиялар 20 миллион 30 миллионгача даромад қиларди. Мен ўртача 10 миллионгача ойига олардим. Карантинда буни ҳаммаси тўхтади. Инқирозни енгиш учун сайтларга видеолар қилиб бердим.

Давлат идоралари ишласа ишламаса ўз ходимларига пул берди, хусусийдагилар эса йўқ.

Нишон Абдувоитовнинг айтишича, давлат корхоналари ўз ходимларини қайсидир маънода ҳимоя қилди. Хусусий студияларга эса ҳеч қандай имтиёз ва ёрдам бўлмади, улар ўз муаммолари билан қолиб кетишган.

* * * 

Эслатиб ўтамиз, Молия вазирлиги маълумотларига кўра, ойлик маошидан солиқ тўлайдиганлар сони жорий йилда 4,64 млн. нафарга етди. Бу 2020 йил май ойига нисбатан (4,1 миллион) 486,6 минг кишига кўпдир. Лекин, бу ишга лаёқатли аҳоли қатламининг учдан бирини ҳам ташкил этмайди. Бу улар ишламаётгани эмас, расмийлаштиришсиз ишлайдиган аҳоли сони расман ишлаётганларникидан анча кўплигини билдиради. Айнан шундай ишчилар карантин даврида кўпроқ зиён кўргани айтилмоқда.

 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
6
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар